Қирғизистон тақиқи ва қиммат ем: Ўзбекистон гўшт бозорини нима қутқаради?

    • Author, Davron Hotam
    • Role, Qirg‘iziston
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қирғизистон ҳукумати 9 мартдан бошлаб қорамол, йилқи ва қўй-эчки экспортига қўйилган тақиқни яна ярим йилга чўзди. Бу қарор Ўзбекистон гўшт бозорига бевосита таъсир қилади — мамлакат йиллар давомида қорамолни асосан қўшни давлатдан олиб келган.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Қирғизистондан мол экспортининг 98 фоизи айнан Ўзбекистонга тўғри келган.

Қорамол экспортига тақиқ дастлаб ўтган йилнинг августида, Қирғизистоннинг ўзида гўшт нархи кескин ошиб кетган пайтда жорий этилган эди.

Тақиқ кучга кирганидан сўнг Ўзбекистоннинг қорамол импорти 11 минг бошга тушган.

Бир йил ичида ўн баробардан ортиқ камайишнинг оқибати бозорда ҳам сезилиб, 2026 йил январида қўй гўшти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,2 фоизга, суяксиз мол гўшти эса 25 фоизга қимматлашган.

Марказий банк ўз ҳисоботида савдо ҳамкорлар томонидан қўйилган чекловларни нарх ошишининг асосий омилларидан бири сифатида тасдиқлади.

Импорт харажатлари икки баробарга ошди

Қирғизистон тақиқи кучга кирганидан сўнг Ўзбекистон гўшт импортини кескин оширди.

Нарх ошиши фақат маҳаллий гўштда эмас — импорт маҳсулотларида ҳам қайд этилмоқда.

Президент Мирзиёевнинг феврал ойидаги йиғилишда маълум қилишича, январдаги умумий инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган, шундан 13 фоизи айнан гўшт нарх ошишидан иборат.

Божхона қўмитасининг 2026 йил январ-феврал маълумотларига кўра, икки ой ичида мамлакатга 156,9 миллион долларлик гўшт маҳсулотлари олиб келинди — 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 89,2 миллион доллар эди.

Мол гўшти импорти 17,3 минг тоннадан 25,9 минг тоннага ошди, харажат эса 68,3 миллион доллардан 120 миллион долларга чиқди.

Қўй гўшти бўйича эса олиб келинган миқдор деярли ўзгармаган — 3,3–3,4 минг тонна — аммо унга тўланаётган нарх 3,4 миллиондан 8,1 миллион долларга ошган.

Муқобил манбалар етарлими?

Қирғизистон ўрнига Ўзбекистон Қозоғистондан кўпроқ гўшт олмоқда, бироқ у ерда ҳам вазият барқарор эмас.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ербол Тасжуреков 6 март куни ўтказилган брифингда Ўзбекистондаги нархлар баландлиги сабаб қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини кўпроқ хорижга чиқараётганини айтди.

Бу эса Қозоғистоннинг ўз бозорида ҳам нарх ошишига олиб келмоқда.

"Яқин давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга экспортимиз катта. У ердаги нархлар бизнинг ички бозоримиздагидан баландроқ", — деган у.

Гўшт эҳтиёжини қоплаш чораси сифатида Ўзбекистон Мўғулистондан 100 минг бош қорамол олиб келишни режалаштирмоқда.

2025 йил августидан 2027 йил декабригача ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қопланади, қўшилган қиймат солиғи тўлови эса фоизсиз кечиктирилади.

Аммо олиб келинган молларни маҳаллий шароитда кўпайтириб, бозорга етказиш президент қарорига кўра 2029 йилгача давом этади.

Ўзбекистонда гўшт нега қиммат? У қачон арзон бўлади? Видеони томоша қилиш учун илова қилинган линкни босинг.

Асл муаммо — ички ишлаб чиқарувчида

Ўзбекистонда гўштнинг 81,3 фоизини деҳқон ва томорқа хўжаликлари етказиб беради.

Айнан шу хўжаликларда ишлаб чиқариш 2025 йилда 1,9 фоизга қисқарди. Бир йил аввал эса 4,1 фоизга ошган эди.

Чорвадорларнинг айтишича, яйловлар қисқариб, ерлар фермерларга бўлиб берилгач, мол боқиш фақат қиммат ем-хашакка боғланиб қолган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, охирги етти ой ичида беда 80 фоизга, маккажўхори силоси қарийб икки баробарга, буғдой 59 фоизга қимматлаган.

Битта мол бир ойда 800 минг сўмлик ем ейди — бундай харажат билан майда хўжалик учун фойда қолмайди.

Натижа бозорда кўринади. Тошкентнинг Чорсу бозорида йиллар давомида гўшт харид қилиб келган Карим бобо: "Маҳаллий гўштни 140 минг деяпти. Қаердан оламиз уни? Бола-чақага қандай едирамиз?" — дейди.

Ўзбекистонда энг кам ойлик маош 1 271 000 сўм — бу маошга маҳаллий мол гўштидан бор-йўғи 9–10 килограмм олиш мумкин.