You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Мирзиёев халқ дардига кўпроқ қулоқ тутмоқчи - Видео
2016 йил кузида Ўзбекистонда фаолиятини бошлаган халқ қабулхоналари Президент Шавкат Мирзиёевнинг оддий ўзбекистонликлар муаммоларини тинглаш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадини кўзлаган дастлабки ҳаракатларидан бири бўлди.
Кейнроқ Бош вазир қабулхоналари Президент қабулхоналарига ўзгартирилди, ҳокимлару вазирлар оддий одамлар билан юзма-юз кўришадиган бўлдилар.
Ислом Каримов бошқаруви йилларида ўз мушкулликларини ҳал этишда давлатга умид қилмай қўйган ўзбекистонликлар ҳокимият халқ дардига қулоқ тутиши мумкинлигини ўз кўзлари билан кўрдилар.
Ҳоким ва ҳокимликлар очилди, вазирлар ва ҳокимлар "Халқаро Пресс-Клуб" жонли эфирида саволларга жавоб бера бошладилар, маҳаллий раҳбарлар очиқ ҳавода шикоятчиларни қабул қиладиган бўлдилар.
Расман бугун ҳам қайси вазир, ҳоким ё раҳбарнинг кун тартибига қарасангиз, ҳафтанинг муайян кунларида шахсан қабул вақтлари ёзилганини кўришингиз мумкин, аммо афтидан, охирги вақтга келиб анча-мунча раҳбарлар учун бу қабул кунлари номигагина ёзилган эълонларга айланиб қолди.
Бундай хулосага Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 13 март куни ўтказган ҳукумат мажлисидан кейин келиш мумкин.
"Халқимиз оғирини енгил қилиш, уни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳалла даражасида ишлайдиган тизим яратилди. Жорий йилда ҳам маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда. Давлатимиз раҳбари шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтараётган масалаларга ҳамма жойда ҳам ўз вақтида ечим топиб берилмаётганини кўрсатиб ўтди", деб хабар беради president.uz веб-сайти.
Бундан кейин Ўзбекистондаги ҳар бир раҳбар олдига битта шиор қўйилди:
"Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак".
"Президентимиз аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг жорий ҳолатини таҳлил қилди.
Мамлакатимизда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келмоқда. Бироқ бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.
Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа ҳудудларга нисбатан икки баробар юқори экани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, республика бўйича мурожаатлар сони 16 фоизга камайган бўлса-да, Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари ва Наманган шаҳрида мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 50 фоизгача ошгани кўрсатиб ўтилди", дея хабар беради ЎзА ахборот агентлиги.
"Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан "номига" гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юргани танқид қилинди", деб ёзди агентлик.
Ёмон статистикаси раҳбарига етишидан қўрқадиган амалдорлар
Бошқа оммавий ахборот воситалари сингари Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририятига, бизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга ўзбекистонлик ўқувчиларимиздан кўплаб мурожаатлар, шикоятлар келиб туради.
Бу мурожаатларда кўпинча мамлакат масъул органларига кўп бора ёзилган ариза, шикоятлари эътиборсиз қолгани, фақат "отписка" ёзиб қутулиш мақсадидаги жавоблар олганлари ва ўз дарду ҳолларини ҳеч ким эшитмаганидан кейин Би-би-сига мурожаат қилаётганларини айтадилар оддий одамлар.
Биз таҳририятимизга келиб тушган мурожаатлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, туман даражасидаги раҳбарлар ўз ҳудуди ёки соҳасига алоқадор кичкина салбий маълумот ҳам юқори раҳбариятга етиб боришини истамайдилар.
"Агар бу хабар тарқалса, гап эшитишимиз, ҳатто лавозимдан айрилишимиз мумкин", деб ўйлайдилар.
Мисол учун, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги, халқ таълими, тиббиёт, маҳаллалар билан, ёшлар билан ишлаш учун масъул бўлган раҳбарлар, ҳуқуқ-тартибот органларини 2025 йил 12 сентябри куни бир мактаб ўқувчиси бўлган қиз ўзини ўзи пичоқлагани ҳодисаси ларзага солади.
Қизнинг онаси Манзура Зокированинг Би-би-сига айтишича, маҳаллий раҳбарлар ўз жонига қасд ҳодисаси ҳақидаги хабар юқори орган раҳбарларига етиб бормаслигини истаганлар, жиноятчилик, ёшлар, хотин-қизлар, маориф ва тиббиётга масъуллар туман статистикаси "ёмонлашиши" олдини олишга интилганлар.
Манзура Зокированинг айтишича, 14 ёшли қизи ўз жонига қасд қилишига мактабда ўқитувчисининг ноҳақдан кўпчилик олдида ҳақорат қилиб қизининг иззат-нафсига теккани сабаб бўлган.
Айрим раҳбарлар Манзура Зокировани "руҳий беқарор", сабаб-бесабаб шикоят қилаверадиган аёл деб биладилар, шунинг учун ҳам унинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирадилар.
Унинг "нега қизимни ўз жонига қасд қилишгача олиб борган ўқитувчига чора кўрилмади" деган саволига мутасадди идоралардан келган жавобларда "онаси руҳан беқарор" деган жавобни кўриш мумкин.
Манзура Зокирова ўзи ва қизига муносабат ҳамон носоғлом эканини айтади.
"Сенга гапиришга ҳам қўрқиб қолдик, дер экан ўқитувчилар", дейди Манзура Зокирова.
Ери кўп дегани ўзига тўқ деганими?
Фарғона вилояти Учкўприк тумани яшовчиси Равшан Тожибоевнинг Би-би-сига айтишича, кадастр идораси ўзига тегишли ҳовлини 17 сотих деб расмийлаштирган.
Равшан Тожибоев ногирон, у оиласини камбағаллар рўйхатига киритишни, болаларига ёрдам нафақаси олишни истайди.
Аммо у яшайдиган маҳалла раҳбарияти, "17.5 сотих ери бор, хотини чет элга чиқиб кетгани учун ёрдам олувчилар рўйхатидан чиқарилди" деб ҳисобот берган.
Равшан Тожибоев айтишича, кадастр идораси ерни ошириб ёзган, аслида ерининг майдони 14 сотих.
Унинг айтишича, ер 17 сотих эмаслигини ижтимоий ҳимоя масъуллари келиб ўлчаб кетиб тасдиқлашган.
Равшан Тожибоев сўзларига кўра, у турли масъул ташкилотларга мурожаат қилган.
Ўзбекистон Президенти маъмуриятига қилган мурожаатларига "фақат қоғозбозлик жавоб" хатлари олаяпман, дейди Равшан Тожибоев.
Зуҳра Насритдиновани зўравон собиқ эридан ким ҳимоя қилади?
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида яшайдиган Зуҳра Насритдинованинг шикояти собиқ эрининг устидан.
Зуҳра Насритдинова айтишича, собиқ турмуш ўртоғи қамалиб чиққанидан кейин уни қийноқларга сола бошлаган.
"Кўп вақт бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Мен ўз уйимда зўравонлик қурбони бўлдим", дейди Зуҳра Насритдинова.
У эри билан ажрашишга қарор қилади.
Аммо шу кунгача ҳам зўравон эрининг таъқибларидан, босимларидан қутулолмаган.
Зуҳра Насритдинова кўмак сўраб, турли идораларга мурожаат қилган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоевага мурожаатидан кейин ҳимоя ордери берилган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг