You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон ва дунё: Эрон уруши 2026 йилни оғир йилга айлантирадими?
Охирги йилларда ён-атрофдаги минтақаларга солиштирганда яхши иқтисодий ўсиш кузатилган Марказий Осиёга 2026 йилда қийин бўлиши мумкин деган башорат бермоқда Жаҳон Банки.
Уч мамлакат, уч хил муаммо — аммо сабаб битта: Туркманистонда картошка нархи уч баробар қимматлади, Қирғизистонда деҳқон ўғит тополмаяпти, Ўзбекистонда тадбиркор юкини Европага юборишнинг янги йўлини қидирмоқда. Буларнинг барчаси Ҳўрмуз бўғозидаги инқирознинг минтақага етиб келган таъсири.
Жаҳон банкининг апрел ойи бошида эълон қилган ҳисоботига кўра, Яқин Шарқдаги можаро, геосиёсий кескинлик ва савдо алоқаларининг бузилиши сабабли Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш сезиларли даражада секинлашиши мумкин.
Жаҳон Банки таҳлилларига кўра, Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2024 йили 5, 8 фоиз, 2025 йилда эса 7 фоизни ташкил этди, бу сўнгги 14 йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлди.
Иқтисодий ўсиш реал даромадларнинг ўсиши, пул ўтказмаларининг кўпайиши ва истеъмол кредитларининг кенгайиши туфайли уй хўжаликларининг барқарор истеъмоли билан таъминланди.
"Олтин нархининг юқорилиги, инвестицион фаоллик, аҳоли даромадларининг ўсиши, кредитлаш кенгайиши ва давом этаётган тузилмавий ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда ўсиш 2025 йилда 7,7 фоизгача тезлашди (2024-йилдаги 6, 7 фоиздан). Пул ўтказмалари ҳажми тахминан 37 фоизга ошиб, 18, 9 миллиард долларга етди (ЯИМнинг қарийб 13 фоизи), бунда ўтказмаларнинг 78 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келди", дейди Жаҳон Банки.
Жаҳон Банки 2026 йили иқтисодий ўсиш секинлашади деб кутмоқда.
Банк жорий йилда Ўзбекистон 6, 4 фоиз, Тожикистон 6, 5 фоиз, Қирғизистон 6, 1% ўсиши мумкин, деб ҳисоблайди.
"Марказий Осиё мамлакатлари Россиядаги иқтисодий ўсишнинг секинлашувининг салбий таъсирини ҳис қилишлари мумкин, бироқ олтин нархининг юқорилиги бу таъсирни қисман юмшатиши мумкин. Шу билан бирга, инфратузилмага, айниқса транспорт ва энергетикага катта инвестициялар, эҳтимол, субминтақада иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давом этади", дея прогноз беради Жаҳон Банки.
Банкнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассанининг ифодасига кўра, "бир қанча мамлакатлар табиий газ, нефт ва ўғитлар импортига боғлиқ бўлгани сабабли, минтақанинг барқарорлиги синовдан ўтишда давом этмоқда. Кўпгина мамлакатларда инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар талаб этилади, бунда асосий эътибор аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилишга қаратилиши лозим".
Ўзбекистон: қимматлашган йўл ва унинг оқибатлари
Ўзбекистонда мамлакатнинг денгиз йўлларига чиқиш имкониятлари чеклангани мамлакат мустақиллиги дастлабки йилларидан муҳокама қилинади ва энг осон йўл Покистон ва Эрон бандаргоҳларига чиқиш экани айтилиб, охирги йилларда ана шу йўналишдаги лойиҳаларга қўл урилган.
Эрон урушининг таъсири Ўзбекистонга логистика ва савдо харажатлари орқали сезилаётгани хабар қилинаяпти.
Ушбу масала Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан берилган ахборотда ҳам кўтарилди.
Хабар қилинишича, геосиёсий вазият туфайли ўзбек товарларини Европага жўнатиш икки баробар қимматлашиб, мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигига тўғридан-тўғри таъсир қилмоқда.
Расмий маълумотларга қараганда, йилнинг биринчи икки ойида иқтисодиёт яхши кўрсаткичлар намойиш этиб, саноат 7,7 фоизга, хизматлар 15,4 фоизга ўсган. Экспорт 3,5 миллиард долларга, жалб қилинган хорижий инвестиция эса 8,3 миллиард долларга етган.
Аммо президент айнан ушбу ижобий рақамлар фонида ўз хавоторини билдириб, бу рақамлар сабаб ҳеч ким хотиржам бўлиб қолмаслиги кераклигини айтган.
Туркманистон: қўшни давлатдаги уруш бозор нархларини қандай ўзгартирди?
Туркманистон — Марказий Осиёда Эрон билан бевосита қуруқлик чегарасига эга ягона давлат. Шу сабабли Яқин Шарқдаги кескинлик иқтисодий жиҳатдан энг аввало Ашхобод бозорларида акс этмоқда. Бироқ Туркманистоннинг дунё учун ёпиқлиги ва ахборот олиш чеклангани боис, ҳудуддан келаётган маълумотларни мустақил манбалар орқали тўлиқ текшириш имкони йўқ.
Turkmen.news нашрининг Туркманистондаги қурилиш соҳасидаги манбаларга таяниб хабар беришича, цемент, ёғоч, металл ва бошқа материаллар нархи ўртача 40 фоизга ошган. Қурилиш материалларининг бир қисми Бирлашган Араб Амирликларидан Эрон ҳудуди орқали транзит сифатида импорт қилинарди, шунинг учун нархлар ўсиши тадбиркорлар Грузия ва Озарбайжон орқали муқобил етказиб бериш йўлларини излашга мажбур бўлаётгани билан боғлиқ.
"Мамлакатнинг ички ишлаб чиқариш қувватлари бўлса-да, Туркманистон истеъмол бозори Эрон импортига қаттиқ боғланган. Маҳаллий аҳоли Эрон маҳсулотларини сифат жиҳатидан афзал кўради. Бундан ташқари, БААдан келадиган юкларнинг асосий қисми Эрон орқали транзит қилинган. Ушбу йўлнинг чекланиши тадбиркорларни Озарбайжон ва Грузия орқали қимматроқ маршрутларни танлашга мажбур қилмоқда", - деб ёзади Turkmen.news нашри.
Шунингдек, мақолада нархлар ошиши ва таъминотдаги узилишлар фонида Туркманистон ҳукумати вазиятни расман изоҳламаётгани, масалан 4 март куни ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида божхона тизимининг "режали ривожланиши" муҳокама қилинганига қарамай, чегарадаги инқироз ва бозорлардаги ҳолат тилга олинмагани ҳақида айтилган.
Жаҳон банкининг таҳлилига кўра, океан орқали дунёга чиқиш имкони бўлмаган ва ташқи транспорт алоқаларига тўлиқ боғлиқ Туркманистон бундай ташқи ўзгаришларга минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ таъсирланади.
Қирғизистон: ёнилғи ва ўғит танқислиги
Қирғизистон Нефт трейдерлари ассоциациясининг президенти, Қанат Эшатов "Биринчи радио"га берган интервьюсида мамлакатда нефт нархининг кўтарилиши Яқин Шаркдаги вазиятга боғлиқ эканини, агар вазият кескинлашса, мамлакатда ёнилғи нархида кескин ошиш кузатилиши мумкинлигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон ёнилғи сотиб оладиган Россиянинг ўзида нефть нархи охирги ўн уч йилдаги энг юқори даражага етган.
Унинг айтишича, ҳозирча Қирғизистонда кескин сакраш йўқ. Аммо захира тугагандан кейин вазият ўзгариши мумкин: ҳозирда бир долларга етмайдиган дизел нархи бир доллар ўн саккиз центга чиқиши эҳтимоли бор.
"Бизнинг компаниялар нархни имкон қадар барқарор ушлаб туришга ҳаракат қилишади, чунки бизда бир ярим ойлик захира мавжуд. Улар ёқилғиларни аралаштириб, ўртача нарх чиқаришади. Шу сабабли бизда кескин сакраш йўқ. Масалан, қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонда нархлар тез суръатлар билан кўтариляпти. Ҳозир Тожикистонда нарх биздагидан 20 сомга қиммат, Ўзбекистонда эса 10–12 сомга юқори", — дейди Эшатов.
Ёнилғи муаммоси билан бир вақтда Қирғизистонда баҳорги экин мавсумида ўғит етишмовчилиги ҳам юзага чиқди.
"Ақчабар" нашрининг қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олган маълумотларига кўра, мамлакатнинг бир мавсумлик ўғитга бўлган эҳтиёжи тахминан 182 минг тонна, шундан 96 минг тоннаси азотли ўғитлар. Асосий етказиб берувчи Ўзбекистон, ундан кейин Россия ва Қозоғистон туради. Бу алоқалар кўп йиллар давомида шаклланган ва мамлакат аграр сектори учун ишончли таянч бўлиб келган. Аммо бугун улар ҳам жаҳон бозорининг босимини ҳис қилмоқда.
Қирғизистон Эрондан тўғридан-тўғри ўғит сотиб олмайди, бироқ Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз билвосита мамлакат қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатган. Мутахасисларнинг тушунтиришича, бу ерда гап жаҳон бозоридаги ўғитнинг қайта тақсимланиши ҳақида кетмоқда.
"Ақчабар" нашрининг Кимёлаштириш департаменти директори ўринбосари Алмаз Алакуновга таяниб тушунтиришича, Ҳиндистон ва Хитой каби йирик истеъмолчилар Эрон йўналиши ёпилгач, бошқа муқобил етказиб берувчиларга юзланмоқда. Натижада жаҳон бозоридаги ўғитнинг катта қисми "йирик ўйинчилар" томонидан сотиб олиняпти. Бунинг оқибатида эса, Қирғизистон каби кичик бозорларга келиши керак бўлган маҳсулот оқими бошқа томонга бурилиб кетмоқда ва бу ички бозорда танқислик ҳамда нарх босимини юзага келтирмоқда.
26 март куни Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўғит импортчилари билан фавқулодда йиғилиш ўтказган. Унда асосий эътибор баҳорги дала ишлари қизғин паллада деҳқонларни маҳсулот билан узлуксиз таъминлашга қаратилган.
Бироқ ўғитни узоқ муддатга захира қилиб бўлмаслиги вазиятни мураккаблаштирмоқда. Уларнинг сақланиш муддати бор-йўғи 6 ой атрофида. Бу эса қишлоқ хўжалигини "вақтида етказиб бериш" тизимига тўлиқ боғлаб қўяди. Бугунги логистика инқирози шароитида эса бу боғлиқлик мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги учун энг заиф нуқтага айланди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари учун бу биринчи катта синов эмас.
Россиянинг Украинага бостириб кириши минтақа иқтисодига ҳам пул ўтказмалари, транзит йўллари ва энергия таъминоти масалаларида. жиддий таъсир кўрсатган эди. Ҳозирги Яқин Шарқ инқирози эса бу синовни янги босқичга олиб чиқди.