Ўзбекистон кучайса, Туркия ҳам кучаядими?

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Пойтахт Тошкентда янги баёнотлар янгради. Туркия НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати ва дунёдаги энг йирик туркий тилли мамлакат.

Ўзининг илғор қуруқлик, ҳаво ва денгиз салоҳияти ҳамда жадал ривожланаётган маҳаллий мудофаа саноати билан дунёнинг энг кучли ҳарбий қудратлари ўнталигига киргани айтилган давлат.

'Шериклик янада чуқурлашади'

'Ўзбекистон ва Туркиянинг ҳарбий соҳадаги шерикликни янада чуқурлаштириш борасидаги интилиши қатъий.'

Айни мазмундаги баёнот шу кунларда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда янгради.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёевга шахсан ҳисобот берди.

23 апрел кунги учрашувда Туркия Қуролли Кучларининг юқори мартабали вакили ҳам иштирок этгани айтилди.

Сўнгги янгилик Украина уруши ва дунёда кучайиб бораётган геосиёсий танглик манзарасида Ўзбекистон ўзининг мудофаа салоҳиятини янада кучайтириш, ўз Қуролли Кучларини модернизация қилиш ва ҳарбий доктринасини янгилаш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келди.

Мамлакат Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан лозим даражада таъминлаш – президент Мирзиёев диққат-эътиборидаги мавзу, масала экани кўрилади.

Ўзбекистон президентига кўра, "Армиянинг ҳарбий тайёргарлик даражаси, мамлакатга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфга қарши тура олиш имконияти бевосита худди шу нарсага боғлиқ".

Ўзбекистон айнан президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан Туркия билан ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорликни кучайтиришга киришган.

2017 йилнинг ўзидаёқ икки давлат мудофаа вазирликлари ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжат имзолашган.

Илк бор Туркия билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб, четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортишган.

2020 йилда эса Туркия Ўзбекистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик қилиш истагини расман баён қилган.

Айни мазмундаги баёнот ўшанда Туркия Миллий Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида янграган.

Турк Армияси генерали Ҳулуси Акар шахсан президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган.

Кенгайтирилган ҳарбий ҳамкорлик

Туркия томонининг бу ташрифи ва истаги минтақадаги геосиёсий рақобат ва танглик манзарасида ўша пайтда четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Сўнгги йилларда Туркиянинг қанчалик Яқин Шарқ ва постсовет ҳудудида ўзининг геосиёсий манфаатларининг парваришлаш ҳаракатида экани аксарият таҳлилчилар эътиборига тушган воқеълик бўлади.

Замонавий русумдаги қирувчи дронлари аллақачон минтақа давлатлари ҳарбий арсеналидан жой олиб ҳам бўлган.

Ўзбекистон эса ўзининг 40 миллионга яқин аҳолиси билан жаҳондаги энг йирик иккинчи туркий тилли давлат.

Постсовет маконидаги энг катта мусулмон мамлакат.

Туркия ҳам Ўзбекистон каби Россия Украина билан олиб бораётган уруш ва Яқин Шарқда кучайиб бораётган можароларга бефарқ эмас.

Тобора кескинлашиб бораётган тангликлардан ўзининг хавотирларини расман ва ошкора билдириб, уларга тинч йўл билан ечим топишга чақириб келади.

Россиянинг кучайиб бораётган империалистик амбициялари эса, сўнгги йилларда ҳатто халқаро миқёсда Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ хавотирларни ҳам пайдо қилган омилга айланган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон ва Туркиянинг ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш нияти дунёнинг иккита йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси сифатида кўрилувчи Хитой аксарият минтақа давлатларининг асосий савдо-иқтисодий шериги, кредитори ва сармоячисига айланиб бўлган бир вазиятда ҳам бўй кўрсатган.

Ўзбекистон, бундан ташқари, аксарият Марказий Осиё давлатлари каби ҳозир Толибон бошқаруви остида бўлган Афғонистонга ҳам чегарадош.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган ва Ўзбеклари илова турли жангари гуруҳлар жанг қилиб, бошпана топиб келган Афғонистондаги Толибон ҳукуматини эса ҳозирча фақат Россия расман тан олган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ўзбекистон ва Туркия

Туркия Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкори, стратегик шериги ва яқин иттифоқчиларидан саналади.

Айнан президент Режеп Таййип Эрдўған бошқаруви остидаги бугунги Туркия Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан Ўзбекистон ўзаро алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш ва мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган йирик геосиёсий, геоқтисодий ўйинчи давлат, ҳарбий қудратлардан бири.

Сўнгги йилларда бу икки қардош мамлакат стратегик шерикликларини янги бир даражага олиб чиқиш режасини изҳор этишган.

Икки ўртада тижорат ва эркин савдо битимини имзолаш, савдо айланмасини ҳам икки баробарга ошириш ниятини билдиришган.

Туркия дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ - НАТОнинг ягона мусулмон ва туркий тилли давлати бўлган тўлақонли аъзоси.

Айниқса, сўнгги йилларда минтақа учун дунёнинг глобал қуддатлари ўртасида кучайиб бораётган геосиёсий зиддият ва курашда мувозанат посангисида тош босиш салоҳияти, ўз сўзи ва ўз вазнига эга халқаро ўйинчи.

Жаҳоннинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатларидан биттаси.

BBC Ўзбек хизмати ҳали генерал Ҳулуси Акарнинг худди ўша ташрифи манзарасида Туркия томонининг Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш истаги нимани англатиши саволи билан етакчи минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилган. Ва қуйида ушбу таҳлилни эътиборингизга қайта ҳавола этади:

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

"Туркия сиёсий элитаси тафаккурида аъанавий шаклда туркий давлатларга алоҳида эътибор доим бор бўлган.

Ҳокимиятга Эрдўған келгач, туркий ва исломий ўзликларни мустаҳкам пайванд қилиш, демократик институтлар асосида Исломий зеҳният ва фаолликни кучайтириш кузатилди.

Шу сабаб, Туркия Марказий Осиёга ҳар доим алоҳида эътибор билан қараб келган.

Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, икки давлат алоқаларини қайта кўриб чиқиш ва ижобийлаштириш имконияти пайдо бўлди.

Икки томон ҳам олдинги хатолар ва совуқ муносабатлар такрорланишини истамайди.

Туркия туркий дунёнинг энг катта ва салоҳиятли вакили, Ўзбекистон эса, туркий давлатлар ҳамжамиятидаги иккинчи катта давлат.

Бунинг устига, Туркия ўзининг тарихий илдизларини англаган ҳолда, Ўзбекистонни "ота юрт", деб номлайди.

Бугунги ЕврОсиё қитъаси ва глобал геосиёсий вазият Туркияни ўзига қўшимча иттифоқчилар қидиришга ундайди.

Ғарбий Европа, араб давлатлари ва АҚШда "туркофобия" - Туркия давлати ва унинг амбицияларидан қўрқиш, хавотирланиш кучайиб бормоқда.

Эрдўғаннинг ташқи сиёсатдаги гиперфаоллиги жуда кўпчилик томонидан салбий қабул қилинади.

Бугун Туркия атрофида унга қарши бўлган салоҳиятли давлатлар иттифоқи шаклланиб бормоқда.

Шу сабаб, Туркия учун Марказий Осиё, Кавказ минтақаларидаги туркий давлатлар тимсолида реал ва фаол бўлган иттифоқчилар намоён бўлиши жуда муҳим.

Бу Туркияга туркий давлатлар коллектив овози спикери мақомини бериш салоҳиятига эга.

Айни пайтда, Марказий Осиёдаги геосиёсий ва хавфсизлик масалалари кейинги йилларда анча таранглашган.

Орада Россия президенти Владимир Путин томонидан, "Совет Иттифоқидан улкан рус ерларини олиб чиқиб кетган давлатлар бор" экани мазмунида айтилган ҳудудий таъна сўзлари Қозоғистонда жуда оғир қабул қилинди.

Лекин расмий Остона имкон қадар совуққонликни сақлаш ва юқоридаги гап бамисоли энг аввало унга қаратилмагандек қиёфа қилишга уринди.

Қолаверса, Марказий Осиё давлатларидаги Хитой қарзлари, сармоялари улуши ниҳоятда тез ўсиб бормоқда.

Пекин бугун минтақанинг энг асосий сармоячиси, қарз берувчиси, биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори.

Марказий Осиё геосиёсий жиҳатдан Россия босимини ҳар доим ҳис қилган ва бу ҳолат ҳали анча вақт сақланиб қолади.

Геоиқтисодий жиҳатдан эса, Пекиннинг босими шиддат билан ошиб бормоқда.

Мана шу фонда, Марказий Осиё минтақасининг икки ўзак давлати - Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳар доимгидан кўра ҳам кўпроқ ташқи муносабатларни янада тақсимлаш, хавфсизлик ва мудофаа масалаларида ишончли ҳамкорлик чораларини излаши тайин.

Туркия ўзининг туркийлигига алоҳида урғу бериб, дунёвий бошқарув асосидаги мусулмон давлат сифатида юқори иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик тараққиётини намоён қилар экан, бу Тошкент ва Остона учун фақат ижобий имкониятлар эшиги сифатида кўрилиши табиий.

Сурия, Ливия ва Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ минтақасидаги ҳарбий операциялар шуни кўрсатдики, бугунги Туркия янги ҳарбий ва хавфсизлик технологиялари борасида Россия каби қудратли давлатлардан илдамлаган ютуқлари мавжуд.

Бу ҳолат Тошкент ва Остона учун Туркия хавфсизлик ва мудофаа тизимини тезроқ ва кенгроқ ўрганиш, ўзлаштиришга йўналиш беради.

Туркия ҳам бу борада Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши Анқаранинг узоқ муддатли стратегик манфаатларига тўғри келишини англайди.

Агар минтақа давлатлари ўзларининг геосиёсий ва сиёсий мустақилликларини йўқотадиган бўлишса, энг аввало Туркия ўзининг табиий иттифоқчилари, улкан туркий ҳудуд ва халқларни йўқотиши бўлишини яхши билади.

Хулоса қилиш мумкинки, Туркия Миллий Мудофаа вазирининг ташрифи икки тарафлама манфаатларни тўлиқ ифодалаб, минтақа давлатларининг мудофаасини мустаҳкамлашга қаратилган.

Айни пайтда, Туркиянинг минтақамизда икки тарафлама муносабатлар доирасида фаоллашуви энг аввало Россияда анча совуқ ва жиддий бир рашк билан қаршиланиши эҳтимоли юқори.

Лекин, Кремль шуни ҳам тушунадики, бу муносабатлар - минтақа давлатларининг икки тарафлама муносабати ҳисобланади, лекин коллектив эмас, блок кўринишига эга эмас.

Марказий Осиё минтақасида Туркия билан ҳарбий-сиёсий платформа, блок мавжуд эмас ва бу яқин орада шундай ташкилотлар шаклланиши эҳтимоли ҳам кўзга ташланмайди.

Иккинчидан, бу муносабатлар замирида фақат мудофаа мақсадлари ётади, лекин асло ташқи дунёга тажовуз эмас.

Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатларининг Туркия билан ҳарбий ва хавфсизлик борасидаги ҳамкорлиги на Россия ва на Хитойни қўрқитади.

Чунки бу давлатлар, ҳарбий салоҳиятига кўра, дунёнинг иккинчи ва учинчи қудратли давлатлари ҳисобланишади.

Айни пайтда, на Ўзбекистон, айниқса, Қозоғистон ёки минтақанинг бошқа давлатлари, Туркия билан қанчалик ишончли ҳамкорлик қилишмасин, Россия билан муносабатлар мустаҳкамлигича қолаверади.

Туркия билан алоқалар Москвага қарши ёки у билан алоқаларни узиш, деб талқин қилинмайди."