You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Симсиз қулоқчинлар қанчалик зарарсиз?
Ҳозир мусиқа ва подкастларни интернет орқали тинглаш имконияти шу қадар кенгки, қулоқчинлар оммалашуви ажабланарли эмас.
Statista маълумотлар компаниясига кўра, фақат Буюк Британиянинг ўзида уларга ҳар йили бир миллиард фунт стерлинг атрофида сарфланади, айниқса, симсиз қулоқчинларга талаб юқори.
Кўпчилик фойдаланувчилар бу қулоқчинларни ёқтирса-да, ижтимоий тармоқларда уларнинг соғлиққа эҳтимолий хавфлари ҳақида хавотирлар ҳам пайдо бўлди.
BBC Bitesize'нинг "Танганинг бошқа томони" рукни бу хавотирларни чуқурроқ ўрганиб, фактларни уйдирмалардан ажратишга ҳаракат қилди.
Симсиз қулоқчинлар хавфсизми?
Симсиз қулоқчинларда (хоҳ қулоқ устига кийиладиган, хоҳ қулоқ ичига киргизиладиган бўлсин) телефонларимизга уланиш учун Bluetooth технологиясидан фойдаланилади.
Бу электромагнит майдон билан боғлиқ бўлиб, баъзилар бу миямизга зарар етказиши мумкин деб ўйлайди.
Симсиз қулоқчинлар ва уларнинг эҳтимолий хавфлари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилган.
Улар радиочастотали радиация деб аталадиган нурланиш турини чиқаради, бу инсонга зарар етказиши мумкин бўлган нурланиш даражасидан анча паст частотада ишлайди.
2019 йилда Cancer Research UK ташкилоти Bluetooth қулоқчинлари зарар етказиши мумкинлиги ҳақида етарли далиллар йўқлигини ва катта гуруҳларда ўтказилган тадқиқотлар саратон хавфи ошишига ҳеч қандай алоқани аниқламаганини таъкидлади.
Бироқ, 2025 йилга келиб ҳам, симсиз қулоқчинларнинг соғлиғимизга таъсири бўйича тадқиқотлар давом этмоқда.
Қиммат қулоқчинлар яхшироқми?
Шовқин босувчи қулоқчинлар нисбатан янги ихтиро ҳисобланади.
Уларда махсус дастурий таъминот бўлиб, у телевизор ёки итнинг ҳуриши каби ташқи шовқинларни йўқотади ва фойдаланувчига фақат битта товушга эътибор қаратиш имконини беради.
Уларнинг нархи 50 фунт стерлингдан 100 фунт стерлинг ва ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
"Which?" журнали экспертлар жамоаси турли хил маҳсулотларнинг кўплаб маркаларини ва моделларини синовдан ўтказди ва 50 фунт стерлинг атрофида турадиган қулоқчинлар ҳам шовқинни яхши камайтириши мумкинлигини аниқлади.
Шунинг учун қимматга олиш шарт эмас, лекин қанча сарфлаш ҳар кимнинг ўзининг ихтиёрида.
Шовқинни сўндирувчи қулоқчинлар эшитиш қобилиятимизни ҳимоя қиладими?
"Танганинг бошқа томони" рукни Британия Аудиология академияси президенти Клер Бентон билан шовқин босувчи қулоқчинлар ҳақида батафсил суҳбатлашди. Клернинг тушунтиришича, улар одамларнинг эшитиш қобилиятини ҳимоя қилишга ёрдам беради, чунки бир товушга эътибор қаратиш ва бошқа барча товушларни ўчириш орқали, уни баланд овозда тинглашга ҳожат қолмайди.
"Барибир яхши эшитиш гигиенасига риоя қилишингиз керак, – дейди Клер. – Қулоқларингизга тинглашдан дам беринг, ҳар қандай ҳолатда ҳам овоз баландлиги хавфсиз даражада бўлсин, чунки уни баландлатиш истаги ҳали ҳам бор. Баъзи одамлар баланд овозли мусиқани жуда яхши кўради, лекин уни узоқ вақт давомида тинглаш жуда хавфли эканлигини биламиз. [Расмий] қоидаларга кўра, эшитиш қобилиятини ҳимоя қилмасдан, саккиз соат давомида саксон беш децибел (дб) хавфсиз ҳисобланади."
Саксон беш дб – катта тирбандлик ёки ошхона блендеридан чиқадиган шовқинга тенг. Клернинг айтишича, агар сиз атиги уч дб баландроқ овозда тингласангиз, хавфсиз тинглаш вақти бирданига саккиз соатдан тўрт соатга қисқаради.
Клер қўшимча қилди: "Агар ташқи шовқинга тез чалғийдиган ёки фон шовқинни ёқтирмайдиган одам бўлсангиз, шовқинни босувчи қулоқчинлар шовқинли жойларда ўзингизни хотиржам ҳис қилишингиз учун ёрдам беради.
"Агар шовқинни камайтирувчи қулоқчинлардан ҳаддан ташқари кўп фойдалансак, бу эшитиш қобилиятимизда ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинми, деган саволлар пайдо бўла бошлади. Эҳтимол, шовқин босувчи қулоқчинларни жуда узоқ вақт тақиб юриш, шовқин ичида одамлар гапини тушуниш қобилиятингизни бузиши мумкин, аммо бу ҳозирча шунчаки тахмин".
Қулоқчин ва қулоқ тиқинларининг фарқи нимада?
Шовқин босувчи қулоқчинлар товуш даражасини пасайтириш учун қулай, лекин концерт ёки мусиқа фестивали каби жонли тадбирлар учун қулай эмас. Бироқ, бу каби тадбирларда ҳам қулоқларингизни асрашингиз керак ва қулоқ тиқинлари (ear plugs) бунга яхши ечим бўлиши мумкин.
Қироллик Карлар миллий институти (RNID) тадқиқотлари кўрсатишича, 18 ёшдан 28 ёшгача бўлган одамларнинг 58 фоизи баланд мусиқадан кейин эшитиш қобилиятининг йўқолиши ёки эшитиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Кўп ҳолларда бу таъсир узоқ давом этмайди, аммо бундай шовқинли муҳитларга қулоқларимизни доимий дучор қилиш узоқ муддатли зарар етказиши мумкин. Фестивалларда оммалашиб бораётган қулоқ тиқинлари товушни пасайтириб ўтказади. Бу эса, агар баланд шовқиндан безовта бўлсангиз, бундай тадбирларда қатнашишни осонлаштириши мумкин.
Қулоқ тиқинлари самарали ишлайдими?
Ҳа, қулоқ тиқинлари самарали ишлайди. Ҳатто энг арзон кўпикли тиқинлар ҳам ташқи товуш ва қулоқ йўли ўртасида тўсиқ яратади, аммо уларни киритиш ва олиб ташлашда эҳтиёт бўлиш керак.
Ўртача мусиқа фестивалида товуш 90 дб дан 100 дб гача бўлади, инсон қулоғи эса 80 дб дан ортиқ бўлмаган товушни узоқ вақт давомида хавфсиз тинглаши мумкин.
Аудиолог Саира Ҳусайн BBC Sounds Sliced Bread подкастида қулоқ тиқинлари ҳақида шундай деди: "Соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан қаралса, одамларда эшитиш қобилиятини шовқиндан ҳимоя қилиш ҳақида хабардорлик ошгани мени қувонтиради. Шунинг учун, албатта, фестивалга борганда қулоқларни ҳимоя қиладиган восита бўлиши шарт."
Sliced Bread дастурида иштирок этган Тревор Кокс Салфорд Университетининг акустик муҳандислик профессоридир. Унинг айтишича, агар қулоқ тиқини сотиб олаётган бўлсангиз, қанча децибел пасайтиришига қараб танлаган маъқул. Бироқ дейди у: "Мен уларни кўриб текширмасдан туриб сотиб олмайман, чунки улар қўлимга тегмагунча қандай ишлашини билмайман."