Сунъий интеллект бизни ақлий дангаса қилиб қўйиши мумкин – экспертлар нега хавотирда?

    • Author, Jorj Sandeman
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сунъий интеллект чатботидан охирги марта нимани сўраганингизни эслайсизми?

Эҳтимол, мураккаб масала юзасидан ёзаётган иншонгиз тузилишини, катта маълумотлар тўпламини чуқур таҳлил қилишни ёки мотивацион хатингиз иш тавсифига мос келишини текширишни сўрагандирсиз.

Баъзи мутахассислар бундай вазифаларни сунъий интеллектга топшириш миямизни дангаса қилиб қўйиши, ҳатто танқидий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларимизга зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда.

Шу йил бошида Массачусетс Технология институти (MIT) ўтказган тадқиқот кўрсатдики, ChatGPT ёрдамида иншо ёзган одамларнинг когнитив кўникмалар билан боғлиқ мия қисмларида фаоллик пасайган.

Чатботлардан фойдаланган иштирокчилар ўз иншоларидан иқтибос келтиришда чатботдан фойдаланмаганларга қараганда кўпроқ қийналган.

Тадқиқотчилар мазкур натижалар одамларда "ўрганиш кўникмалари пасайиши эҳтимолини тадқиқ этиш муҳимлигини кўрсатади" деб таъкидлашди.

Тадқиқотда қатнашган 54 нафар иштирокчининг барчаси MIT ва атрофдаги университетлардан жалб қилинган. Уларнинг мия фаолияти электроэнцефалография (ЭЭГ) усули билан ўрганилган, бунда бош терисига электродлар жойлаштирилган.

Иштирокчилар сунъий интеллектдан иншо саволларини умумлаштириш, манбаларни топиш, грамматика ва услубни яхшилаш каби мақсадларда фойдаланган.

Шунингдек, ғояларни яратиш ва ифодалаш учун ҳам қўлланилган, аммо баъзи фойдаланувчилар сунъий интеллектнинг бу борадаги қобилияти унча юқори эмаслигини айтишди.

"Сунъий интеллект жавоб топишни ҳаддан ташқари осонлаштиради"

Бошқа бир тадқиқотда Карнеги Меллон университети ва Copilot тизимини бошқарадиган Microsoft компанияси одамлар сунъий интеллектга ҳаддан ташқари боғланиб қолса, уларнинг муаммони ҳал қилиш қобилияти пасайиши мумкинлигини аниқлади.

Улар ҳафтада камида бир марта ишда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланадиган 319 нафар "оқ ёқали" ходим ўртасида сўров ўтказиб, уларнинг танқидий фикрлаш усулларини ўрганишди.

Сунъий интеллектга берилган 900 та вазифа намунаси таҳлил қилинди. Бу вазифалар янги маълумотлар олиш учун таҳлил ўтказишдан тортиб, иш маълум талабларга жавоб беришини текширишгача бўлган турли топшириқларни ўз ичига олган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, сунъий интеллектнинг вазифани бажара олишига бўлган ишонч қанчалик юқори бўлса, танқидий фикрлаш даражаси шунчалик паст бўлган.

"Генератив сунъий интеллект ходимлар самарадорлигини ошириши мумкин, бироқ у ишга танқидий ёндашувни сусайтириши ва узоқ муддатда воситага ҳаддан ортиқ боғланиб қолиш ҳамда муаммоларни мустақил ҳал қилиш кўникмалари пасайишига олиб келиши мумкин."

Буюк Британиядаги мактаб ўқувчилари орасида ўтказилиб, Оксфорд университети нашриёти (OUP) ) томонидан ўтган йил октябр ойида нашр этилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳар ўнта ўқувчидан олтитаси сунъий интеллект уларнинг ўқишдаги кўникмаларига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлашган. .

Хўш, сунъий интеллектдан фойдаланиш кенг тарқалиши бизнинг когнитив кўникмаларимизни пасайтириши мумкинми?

OUP'нинг генератив сунъий интеллект бўйича мутахассиси, мактаб сўровномасида иштирок этган доктор Александра Томескуга кўра, бу муқаррар оқибат эмас.

"Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, ҳар ўнта ўқувчидан тўққизтаси сунъий интеллект уларга мактаб иши билан боғлиқ камида битта кўникмани ривожлантиришга ёрдам берганини айтади – бу муаммоларни ҳал қилиш, ижодкорлик ёки матнни тузатиш бўлиши мумкин.

Аммо шу билан бирга, тўртдан бир қисми сунъий интеллект уларнинг ишини ҳаддан ташқари осонлаштириб қўйганини таъкидлашади... Демак, бу жуда мураккаб манзара."

У кўпчилик ўқувчилар сунъий интеллектдан қандай фойдаланиш бўйича кўпроқ йўл-йўриқ олишни хоҳлашини қўшимча қилади.

Сэм Алтманнинг айтишича, ҳафтасига 800 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчига эга бўлган ChatGPT талабаларга технологиядан максимал даражада фойдаланишга ёрдам бериш учун 100 та кўрсатмадан иборат тўплам эълон қилди.

Бироқ Лондон Университети коллежида (UCL) сунъий интеллект ва таълим бўйича танқидий тадқиқотлар олиб бораётган профессор Уэйн Ҳолмснинг фикрича, бу етарли эмас.

У ўқувчиларга сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни тавсия қилишдан олдин, уларнинг таълимга таъсири борасида кўпроқ академик тадқиқотлар ўтказилиши кераклигини таъкидлайди.

У шундай дейди: "Бугунги кунда бу воситаларнинг таълимдаги самарадорлиги, хавфсизлиги ёки ҳатто ижобий таъсири ҳақида кенг кўламли мустақил далиллар мавжуд эмас."

Яхшироқ натижалар, аммо ёмонроқ таълим?

Профессор Ҳолмс когнитив атрофия бўйича тадқиқотларга эътибор қаратади. Бу ҳолатда сунъий интеллектдан фойдалангандан сўнг одамнинг қобилият ва кўникмалари ёмонлашади.

Унинг айтишича, бу муаммо рентгенологлар орасида кузатилган. Улар беморларга ташхис қўйишдан олдин рентген тасвирларини шарҳлашда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишган.

Ўтган йили Ҳарвард Тиббиёт мактаби чоп этган тадқиқот шуни кўрсатдики, сунъий интеллект ёрдами баъзи шифокорларнинг иш фаолиятини яхшилаган, аммо бошқаларга тадқиқотчилар ҳали тўлиқ тушунмаган сабабларга кўра зарар етказган.

Муаллифлар сунъий интеллектнинг миямизга таъсири устида кўпроқ тадқиқот ўтказиш зарурлигини таъкидлашди. Бу орқали "инсон фаолиятига зарар етказиш ўрнига, уни яхшилайдиган" сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш усулларини аниқлаш мумкин.

Профессор Ҳолмснинг фикрича, ўқувчилар мактабда ёки университетда бўлишидан қатъи назар, сунъий интеллектга ҳаддан ташқари боғланиб қолиши, натижада таълим орқали шакллантириладиган асосий кўникмалар ривожланмай қолиши хавфи мавжуд.

Ўқувчининг иншоси сунъий интеллект ёрдами билан яхшироқ баҳо олиши, аммо муаммо шундаки, ўқувчи мавзуни яхши тушунмай қолиши мумкин.

Профессор Ҳолмс айтганидек: "Уларнинг натижалари яхшироқ, лекин ўрганишлари ёмонлашмоқда."

ChatGPT'ни яратган OpenAI компаниясида халқаро таълим бўлимига раҳбарлик қилаётган ва Оксфорд университети билан келишувга эришишга ҳисса қўшган Жайна Девани компания "ҳозирги кундаги бу мунозарадан жуда яхши хабардор" эканлигини таъкидлайди.

У Би-би-сига шундай дейди: "Биз талабалар ўз ишларини бажариш учун ChatGPT'дан фойдаланишлари керак деб ҳисобламаймиз."

Унинг фикрича, ChatGPT'дан шунчаки саволларга жавоб берувчи эмас, балки репетитор сифатида фойдаланган маъқулроқ.

У келтирган мисол – ўқув режими созламасидан фойдаланган ҳолда талабанинг ChatGPT билан мулоқот қилишидир.

Сиз жавоб беришга қийналаётган саволни киритасиз ва чатбот унинг таркибий қисмларини ажратиб, тушунишингизга ёрдам беради.

У мисол тариқасида кечаси талаба ўзи яхши тушунмайдиган мавзу бўйича топшириқ бажараётганини келтиради.

"Агар сизда тақдимот бўлса ва ярим тун бўлса, университетдаги ўқитувчингиздан электрон почта орқали ёрдам сўрай олмайсиз," дейди у.

"Менимча, ChatGPT'дан мақсадли фойдаланилганда ўрганишни тезлаштириш имконияти ҳақиқатда мавжуд."

Бироқ профессор Ҳолмс сунъий интеллект воситаларидан фойдаланадиган ҳар қандай талаба улар қандай ишлашини ва бу хизматларни тақдим этувчи компаниялар маълумотларни қандай қайта ишлашини билиши

кераклигини таъкидлайди. Унинг айтишича, натижалар доим текширилиши лозим.

"Бу шунчаки калкуляторнинг сўнгги версияси эмас," дейди у сунъий интеллектнинг кенг қамровли имкониятлари ва оқибатларини тасвирлаб.

"Мен ҳеч қачон талабаларга сунъий интеллектдан фойдаланмаслик керак демайман... Лекин уларга сунъий интеллектнинг турли жиҳатларини тушунишимиз кераклигини айтаман, токи онгли қарорлар қабул қила олишсин."