Янгиланмоқда: Эрон нега Озарбайжонни дронлар билан нишонга олди?

Сурат манбаси, Ictimai TV
Кўрфаз давлатлари ва Ироқ Курдистонидан фарқли ўлароқ, Озарбайжонда АҚШ ҳарбий базалари борлиги маълум эмас. Шу боис, мамлакатнинг нима сабабдан ҳужумга тутилгани ҳақида саволлар туғилмоқда.
Эрон Нахичеван автоном республикасидаги аэропортга дронлар учирилгани юзасидан бирор изоҳ бермади. Аммо бунинг жавоби Эроннинг шимоли-ғарбий чегарасида жойлашган Озарбайжоннинг АҚШ ва Исроил билан яқин стратегик ҳамкор эканига бориб тақалиши мумкин.
Аҳолисининг аксарияти шиа мусулмонлари бўлган дунёвий Озарбайжон ва Исроил ўртасидаги алоқалар 2000-йиллардан бери чуқурлашиб бормоқда: Озарбайжон Исроил қурол-яроғларининг асосий харидори ҳисобланади, Исроил эса Озарбайжондан катта миқдорда нефт импорт қилади. Шунингдек, икки давлат разведка соҳасида, айниқса, Эронни кузатиш масаласида яқиндан ҳамкорлик қилиши ишонилади.
Эрон анчадан бери Озарбайжонни ўз ҳудудида Исроил разведка агентлиги – "Моссад"нинг фаолият юритишига йўл қўйиб беришда айблаб келади. Жумладан, Теҳрон иддаосига кўра, "Моссад" агентлари эронлик ядрочи олимларни ўлдиришда айнан Озарбайжон ҳудудидан ёрдам сифатида фойдаланган. Боку бу айбловларни кескин рад этиб келади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Эрон ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроилни тинч аҳоли ҳудудларини нишонга олаётганликда айблади

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроил ўз зарбалари билан атайлаб тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларни нишонга олаётгани ҳақида баёнот бермоқда.
"Х" ижтимоий тармоғидаги постида вазирлик вакили Эсмоил Бақоий ҳужумлар "глобал бозорларни ларзага солаётгани, энергия нархларини ошираётгани, валюталарни беқарорлаштираётгани ва бутун дунёда оддий одамларнинг харид қобилиятини пасайтираётгани"ни айтди.
У қўшимча қилди: "Аммо биз эронликлар учун бадал бундан ҳам оғирроқ: бизнинг халқимиз ваҳшиёна ўлдирилмоқда, агрессорлар атайлаб тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларни ва энг катта азоб ва талафот етказиши мумкин бўлган жойларни нишонга олмоқда."
Доналд Трамп эса Эроннинг баллистик ракета салоҳияти ҳамда ядровий қурол ишлаб чиқиш имкониятларини йўқ қилишга интилаётганини айтган.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ ва Исроил шаҳарга зарба беришни давом этар экан, бугун Эрон пойтахтида олинган суратлар Теҳрондаги вайронагарчиликларни кўрсатмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, AFP via Getty Image
БАА ҳудудига баллистик ракета ва олти дрон тушди
БАА мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, улар бугун олти баллистик ракета ва 131 та дронни тўсиб, йўқ қилган - бироқ бир ракета ва олти дрон мамлакат ҳудудига тушган.
Вазирликка кўра, шанба куни бошланган "Эроннинг очиқ агрессияси"дан бери жами 196 та баллистик ракета аниқланган, шунингдек саккизта крейсер ракетаси ҳам аниқланиб, йўқ қилинган.
Ҳужумлар бошланганидан буён уч киши ҳалок бўлган - уларнинг барчаси хорижлик фуқаролар: Покистон, Непал ва Бангладешдан. Шунингдек, 94 киши жароҳатланган, дейилади вазирлик баёнотида.
Эрон дронлари Озарбайжонга зарба берди

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoqlar
Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, Эроннинг дрон зарбалари оқибатида икки нафар тинч аҳоли жароҳатланган.
"Бир дрон Нахчивон Автоном Республикаси аэропортининг терминал биносига урилган, яна бири эса Шакарабад қишлоғида мактаб биноси яқинига тушган," - дейилади вазирлик баёнотида.
Дрон ҳужуми натижасида аэропорт биноси зарар кўрган ва икки нафар фуқаро жароҳатланган.
Вазирликнинг маълум қилишича, Озарбайжондаги Эрон элчиси ҳозир чақиртирилган бўлиб, Эрон томонига кескин норозилик билдирилади ва тегишли норозилик нотаси топширилади.
Исроил ҳаво ҳужумларини давом эттирар экан, Байрутда вайронагарчилик, Қум ва Исфаҳон ҳудудларидаги объектларга ҳужум

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Қум ва Исфаҳон ҳудудларидаги объектларга ҳужум қилди.
Янги маълумотларга кўра, Исроил Мудофаа Кучлари кеча тунги амалиёт чоғида Эроннинг Қум шаҳрида "Исроилга қарата отишга тайёр" бўлган баллистик ракета учиргичини нишонга олганини билдиради.
Шунингдек, улар Исфаҳон шаҳридаги ҳаво мудофааси тизими ҳам "уриб туширилганини" маълум қилган.
Исроил ҳаво ҳужумларини давом эттирар экан, Байрутда вайронагарчилик
Исроилнинг бир неча кунлик ҳаво ҳужумларидан сўнг Байрутда вайронагарчилик ва зарар кўрган биноларнинг янги тасвирлари пайдо бўлди.
Ливан ОАВ кеча кечаси пойтахт яқинидаги икки зарбада уч киши ҳалок бўлгани, яна олти киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. Бугун эрталаб жанубий Байрутда - Ҳизбуллоҳнинг таянч ҳудудида - янги зарбалар рўй бергани айтилмоқда.
Исроил эса аввалроқ "Ҳизбуллоҳ террор ташкилотига тегишли бир нечта қўмондонлик марказлариъни нишонга олганини" билдирган эди.
Айни пайтда, Ливан давлат ахборот воситалари Триполи яқинидаги Беддави - фаластинлик қочқинлар лагерида Исроил дрони бир квартирани уриб туширганини, бунинг оқибатида ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Вассим Аталлаҳ ал-Али ва унинг рафиқаси ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
Исроил Мудофаа Кучлари бу борада ҳали изоҳ бермади.
04.03.2026: АҚШ Ҳинд океанида Эрон ҳарбий кемасини торпеда билан чўктирди, Ҳормуз бўғозида қатнов 90% га камайди (Видео)

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Ҳинд океанида Эрон ҳарбий кемасини чўктирганини айтди. Дунё нефтининг бешдан бири ташиладиган Ҳормуз бўғози орқали ҳаракат камайишда давом этмоқда.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Ҳинд океанида АҚШ кучлари "халқаро сувларда ўзини хавфсиз деб ўйлаган Эрон ҳарбий кемасини" чўктирганини айтди.
"У торпеда билан чўктирилди", деди у.
Ҳегсет ҳужумга учраган Эрон кемасининг номини очиқламади.
Бироқ бундан аввал Шри-Ланка ҳарбий-денгиз кучлари IRIS Dena Ҳинд океанида чўкиб кетгани, кема бортида бўлган тахминан 140 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган эди.
Ҳормуз бўғозидаги ҳаракат қарийб 90 фоизга камайди
Ҳормуз бўғозида орқали кема ҳаракати камайишда давом этмоқда. Кўплаб нефт ва газ танкерлари ушбу муҳим сув йўлидан ўтиш чоғида Эрон ҳужуми хавфи туфайли хавф остига қўйилишни истамаётгани айтилмоқда.
Энергетика соҳасидаги таҳлил компанияси Vortexa вакили Клэр Юнгманнинг айтишича, январ ойидан уруш бошланганига қадар ҳар куни ўртача 24 та танкер бу бўғоз орқали ҳаракатланган.
Денгиз таҳлили билан шуғулланувчи Kpler эса BBC Verify'га 2 мартдан 3 мартгача бўлган даврда бўғоз орқали кема ҳаракати 21–27 феврал кунларидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан қарийб 90 фоизга камайганини билдирган.
Кескин пасайиш йирик денгиз суғуртачилари Форс кўрфазида фаолият юритаётган кемалар учун уруш хавфи суғуртасини қисқартиргани ёки бекор қилгани манзарасида кузатилмоқда. Бу эса дунёда савдо қилинадиган нефтнинг тахминан бешдан бир қисми ташиладиган тор бўғоз орқали ўтишни янада хавфли қилмоқда.
Сўнгги 24 соат ичида BBC Verify камида икки юк кемасини аниқлади. Уларнинг кузатув маълумотлари кемалар Ҳормуз бўғози орқали шарқдан ғарбга, Форс кўрфази томон ҳаракатланганини кўрсатади.
Сўнгги пайтларда айрим кемалар — жумладан, Ҳиндистон байроғи остидаги бир кема — бортидаги кузатув қурилмалари сигнали йўқолгани ёки сунъий равишда тўсиб қўйилгани ҳақида далиллар мавжуд.
Яқин Шарқ бўйлаб ракеталар учишда давом этмоқда – Уруш бешинчи кунига кирди

Сурат манбаси, EPA/Shutterstock
АҚШ ва Исроилнинг Эронга уруш бошлаганига 5 кун бўлди. Бугунга келиб уруш асоратлари минтақанинг бошқа ҳудудларига ҳам сачраётганини кўриш мумкин.
Минтақадаги сўнгги воқеалар:
Шри-Ланка ҳарбий-денгиз кучлари бугун эрталаб Эрон ҳарбий-денгиз флотига қарашли "IRIS Dena" кемасидан фалокат сигнали келиб тушганидан сўнг 32 кишини қутқарганини тасдиқлади. Тахминан 140 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Ҳодиса сабаби ҳозирча номаълум.
Исроил минтақада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади. Ливанга қилинган зарбаларда бир неча киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Исроил мудофаа кучлари бу ҳужумлар "Ҳизбуллоҳ" аъзолари ва объектларига қаратилганини маълум қилди. Армия жанубий Ливандаги тинч аҳолини ҳарбий амалиёт олдидан "дарҳол" ҳудудни тарк этишга чақирмоқда.
Теҳронда кўплаб бинолар вайрон бўлди. Исроил ҳарбийлари маълумотига кўра, тунги ҳужумларда у ердаги "хавфсизлик қароргоҳлари" ҳам нишонга олинган.
Янги тасвирларда сешанба куни Эрон дрони ҳужуми ортидан Дубайдаги АҚШ консулхонаси ёнганини кўриш мумкин. Шунингдек, Қатардаги АҚШ ҳарбий-ҳаво базасига Эрон ракета зарбаси берилган.
Эрондаги вазият:
Шанба куни Исроил ҳужумида ҳалок бўлган Оятуллоҳ Хоманаийни сўнгги йўлга кузатиш маросими бугун бошланиши керак эди. Бироқ Эрон давлат ОАВлари хабар беришича, уч кунлик жаноза маросими "кейинга қолдирилган".
Олий раҳбарнинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида тахминлар кучаймоқда. Reuters агентлигига гапирган икки эронлик манбага кўра, унинг ўғли Мужтабо Хоманаий ҳужумлардан омон қолган.
"Ҳар куни вазият ёмонлашмоқда", деди бир эронлик эркак BBCга. АҚШда жойлашган Human Rights Activist News Agency эса шанба куни бошланган АҚШ–Исроил ҳужумларидан бери Эронда камида 1 097 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирмоқда.
Эвакуация ишлари давом этмоқда:
Парвозлардаги жиддий узилишлар фонида давлатлар Яқин Шарқни тарк этмоқчи бўлган фуқароларини эвакуация қилиш устида ишламоқда. Буюк Британия ҳукумати томонидан махсус ташкил этилган илк рейс маҳаллий вақт билан соат 23:00 да Маскат халқаро аэропортидан учиб кетиши режалаштирилган.
Эрон: Жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борми? Испания Трамп таҳдидига жавоб қайтарди

Сурат манбаси, EPA
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берди. Олдинроқ Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Эрон Ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбатлашганди. Испания Бош вазири Доналд Трамп таҳдидларига жавоб берди.
Эронда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ
Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси маълум қилишича, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
Элчихонага кўра, ҳозирги вақтда Эрон ҳудудида 81 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиб турибди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
"Шулардан 8 нафари — дипломатик ваколатхоналар ходимлари, 9 нафари — Қум шаҳрида таҳсил олаётган талабалар, 55 нафари — Эрон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар, 9 нафари — хусусий сафар билан борганлар", дейилади хабарда.
Олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Аракчи билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида айтди.

Сурат манбаси, Расмий
"Сўнгги воқеалар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани муносабати билан таъзия изҳор этиб, жабрланган оилаларга нисбатан ҳамдардлигимизни билдирдик", деб ёзди Саидов Facebook саҳифасида.
Вазир ҳамкасби билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилган ва ҳар қандай кейинги кескинлашув жиддий гуманитар ва хавфсизлик оқибатларига олиб келиши мумкинлигини қайд этишган.
"Барча келишмовчилик ва низолар фақат тинч йўл билан – мулоқот ва дипломатия орқали ҳал этилиши лозимлиги ҳақидаги қатъий ва изчил позициямизни яна бир бор тасдиқладик", дейди Бахтиёр Саидов.
Ўтган шанба куни АҚШ ва Исроил ҳужум бошлагандан бери Эронда камида 1097 тинч аҳоли ҳалок бўлган, демоқда Америкада жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар агентлиги. Агентликка кўра, нобуд бўлганларнинг 181 нафари 10 ёшдан кичик болалар. Яраланган тинч фуқаролар 5402 кишига етган, уларнинг 100 нафари болалар демоқда агентлик.
Ўлимлар ҳақидаги яна юзлаб хабарлар текширилмоқда.
Педро Санчес Трампнинг таҳдидларига жавоб қайтарди: "Урушга йўқ деймиз!"

Сурат манбаси, La Moncloa Handout
Испания Бош вазири Педро Санчес Мадриднинг Эрон бомбардимон қилинишига қаршилиги сабабли Доналд Трамп томонидан икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини тўхтатиш билан боғлиқ таҳдидларига жавоб қайтарди.
Чоршанба куни эрталаб телевидение орқали қилган чиқишида Санчес ҳукумат мавқеини "урушга йўқ" деган сўзлар билан ифодалаш мумкинлигини айтди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
У 2003 йилги Ироққа бостириб кириш воқеаларига ишора қилиб, "ўтмишдаги хатоларни" такрорламасликка чақирди. Бош вазирга кўра, Ироқ уруши ўз мақсадларига эриша олмаган, аксинча, беқарорликни келтириб чиқариб, кўплаб инсонлар ҳаётини ёмонлаштирган.
Санчес Эронга қилинаётган ҳужумлар миллионлаб оддий одамлар учун худди шундай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, ҳукумат бунга қарши чораларни кўриб чиқаётганини билдирди.
Кеча Трамп Санчеснинг АҚШга Эронга ҳужум қилиш учун ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермаганидан сўнг, Испания билан "барча алоқаларни узишга" ваъда берган ва мамлакатни "даҳшатли" деб таърифлаган эди. Мадрид мазкур ҳужумларни "асоссиз ва хавфли ҳарбий аралашув", деб атаган.





























