Янгиланмоқда: Дубай аэропортида портлаш, Эрон президенти узр сўрагани қанчалар аҳамиятли?

Дубай аэропортидаги портлаш

Сурат манбаси, Х

Сурат тагсўзи, Дубай аэропортидаги портлаш
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Шанба куни эрталаб ижтимоий тармоқларда улашилган видеода Дубай Халқаро аэропорти ҳудудига афтидан дрон ҳужуми уюштирилгани акс этади.

BBC бу видеода ҳақиқатдан ҳам Дубай аэропорти акс этганини тасдиқлади.

Аэропортнинг жанубидаги саноат ҳудудидан олинган видеода терминал биносига яқинликда портлаш келиб чиққанини кўриш мумкин. Видеони олаётган шахс "яна битта дрон" дегани эшитилади ва портлашдан олдин дрон моториникига ўхшаш овоз қулоққа чалинади.

Портлашдан олдин бир объект катта тезликда ерга урилганини кўриш мумкин, аммо у нималигини аниқлаш имконсиз.

Портлаш темир йўлидан шимолда ва Hertz биносига яқинликда юз берганини кўриш мумкин. Демак, у «А» кутиш залига яқин бўлган.

Бинога яқинликда камида тўртта учоқ тургани кўринади.

Зарба уриб туширилган дрон ё замбаракнинг қолдиғими ёки зарбанинг ўзи эканини аниқлаш қийин.

Аввалроқ Emirates хаво йўллари парвозлар тўхтатилганини хабар қилганди. Кейинроқ у бу постни ўчириб, парвозлар қайта йўлга қўйилганини айтган.

Эрон президенти қўшнилардан узр сўради, аммо шиддатли ҳужумлар давом этмоқда, Дубай аэропортида аҳвол ноаниқ

Эрон президенти Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деди

Сурат манбаси, IRNA

Сурат тагсўзи, Эрон президенти Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деди

Энг йирик аэропортга ҳужум

Гувоҳлар томонидан ижтимоий тармоқларда улашилган видеоларда Эроннинг энг гавжум Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ ва катта тутун кўринади. Жума куни олинган сунъий йўлдош тасвирларида аэропортда бир нечта учоқлар бўлганини кўриш мумкин.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари ҳам аэропортнинг баъзи қисмлари нишонга олингани ҳақида хабар бермоқда.

Бу Исроил ҳарбийлари мамлакатда "кенг кўламли янги ҳужумлар тўлқини"ни бошлаганини айтиши ортидан содир бўлди. У 4 март куни ҳам шу аэропортни нишонга олган ва унинг ҳужумлари "Исроил ҳаво кучларига таҳдид солган" мудофаа ва аниқлаш тизимларини, жумладан, аэропортнинг вертолёт ишлаб чиқариш қисмини ҳам йўқ қилганини айтган.

Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ

Сурат манбаси, X/@VAHID

Сурат тагсўзи, Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ

Янги ҳужумда аэропортнинг қайси қисмлари бомбардимон қилингани ҳали аниқ эмас, аммо гувоҳларнинг айтишича, бу тунги бомбардимон анча шиддатли бўлди.

1938 йилда қурилган Меҳробод аэропорти бир вақтлар пойтахтнинг асосий халқаро аеропорти бўлган, аммо ҳозирда асосан ички рейсларга хизмат кўрсатади.

Шунингдек, у ерда Эрон мудофаа саноати билан боғлиқ бўлган бир нечта аэрокосмик компаниялар жойлашган.

Исроил бу жойни бир неча бор бомбардимон қилган, жумладан, ўтган йилнинг июн ойида Эроннинг ядровий иншоотларига бир қатор ҳужумларни амалга оширганида аэропорт ҳам шикаст кўрган.

Президентдан узр

Pezeshkian
Reuters
Dushmanlar Eron xalqi taslim bo'ladi degan orzusini go'riga olib ketishi kerak.
Masud Pezeshkian
Eron prezidenti (bbc.com/uzbek)

Эрон Президенти Масуд Пезешкиан Эрон давлат телевидениесида видеомурожаатни эфирга узатди.

"Мен ҳужумга учраган қўшни давлатлардан узр сўрашни зарур деб биламан", деди у.

"Биз қўшни давлатларга бостириб кириш ниятида эмасмиз", деди президент ва "тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш" учун минтақавий ҳамкорликка чақирди.

Пезешкиан қуролли кучларга давлат раҳбариятининг янги қарори чиқарилганини қўшимча қилди: "бундан буён қўшни давлатларга биринчи бўлиб ҳужум қилинмагунча ҳужум қилинмайди".

"Эронга ҳужум қилиш учун бу лаҳзадан фойдаланишни ўйлаётганлар империализмнинг қўғирчоқларига айланмасликлари керак", деди президент ва Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деб қўшимча қилди.

Аммо, унинг чиқишидан кўп ўтмай, Қатар Мудофаа вазирлиги ўз қуролли кучлари ракета ҳужумини "тўхтатгани"ни маълум қилди.

Бу хабар маҳаллий вақт билан соат 11:00 дан олдин Х сайтида чоп этилган постда улашилди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Қатар аэропортида фақат чекланган сонли парвозлар амалга оширилмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатар аэропортида фақат чекланган сонли парвозлар амалга оширилмоқда

Президентнинг узр сўрагани қанчалар аҳамиятли? BBC мухбири Лиз Дусет таҳлили

Эрон президенти Пезешкианнинг қўшни давлатлардан узр сўраши минтақага қандай таъсир қилиши номаълум.

У Эроннинг ҳужумлари қуролли кучлар томонидан "хоҳлаганча ўқ узиш" сифатида амалга оширилганини айтди. Хабарларга кўра, бу урушда Эроннинг қўмондонлик тузилмаси марказлаштирилмаган.

Аммо президент ва ҳарбий амалдорлар ҳали ҳам ҳужумлар минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларидан келиб чиқса, улар нишонга айланишини аниқ айтмоқдалар.

Вақтинчалик Раҳбарият Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорнинг эълон қилиниши араб давлатларининг ғазабига жавоб бўлаётган бўлиши мумкин. Улар сўнгги йилларда собиқ ашаддий душмани бўлган Эрон билан янги муносабатларни ривожлантириб, аксари АҚШни Эронга қарши урушга бормасликка чақириб келаётган эди.

Минтақадаги юқори лавозимли амалдор менга уларнинг Теҳронга бўлган ғазаби энди ўнлаб йиллар давом этишини айтди.

Эрон тизимида нисбатан мўътадил бўлган президент кўпроқ яраштириш оҳангларини қўллашга уриниши билан танилган.

Январ ойида бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларининг асосий тўлқини ҳалокатли куч билан бостирилгандан сўнг, у ҳукумат иқтисодий муаммоларни ҳал қила олмагани учун узр сўради, аммо кўчаларда сиёсий ўзгаришларни талаб қилган чақириқларга жавоб бермади.

Танкерга ҳужум

Шунингдек, Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари Форс кўрфазида Ҳормуз бўғозидан ўтаётган нефт танкерини нишонга олганини маълум қилди.

Телеграмда жойлаштирилган баёнотда айтилишича, "Прима" номли нефт танкери Эрон денгиз флоти томонидан бўғоз орқали "ҳаракатланишни тақиқлаш" ҳақидаги "такрорий огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганидан" кейин дрон билан ҳужумга олинган.

Эрон қўшимча қилишича, у "душман давлатлар билан иттифоқдош" нефт танкерлари ва тижорат кемаларининг бўғоздан ўтишига рухсат бермаяпти.

Ҳормуз бўғози дунёдаги энергия ташиш учун энг муҳим йўллардан бири бўлиб, нефт ва газнинг тахминан бешдан бир қисми у орқали ўтади.

Яқин Шарқдаги уруш юк ташиш йўлининг амалда тўхтаб қолишига олиб келди, Эрон режими шу ҳафта бошида у ердан ўтишга уринган кемаларни "ёқиб юбориш" билан таҳдид қилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ денгиз кучлари "агар керак бўлса" кемаларни ўтиш жойидан кузатиб бориши мумкинлигини айтганди.

Xarita

Дубай парвозлари

Бугун Дубайга ва ундан ташқарига парвозларнинг ҳолати борасида чалкашликлар давом этмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари шанба эрталаб яна бир Эрон ракетаси уриб туширилганини маълум қилди.

Дубай ҳукумати матбуот идорасининг Х даги расмий саҳифасида бу воқеа "кичик" ҳодиса деб аталди, ҳамда баъзи қолдиқлар қулагани, аммо ҳеч қандай жароҳатлар йўқлиги айтилди.

У ижтимоий тармоқларда бу ҳужум халқаро аэропортга таъсир кўрсатгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Дубай халқаро аэропорти сўнгги бир соат ичида фаолияти тўхтатилганини айтди, аммо бир неча дақиқа олдин рейслар қисман қайта тикланаётгани ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ БААнинг иккита байроқдор авиакомпаниясидан бири бўлган Emirates ҳам фаолиятини қайта тиклаётганини эълон қилганди ва бугун парвозлари бўлган мижозлардан аэропортга келишни сўраганди.

Унинг ортидан Дубай ҳукумати матбуот идораси ҳам Emirates нинг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги сўнгги хабарини улашган.