Маҳкумадан полковниккача: Украина урушида Путин учун ҳалок бўлаётган Россия аёллари

коллаж из фото женщины и числом погибших на фронте женщин-военнослужащих сил российской стороны
    • Author, Олга Ившина*
    • Role, Би-би-си Рус хизмати
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Би-би-си «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда очиқ маълумотлар асосида олиб бораётган ҳисоб-китобларга кўра, Украинага қарши тўрт йиллик кенг кўламли босқин давомида Россия томонидан камида 32 нафар аёл ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ҳарбий шифокорлардир.

Бироқ қурбонлар орасида реактив артиллерия дивизиони командири, дронлар бўйича инструктор, радиотелефончи ва кинолог ҳам бор.

Россия томонида жами қанча аёл жанговар ҳаракатларда қатнашаётгани номаълум. Аммо 2023 йилнинг мартида ўша пайтдаги Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинада «1100 нафар аёл ҳарбий хизматчи жанг қилаётгани, уларнинг ҳар учинчиси давлат мукофотлари билан тақдирланганини» айтган эди.

Россия қонунчилигига кўра, аёл киши армияга ўз хоҳиши билан — саралаш пунктида шартнома имзолаш ёки ҳарбий олийгоҳга ўқишга кириш орқали бориши мумкин. Расман аёллар учун хизмат жойи бўйича чекловлар йўқ, лекин амалиётда улар асосан тиббиёт, алоқа, фронт орти ва таъминот ишларига қабул қилинади. Тиббий маълумотга эга аёлларнинг аксарияти ҳарбий ҳисобда туради. Шунинг учун сафарбарлик эълон қилинган тақдирда улар хизматга чақирилиши мумкин.

Кенг кўламли уруш бошлангач, Россия расмийлари аёлларни шартнома асосида армияга, айниқса ҳарбий-тиббий мутахассисликлар бўйича қабул қилишни сезиларли даражада фаоллаштирди.

Мобилизация қилинган, маҳкума ва дивизион қўмондони

Урушга биринчилардан бўлиб ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР ҳудудларида яшаган аёл шифокорлар юборилдилар.

Горловкалик 45 ёшли ҳамшира Виктория Кубачева кенг кўламли босқиннинг биринчи кунидаёқ сафарбар қилинган.

"Горловкалик ҳамшираларни тўғридан-тўғри иш жойидан олиб кетишди ва бу ўз хоҳиши билан бўлмаган", — деб ҳикоя қилган эди кейинчалик Викториянинг қариндоши.

Коллаж из двух фотографий молодой светловолосой женщины: на одном снимке она в военной форме, на другой — в джинсовой куртке с крестиком на груди

Сурат манбаси, Viktoriya Kubacheva oilaviy arxividan

Сурат тагсўзи, Горловкалик ҳамшира Виктория Кубачева. Виктория Кубачеванинг ўзини ДХР деб эълон қилган ҳудуд қуролли кучларига сафарбар қилинишидан олдинги ва кейинги фото суратлари

ДХР ва ЛХРда сафарбарлик катта уруш бошланишидан бир неча кун олдин, 19 февралда, эълон қилинди ва ўта тартибсиз кечган.

Омон қолганлар ва уларнинг яқинлари одамларни шошилинч "кўнгилли" сифатида рўйхатга олишгани, ташқи дунё билан алоқани узишгани ва жуда қисқа тайёргарликдан сўнг эса тўғридан-тўғри фронтга жўнатишганини айтишган.

Донецк ва Луганск вилоятларидан чақирилганлар тайёргарликсиз, яроқсиз қурол-аслаҳа билан энг оғир жанг нуқталарига ташланган.

Ҳарбийлар очлик ва катта йўқотишларга дучор бўлган.

Виктория 2022 йилнинг сентябрида бедарак йўқолган, яқинлари уни бир неча ой қидирган. 2024 йилнинг мартида у ҳалок бўлган деб тан олинди.

Ҳалок бўлган аёл ҳарбийлар орасида энг юқори лавозимлиси — донецклик полковник Олга Кочурадир. У 2014 йилда Донбасс сепаратистлари томонига ўтиб, янги қуролли бўлинмалар тузишда фаол қатнашган. Унгача Кочура Украина Ички ишлар вазирлигида ишлаган.

Россия армиясида бўлинмаларга қўмондонлик қилувчи аёллар жуда кам учрайди. Бироқ Донецк ва Луганскдаги "халқ милицияси"га аёллар мамнуният билан қабул қилинган. У ерда аёллар юқори унвон ва лавозимларгача кўтарилган бир неча ҳолатлар маълум. Олга Кочура 2022 йил 3 августда Донецк вилоятида ҳалок бўлган.

Рўйхатимиздаги аёл ҳарбийларнинг ҳаммаси ҳам жанг майдонида ҳалок бўлмаган. Омск вилоятидан бўлган 44 ёшли ҳамшира Галина Костикова маҳаллий ОАВ хабарига кўра, фронт ортида — колониялардан урушга жалб қилинган россиялик маҳбуслар томонидан ўлдирилган.

Iqtibos

Қурбонлар орасида колониядан урушга кетган аёл ҳам бор. 37 ёшли Елена Пимоненкова олти марта судланган, аммо беш ҳолатда шартли жазо билан қутулиб қолган эди. Илк ҳукмини у 23 ёшида эркак кишига пичоқ билан ҳужум қилгани учун олган. Кейинчалик Елена талончилик, ўғрилик, ўзганинг мулкига зарар етказиш, ўлдириш билан қўрқитиш ва автомобил ўғирлаш бўйича судланган. У жиноятларининг аксариятини маст ҳолатда содир этган. Елена Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганида, қамоқ муддати тугашига бир йилдан камроқ вақт қолган эди. Пимоненкова 2024 йил август ойида Белгород вилояти ҳудудида ҳалок бўлди.

"Важные истории" нашри тарқатган маълумотларига кўра, 2024 йилда Россия Мудофаа вазирлиги камида тўртта колониядан маҳбус аёлларни урушга ёллаш билан шуғулланган. Қамоқдан урушга кетган бошқа аёлларнинг ўлими ҳақида бизда ҳозирча маълумот йўқ.

Ҳалок бўлганлар орасида транс-шахс ҳам бор. Туғилганда Артур Кичигин исми берилган шахс ўзини Элли Вишневская деб аташларини сўраган. Дастлаб Элли ўз Telegram каналида урушга қарши чиққан, аммо кейинчалик унинг отаси фронтда ҳалок бўлган. Шундан сўнг унинг украиналикларга нисбатан фикрлари тобора радикал тус ола бошлаган.

2024 йил декабрь ойида у узун сочларини кесиб, ҳарбий кийим-бош сотиб олди ва кўп ўтмай фронтга жўнаб кетди. Урушда топган пулларини Элли жинсини ўзгартириш амалиётига сарфлашни режалаштирган эди. У ўз каналида хизмат қилиш кутганидан анча қийинлигини, жисмоний ва эмоционал юкламалар, совуқ, намлик ва лойгарчилик азоб бераётганини ёзган. 2025 йил февралида эса Элли ҳалок бўлди.

Биз шахсини аниқлаган ҳалок бўлган россиялик аёл ҳарбийларнинг аксарияти фронтга ўз истаги билан кетган. Улар кенг кўламли босқин бошланганидан кейин шартнома имзолашган.

Россия Украинада қанча одам йўқотди?

Ҳозирги вақтда биз Украинага қарши кенг кўламли босқин давомида ҳалок бўлган 207 552 нафар россиялик ҳарбийнинг исмини аниқладик. Бу фақат очиқ манбалар орқали тасдиқлашимиз мумкин бўлган маълумотлардир.

Қурбонларнинг 56 фоизи, яъни ярмидан кўпи, кўнгиллиларга айланганлар, сафарбар қилинганлар ва колониялардан урушга кетган маҳбуслар ҳиссасига тўғри келмоқда. Уруш бошланишидан аввал бу одамларнинг армияга алоқаси бўлмаган.

Россия томонининг ҳақиқий йўқотишлари биз аниқлаган рақамлардан анча кўп. Таҳлилчиларнинг фикрича, қабристон ва некрологлар асосидаги ҳисоб-китобимиз ҳақиқий қурбонлар сонининг 45 фоизидан 65 фоизигача бўлган қисмини қамраб олади.

Сўнгги ойларда ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадларининг катта қисми ҳали ҳам жанг майдонида қолаётган бўлиши мумкин. Уларни дрон зарбалари хавфи туфайли олиб чиқиш ўта мушкул.

Шуларни инобатга олсак, Россия томонидан ҳалок бўлганларнинг реал сони 312 000 нафардан 450 500 кишигача бўлган оралиқда бўлиши мумкин.

Агар 2022 йил охиригача ДХР ва ЛХР бўлинмалари таркибида ҳалок бўлганларни, тахминан 21 000 — 23 500 кишини ҳам қўшсак, россияпараст кучларнинг умумий йўқотишлари 333 000 — 474 000 киши атрофида бўлиши мумкин.

Биз қандай ҳисоблаймиз?

Россияда ҳар куни ҳалок бўлганларнинг исмлари ва дафн маросимларидан олинган фотосуратлар эълон қилиб борилади. Кўпинча фамилияларни Россия ҳудудлари раҳбарлари ёки туман маъмуриятлари вакиллари, маҳаллий ОАВ ва ҳалок бўлганлар илгари таълим олган ўқув юртлари, шунингдек, уларнинг яқинлари тилга олади.

Би-би-си, «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси ушбу маълумотларни ўрганиб, уларни Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери биз юритиб келаётган рўйхатга киритади.

Биз Россиянинг расмий манбасида ёки ОАВда эълон қилинган маълумотларни, қариндошларнинг ижтимоий тармоқлардаги постларини ёки бошқа манбалардаги постларни, агар уларга дафн этилган жой фотосуратлари илова қилинган бўлса, ўлимнинг тасдиғи деб ҳисоблаймиз.

Қўшин турларини биз ҳалок бўлган шахс қаерда хизмат қилгани ҳақидаги хабарларга ёки ҳарбий кийимдаги фарқланувчи белгиларига қараб аниқладик. Сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳбуслар алоҳида қўшин турлари ҳисобланмайди, бироқ биз ушбу йўқотишларни мунтазам армиянинг профессионал қисмлари йўқотишлари билан солиштириш учун алоҳида тоифага ажратамиз.

* Россия ҳукумати Олга Ившинани «хорижий агентлар» реестрига киритган. Би-би-си бу қарорга қатъиян қарши чиқади ва уни судда инкор этмоқда.

** «Медиазона» нашри ҳам Россия ҳукумати томонидан «иноагент» деган рўйхатга киритилган.