Қора энергия янада ғалати тус олди ва нега Коинот "Катта cиқилиш" билан поёнига етиши мумкин

Сурат манбаси, KPNO/NOIRLab
- Author, Pallab Ghosh
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
"Қора энергия" деб аталган сирли куч фазо ва вақт ҳақидаги ҳозирги тушунчамизга зид равишда ўзгариб бораётганини кўрсатувчи сўнгги далиллар баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Жанубий Корея олимлари таҳлили шуни кўрсатдики, Коинот кенгайишда давом этиш ўрнига, аксинча, галактикалар гравитация таъсирида бир-бирига яқинлашаяпти ва бу жараён астрономлар "Катта cиқилиш" деб атаган ҳодиса билан якунланиши мумкин.
Тадқиқотчи олимлар фикрича, улар астрономияда бир авлод давомида қилинган энг катта кашфиётлардан бирини амалга ошириш арафасида турибдилар.
Бошқа астрономлар бу топилмаларни шубҳа остига олса-да, Жанубий Корея жамоасининг даъволарини бутунлай рад эта олганлари йўқ.

Сурат манбаси, NASA/ESA
Қора энергия нима?
Илгари астрономлар тахминан 13,8 миллиард йил олдин Катта портлашдан бошланган Коинот кенгайиши тортишиш кучи туфайли аста секинлашиши керак деб ҳисоблашган.
1998 йилда эса коинотнинг кенгайишини тезлаштирувчи куч сифатида қора энергия мавжудлиги аниқланди. «Супернова» деб аталган жуда ёрқин портловчи юлдузларни ўрганиш шуни кўрсатдики, узоқ галактикалар секинлашиш ўрнига, бир-биридан тезроқ узоқлашмоқда.
Баъзи назарияларга кўра, тобора тезлашиб бораётган Коинот дастлаб юлдузларни бир-биридан шунчалик узоқлаштириши мумкинки, тунги осмонда деярли ҳеч нарса кўринмай қолади ва, бундан ҳам даҳшатлироғи, охир-оқибат "Катта узилиш" жараёнида ҳатто атомларни ҳам парчалаб юбориши мумкин.

Баҳс-мунозаралар март ойида Аризона чўлидаги телескопга ўрнатилган Қора энергия спектроскопик асбоби (DESI) кутилмаган натижалар берганидан сўнг бошланди.
DESI қора энергия ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун ясалган эди. У миллионлаб галактикаларнинг тезланишини дақиқ тафсилотларигача кузатиб борди, аммо астрономлар бундай натижаларни кутмаганди.
DESI лойиҳаси билан шуғулланувчи Лондон Университет коллежи профессори Офер Лехавнинг айтишича, маълумотлар галактикаларнинг тезланиши вақт ўтиши билан ўзгарганига ишора қилган, бу эса мавжуд тасаввурларга мос келмайди.
"Энди бу ўзгарувчан қора энергия аввал кўтарилиб, кейин пасайиб борар экан, бизга янги механизм керак бўлади. Бу эса бутун физикада жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкин," дейди у.
Ноябрь ойида Қироллик Астрономия Жамияти (RAS) Жанубий Корея жамоасининг қора энергиянинг ғалати хусусиятлари янада ғаройиброқ эканлигини тасдиқлайдиган тадқиқотини эълон қилди.
Сеулдаги Йонсей университети профессори Янг Вук Ли ва унинг жамоаси 27 йил олдин биринчи марта қора энергияни кашф этишга ёрдам берган супернова маълумотларини қайта кўриб чиқди. Улар бу юлдузлар портлаши бир хил ёрқинликка эга деб ҳисоблаш ўрнига, уларни келиб чиққан галактикаларнинг ёшига мослаштирдилар ва суперноваларнинг ҳақиқий ёрқинлиги қандай бўлганини аниқладилар.
Ушбу мослаштиришлар нафақат қора энергиянинг вақт ўтиши билан ўзгарганини, балки ҳайратланарлиси, тезланиш секинлашаётганини кўрсатди.
"Коинот тақдири ўзгаради," дейди профессор Ли BBC News'га қатъий оҳангда.
"Агар қора энергия доимий бўлмаса ва у заифлашса, бу замонавий космологиянинг бутун парадигмасини ўзгартиради."
Агар профессор Лининг натижаларига кўра, галактикаларни бир-биридан узоқлаштирувчи куч – қора энергия заифлашаётган бўлса, у шунчалик кучсизланиши мумкинки, тортишиш кучи галактикаларни қайтадан бир-бирига торта бошлайди.
"Коинот Катта узилиш билан якунланиш ўрнига, энди Катта сиқилиш содир бўлиши мумкин.
Қайси натижа устун келиши қора энергиянинг ҳақиқий табиатига боғлиқ, биз ҳали ҳам бунинг жавобини билмаймиз," дейди профессор Ли.
Профессор Лининг ишларини ҳамкасб экспертлар текширган ва RAS'нинг нуфузли журналида чоп этилган. Аммо унинг хулосаларини Кембриж университети Астрономия институти профессори Жорж Эфстатиу каби соҳадаги кўплаб етакчи астрономлар қабул қилмаган.
"Менимча, бу шунчаки суперноваларнинг тартибсиз хусусиятларини акс эттиради, – дейди у. – Ёш билан боғлиқлик унчалик кучли эмас, шунинг учун «коррекция» қилиш хавфли деб ўйлайман. Бу мен учун ишонарли эмас."
Кўпчилик олимлар фикрича, Коинот ҳамон деярли ўзгармас қора энергия таъсирида тезлашмоқда.
Аммо профессор Ли бундай танқидларга қаттиқ эътироз билдиради.
"Бизнинг маълумотларимиз 300 та галактикага асосланган. Статистик маълумотларга кўра, бу тасодиф бўлиш эҳтимоли триллиондан бирга тенг. Тадқиқотимиз жуда катта аҳамиятга эга эканлигига ишончим комил."

Сурат манбаси, Marilyn Sargent/Berkeley Lab
Жанубий Корея олимлари тадқиқоти натижаларидан сўнг, икки гуруҳ тадқиқотчилар баъзи суперноваларнинг ёрқинлигини қайта баҳолади. Улар март ойидаги DESI натижаларига асос бўлган олдинги тадқиқотни кўриб чиқдилар. Қора энергия ўзгараётгани ҳақидаги даъво жуда баҳсли бўлгани учун март ойидаги натижаларни қайта текшириш мақсадида шундай қилишга тўғри келди.
Иккала гуруҳ ҳам дастлабки тахминлардан бироз чекинган бўлса-да, чуқур текширувлардан сўнг ҳам бу тахминлар бутунлай рад этилмади.
Шу сабабли, коинот бизга ўзининг асл табиати ҳақида секин-аста маълумот беряптими ёки астрономлар самовий сароб кетидан қувяптими – бу борадаги қизғин мунозаралар давом этаверади.
Ушбу мавзу бўйича юзлаб илмий мақолалар чоп этилган ва астрономлар қайси тушунтириш энг яхшиси экани масаласида якдил эмас. RAS директори ўринбосари, профессор Роберт Массининг фикрича, бу ёмон эмас.
"Коинот қандай тугашини ва қандай бошланганини тушунишни ким истамаслиги мумкин? – дейди у. – Инсоният, диний нуқтаи назарданми ёки илмий нуқтаи назарданми, бундан қатъи назар, доимо бунга қизиқиб келган."
"Ўйлаб кўринг, миллиардлаб йиллардан сўнг ҳамма нарса қандай тугашини билиш имконияти ажойиб эмасми?"





























