10 дақиқанинг ичида 100 та зарба – Эрон сулҳи чиппакка чиқадими, Ал-Ақсо масжиди нима бўлади – Исроил бугун Қуддусдаги муқаддас қадамжоларни очмоқчи

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Яқин Шарқдан сўнгги тафсилотлар.
Аввалига қисқа сатрларда:
- Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг BBC га айтишича, Исроилнинг кеча, чоршанба куни Ливанга уюштирган ҳужумлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги муваққат сулҳ келишувини "жиддий бузган".
- Саид Хатибзода Исроилни Ливандаги "қирғин"да айблаган - соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, чоршанба куни у ерда 203 киши ўлдирилган.
- Хатибзода, шунингдек, агар АҚШ "тажовуз"идан қайтса, Ҳўрмуз бўғози қайта очилишини ҳам айтган.
Муваққат сулҳ бузиладими?
Уго Бачега
BBC нинг Яқин Шарқ бўйича мухбири, Байрут
Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги уруш муваққат оташкесимни чиппакка чиқарадими?
Бу ҳозир очиқ қолаётган саволлардан бири.
Исроил Ливандаги уруши ҳали битмаганини айтмоқда.
Ҳизбуллоҳ Исроилнинг ҳужумларига жавоб қайтаришга ҳақлимиз, деб турибди.
Гуруҳ Исроил шимолини ракета ҳужумига ҳам тутди.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги муваққат оташкесим Ливанни ҳам қамраш-қамрамаслиги ҳамон баҳс остида.
Кеча, чоршанба куни Исроил Ливанга энг қаттиқ зарбасини берди.
Исроил Ливанни 10 дақиқа тўхтовсиз ҳужумга тутди.
Соғлиқни Сақлаш вазирлиги билдиришича, улар камида 182 кишини ўлдирган ва 800 дан ортиғини яралаган.
Байрутдаги ҳужум нишонига айланган энг йирик сатҳда фавқулодда хизмат ходимлари соатлаб ишлашди.
Пойтахт марказига яқин ерда бунча вайронагарчилик юз берганига ишониш қийин.
Исроилнинг ҳужумлари Абдулқодир Маҳфуз акасини кўргани келган пайтга тўғри келган.
Бу ҳужумлар унинг акасини ҳам яралаган.
"Бу ерда тана парчалари кўп эди. Фақат одамларга зарар етаяпти. Улар нима қилишлари керак. Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Қанийди бомба бўлсам эди, дейман. Шунда ким жавобгар бўлса, портлата олган бўлардим. Душманда раҳм-шафқат йўқ", - дейди у.
Ливандаги кўпчилик Ҳизбуллоҳдан ғазабда.
Уларга кўра, гуруҳ мамлакатни исталмаган урушга тортган.
Одамлар Ливанни бунча вайрон қилгани учун Исроилдан ҳам норози.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Оташкесим кучда қолиши қанчалик имконли?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Ник Бик
BBC, Қуддуси Шариф
Энди бу кенгроқ сулҳ қанчалик барқарор, деган савол туғилади.
Кеча, чоршанба куни Исроил Ливанга 10 дақиқанинг ичида 100 та зарба берди.
Эрон ҳужумлар тўхтамаса, жим турмаслиги, жавоб қайтариши билан таҳдид қилмоқда.
Президент Трамп исроилликлар Эрон билан келишув шартларини бузмаётганига ишора қилди – Ливан билан боғлиғини "алоҳида можаро", деб атади.
Эслатиб ўтамиз:
- Сўнгги олти ҳафта ичида Ливанда 1500 киши ҳалок бўлди;
- Қурбонлардан 130 нафари болалар;
- Бир миллиондан ортиқ одам эса, ўз турар-жойларини ташлаб чиқди.
Исроил Бош вазири Нетаняҳу, унинг фикрича, АҚШ президентини Эронга зарба бериш вау ердаги режимни ағдариш учун қўшма амалиёт бошлашга кўндириш билан ўзининг бир умрлик сиёсий амбицияларига эришган.
Кеча кечқурун унинг Трамп ўз фикридан қайтгани ва Теҳронга зарба беришни тўхтатаётгани ҳақида фақат энг сўнггида хабар топганига оид гап-сўзларни рад этишига тўғри келди.
Нетаняҳу, шунингдек, агар лозим бўлса, Исроил Эрон билан урушни қайта бошлашга тайёр туришига ҳам ваъда берди.
Мухолифатдаги сиёсатчиларнинг айтишича, у ўз ҳарбий мақсадларига эриша олмаган:
- Музокаралар столига таклиф қилинмаган;
- Фақат ядровий қурол ишлаб чиқаришга ҳар қачонгидан ҳам интиқроқ бўлган янада қасоскор Эронни яратган;
Аммо Исроилнинг Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳига қаратилган, инсоний ва моддий талафотлар билан кечаётган уруши бу яқин истиқболда шундоқ ҳам мўрт бўлган сулҳ учун жиддий босим.
Исроил Қуддусдаги муқаддас қадамжоларни очмоқда

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Жоэл Гюнтер
BBC мухбири, Қуддус
Исроил полицияси Қуддуснинг муқаддас қадамжолари Яқин Шарқдаги можарода эришилган вақтинчалик сулҳ келишуви ортидан зиёратчилар ва ибодат қилувчилар учун қайта очилишини айтди.
Бу Ал-Ақсо масжиди мажмуаси, Йиғи девори ва Муқаддас қабр черковини ҳам ўз ичига олади.
Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида жойлашган бу сатҳлар уч йирик дин - Ислом, яҳудийлик ва насронийликда муқаддас, деб саналади.
Улар олти ҳафта аввал Исроил ва АҚШ Эронга бошлаган уруш туфайли ёпилган.
Рамазон Ҳайити, Пасха каби йирик диний айёмларда ҳам очилмаган, Фисиҳда ҳам жуда чекланган сондаги руҳонийларнинг сатҳга киришига изн берилган.
Одатда одамлар, тожирлар, сайёҳлар ва ибодатчилар билан гавжум бўлган Эски шаҳар бу орада тинчиб қолган, кўплаб дўкон ва савдо расталари умуман очилмаган.
Полициянинг таъкидлашича, муқаддас қадамжолар бугун, пайшанба куни эрталаб қайта очилади.
Хавфсизликни таъминлаш учун у ерга юзлаб қўшимча зобитлар юборилади.
Одамлардан эса, тирбандлик ҳоллари юзага келган тақдирда, сабр-тоқатли бўлишлари сўралган.
BBC.COM/UZBEK. Қисқача маълумот ўрнида:
Ал-Ақсо Исроил-Фаластин можароси тарихидаги энг қонлиларидан бири бўлган 2021 йилги қуролли низоларнинг ҳам марказида турган.
Воқеалар ўшанда президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон мусулмонларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.
Ўзбекистон ўша йиллари устма-уст расмий баёнот билан чиққан.
Расмий Тошкент Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини таъминлашга чақирган.
"Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини - статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаш"ларини расман баён қилганди.
Ўзбекистон постсовет маконидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Расмий Тошкент кеча, 8 апрел куни Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлаган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози кемалар қатнови учун очилиши шарти билан 2 ҳафталик оташкесим эълон қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, "агарда Эронга қарши ҳужумлар тўхтатилса" Эрон оташкесимга рози бўлади.
Исроил оташкесимни қўллаши, аммо бунга Ливан дохил эмаслигини билдирган.
Оташкесим ҳақидаги эълон президент Трамп томонидан душанба куни тунга қадар берилган муҳлат тугашидан аввал қилинган. Акс ҳолда АҚШ президенти "бутун бошли тамаддун йўқ қилиниши" билан пўписа қилганди.
Икки томон ўртасида воситачилик қилаётган Покистон томонларни жума куни Исломободга музокаралар учун даъват қилган.
Эроннинг оташкесим шартлари

Сурат манбаси, IRINN
Эрон давлат матбуоти Эрон оташкесимга рози бўлиши учун қуйидаги шартларни илгари сурганини маълум қилган:
1. Ироқ, Ливан ва Яманга ҳам ҳужумларни тўхтатиш
2. Эронга қарши урушни тўлиқ ва мутлақо муддатларсиз тўхтатиш
3. Бутун минтақа бўйлаб ҳар қандай можарога чек қўйиш
4. Ҳўрмуз бўғозини очиш
5. Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатнови эркинлиги ва хавфсизлигини таъминловчи протоколларни ишлаб чиқиш
6. Эрондаги вайронагарчиликларни қайта қуриш учун тўлиқ товон тўлаш
7. Эронга қарши жазо чораларини бекор қилишга содиқлик
8. АҚШ томонидан музлатилган маблағларни озод қилиш
9. Эрон ҳар қандай ядро қуролига эга бўлиш ҳаракатларини амалга оширмайди
10. Бу шартларга келишилган ҳолатда оташкесим ҳамма жабҳаларда кучга киради.
Трамп учун урушдан чиқишнинг қимматга тушадиган йўли
Вашингтогн вақти билан соат 18:32 да АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Эрон билан музокараларга йўл очиш учун 2 ҳафталик оташкесим ҳақида келишувга эришилганлигини маълум қилди.
Соат 20.00 га қадар келишувга эришилмаса Эрон энергия ва транспорт инфратузилмалари ер билан яксон қилиниши ҳақида айтилган муҳлат яқинлашиб келмоқда эди.
Бу келишув жаноб Трампга ё урушни кучайтириш ё ўз обрўсига путур етказиб, айтган сўзидан ортга чекиниш каби ўта мушкул танловдан бир қадар тин олишга имкон яратади.
Лекин бу тин олиш муваққат бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам бор.
Эндиликда Эрон ва АҚШ доимий келишувга эришиш йўлида 2 ҳафталик музокараларни ўтказишлари назарда тутилган.
Музокаралар қийин ўтиши башорат қилинмоқда.
Аммо оташкесим ҳақидаги келишувдан сўнг жаҳон бозорларида нефт нархи 100 доллардан камроққа тушди ва бу хушбинлик белгиси сифатида кўрилмоқда.
Америка обрўсига етказилган зарар

Сурат манбаси, Getty Images
Жаноб Трампнинг "бутун бошли цивилизация ер юзидан йўқ қилинади" деган пўписаси оташкесимга не қадар туртки берганини айтиш қийин, аммо АҚШ президентининг ундан 2 кун аввал ҳаммани ҳайрат ва даҳшатга солган сўкиниш сўзлари билан қилган изҳоротлари АҚШ раҳбарияти тарихида мисли кўрилмагандир.
Ҳозирда эришилган 2 ҳафталик муваққат оташкесим доимий тинчликка олиб келмаса ҳам Эрон уруши бутун жаҳоннинг АҚШга нуқтаи назарини ўзгартириб юборди.
Бир вақтлар жаҳон бўйлаб барқарорлик пойдевори сифатида кўрилган АҚШ ҳозирда халқаро тартиб асосларини хатар остига қўймоқда.
Дастлаб ички сиёсатдаги анъана ва қабул қилинган нормаларни бузган президент ҳозирда халқаро саҳнада ҳам шундай йўл тутмоқда.
Демократлар партияси президент Трампни қаттиқ танқид қилиб, "мамлакатни бошқариш учун лаёқатли эмас" деган даъвони ҳам қилишди.
Исроил Ливан жанубига ҳужумларни давом эттирмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ Эронни бомбардимон қилишни тўхтатгани ва Покистоннинг ҳарбий амалиётлар тўхтатилиши кераклиги ҳақидаги баёнотларига қарамай, Исроил Ливан жанубига ҳужум қилишда давом этмоқда.
Ҳаво ҳужумлари, жумладан, жанубий Тир ва Набатия шаҳарларини ҳам нишонга олди. Бу АҚШ-Эрон сулҳи эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач содир бўлди.
Исроил "Ҳизбуллоҳ" мавқеларини ўққа тутмоқда ва Ливан жанубидаги аҳолини маҳални ташлаб чиқишга даъват қилган. Бу ҳолат сулҳ келишуви Ливандаги "Ҳизбуллоҳ"га қарши Исроил ҳарбий ҳаракатларига ҳам тегишли ёки йўқлиги борасида ноаниқлик мавжуд бўлган бир пайтда содир бўлмоқда.
Исроил АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга қарши ҳужумларни икки ҳафтага тўхтатиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Бироқ, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил Ливанга ҳужум қилишни давом эттиришини таъкидламоқда, чунки у Эрон билан урушдаги сулҳ Ливанга тааллуқли эмас деб ҳисоблайди.
Бу Эрон билан оташкесимга эришиш ҳаракатларида воситачилик қилган Покистоннинг Ливандаги амалиётлар ҳам тўхтатилиши ҳақидаги баёнотига зид келади. Можарода воситачилик қилган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон ва АҚШ ўртасидаги икки ҳафталик сулҳ "ҳамма жойда, жумладан, Ливанда" ҳам амал қилишини айтганди.
"Ҳизбуллоҳ" ўз навбатида оташкесимга эришилганидан бери Шимолий Исроилни ўққа тутишни тўхтатган кўринади. 2-март куни Исроилга ҳужум қилиб, Ливанни Яқин Шарқ урушига тортган гуруҳнинг 8-апрель куни соат 1:00 дан бери ҳеч қандай ҳужумлари ҳақида хабарлар йўқ.
"Ҳизбуллоҳ" ҳозирча Исроилнинг янги ҳужумлари ҳақида изоҳ бермади. АҚШ-Исроилнинг Эронга қарши урушида оташкесим эълон қилинганидан сўнг, Ливан расмийлари "Ливанни минтақавий тинчликка интеграция қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни" давом эттиришларини маълум қилишди.
Бироқ, сулҳ эълон қилинганидан кўп ўтмай, Исроил "Ҳизбуллоҳ"га қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатиш ниятида эмаслиги маълум бўлди. Чоршанба куни Исроил ҳарбийлари Байрутнинг жанубий чеккалари аҳолисини эвакуация қилишга чақирди.

Сурат манбаси, Getty Images
Форс кўрфази давлатлари узра ҳужумлар
Эрон билан АҚШ 2 ҳафталик оташкесим эълон қилганларидан сўнг ҳам минтақадаги баъзи давлатлар Эрон томонидан ҳужумлар ҳануз юз берганини хабар қилишган.
Бу ҳужумлар Эрон раҳбарияти фармони асосида амалга оширилаётганидан далолат бермайди. Чунки Эронда минтақавий қўмондонларга ҳужумларни амалга ошириш қарорини олиш салоҳияти берилганди ва оташкесим ҳақидаги келишув жойларга етиб боргунига қадар вақт олиши мумкин.
Қувайт эрталаб соат 8 дан бошлаб Эрон томонидан муттасил ҳужумлар бўлганини маълум қилган.
Расмийлар 28 та дрон уриб туширилгани, аммо мамлакат нефт, энергия ва сувни шўрсизлантириш тизимига катта моддий зарар етказилганлигини билдиришган.
Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги ракета ва дронларни уриб тушираётганини хабар берган. Вазирлик хабарида ҳужумлар Эрон томонидан келаётгани айтилган. Аҳолига эҳтиёт чораларини кўриш тавсия қилинган.
Аввалроқ Баҳрайнда Эрон дрон ҳужуми оқибатида 2 инсон жароҳатлангани маълум қилинганди. Аммо бу ҳужумлар оташкесим эълон қилинишидан сўнг юз берганми йўқлиги айтилмаган.































