Ўзбекистон: Тошкент ҳокимини ўзбошимчаликда айблаяптилар

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов

Сурат манбаси, Toshkent shahar hokimligi Matbuot xizmati

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Тошкент шаҳри раҳбарлари йўл ва кўчаларни янада замонавийлаштириш, пиёдалар учун қулайлик мақсадидаги ободонлаштириш ҳаракатлари давом этаётганини айтмоқдалар.

Фаоллар эса шаҳар маъмуриятини Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мулк дахлсизлиги бандини поймол этиш, ўзбошимчалик билан тадбиркорлар мол-мулкини вайрон этишда айбламоқдалар.

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, активист, Экология ва Иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маслаҳатчиси Расул Кушербаев Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқовга мурожаат қилди.

Ўз видео мурожаатида Расул Кушербаев, Тошкент шаҳрида дарахтлар кесилиши, электр автомобиллари учун зарядлаш жойларининг бузилиши ва суд қарор чиқармасдан туриб айрим хусусий мулк объектларининг вайрон этилиши жамоатчиликда катта норозилик уйғотяпти, деди.

"(Тошкент) энг экологик ёмон ҳудудга айланиб қолди. Ҳавоси ифлос ҳудудга айланиб қолди, аллергик касалликлар тарқаган ҳудудга айланди", деди Расул Кушербаев.

Собиқ парламент депутатига кўра, Тошкент шаҳри ҳокимининг айрим қарорлари мамлакат конституциясида кафолатланган хусусий мулк дахлсизлиги ва қонуний тартибларга зид амалга оширилаяпти.

Расул Кушербаевга кўра, Тошкент шаҳри бошқарувида очиқ мулоқот камайиб, айрим қарорлар жамоатчиликка тушунтирилмасдан қабул қилинаяпти.

Электромобилни қувватлаш

Сурат манбаси, PA

Ўзининг очиқ гапириши билан танилган иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Тошкент шаҳрида март ойида кузатилган ҳодисаларни олдинги режимнинг қоронғу кунларига қиёслади.

"Охирги ҳафталардаги Тошкентда бўлаётган ишлар Каримов Ўзбекистони давридаги бошбошдоқликларини эслатади. Ҳокимият тадбиркорлар билан нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин, қонунга ҳавола ва адолатга таваллолар иш бермайди", деб ёзди Телеграмдаги bakiroo каналида.

Отабек Бакиров ўз чиқишида шаҳар раҳбариятининг электр автомобилларини қувватлаш станциялари ва дўконлар пешлавҳаларини ўзгартиришга қандай ёндашаётганига урғу қаратди.

"Spot.uz мухбирининг пойтахт замҳокимидан иқтибос келтиришича, электр қувватловчи станцияларнинг ўчирилиши мажбурий чора эмиш, регламентни янгилашаётган эмиш, Жаҳон банки билан ҳамкорликни йўлга қўйишганмуш (Жаҳон банкининг хабари борми бундан?)", деб савол қўйди bakiroo.

Комил Жалилов кўрсатувда

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевга кўра, Тошкентда электромобилларни қувватлантириш билан шуғулланадиган ширкатлар қонунчилик талаблари, техник, ўт ўчириш хавфсизлиги қоидаларини бузиб фаолият юритганлар.

Шаҳардаги 101 та қувватлаш станциясини вақтинча ўчиришга қарор қилинган.

Ҳоким ўринбосари Бахтиев электромобилларни қувватлантириш шохобчаларининг тармоқдан узилиши вазиятини "ҳам шохобча операторлари, ҳам электромобил эгалари — барча учун мағлубиятли ҳикоя" деб таърифлади.

Ижтимоий тармоқларда ушбу қадамлар худди GM Uzbekistan дек электромобиллар бозорини ҳам бир монополистга бериш, қолган рақобатчи ширкатларни мамлакатдан сиқиб чиқариш мақсадини кўзлаган ҳаракатлар сифатида ҳам кўрилди.

Суд қарорисиз тилка-пора қилинган дўконлар

Бузилган автобус бекатидаги дўкон

Сурат манбаси, Telegram/bakiroo

Тошкент шаҳри маъмурияти бутун пойтахт бўйлаб бекатлардаги дўкон ва киоскларни бузиш кампаниясини бошлагани ортидан танқидлар кўпайди.

Vaqt.uz веб-сайти хабар қилишича, Тошкент шаҳридаги автобус бекатларидаги 110 тижорат иншооти кўчирилган, шаҳар ҳокимлигига кўра, шулардан 61 таси ушбу ҳудуддан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этолмаганлар.

Vaqt.uz суҳбатлашган тадбиркорлар бўлаётган жараёнларни ўзбошимчалик деб таърифлаганлар.

"Улар бизга уч кунлик огоҳлантириш бердилар. Уч кундан кейин келиб ҳамма нарсани бир кунда бузиб ташладилар. Ўзимизга тегишли товарларни зўрға чиқариб ололдик. Улар суд қарорисиз буздилар. Биз уларга айтдик: "Бизнинг 12 квадрат метрга кадастр тасдиқлаган ҳужжатларимиз бор". Улар ҳатто ҳужжатларимизга ҳам қарашмади ва бузишни бошладилар", деди дўкондорлардан бири YouTubeда эълон қилинган видеода.

Шу муносабат билан янада кенгроқ саволлар ҳам ўртага ташланди.

"Агар сен автобус бекатида кичкина киоск қўймоқчи бўлсанг, 15 минутнинг ичида 15 та инспектор пайдо бўлади. Хўш, юзлаб автобус бекатларидаги дўконларга рухсатни ким берган? Бу шуни англатадики, агар рухсат берган расмий топилмаса, масъулиятни шаҳар маъмурияти ўз зиммасига олиши керак, товон пули ва дўконлар учун муқобил жой бериши керак", деди ишбилармонлардан бири.

Тошкент шаҳри матбуот хизмати раҳбари Гулноза Қосимованинг Vaqt.uz га айтишича, автобус бекатларидаги дўконлар бузилишлари Ўзбекистон президентининг 2022 йили қабул қилинган "Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори"га асосланган.

Тошкент шаҳри матбуот котиби сўзларига кўра, ушбу амаллар "ўсиб бораётган шаҳар аҳолиси ва кенгайиб бораётган автобус тизими учун янада яхши шароит барпо этиш" мақсадини кўзлаган.

Мулк ҳуқуқи фақат "қоғозда мавжуд"

Таклиф этилаётган Тошкент шаҳри кўчалари ва автобус бекати намунавий кўриниши

Сурат манбаси, Timez.uz

Сурат тагсўзи, Расмийларга кўра, энди Тошкент шаҳри дўконлари ва бекатлари кўринишига бир хил талаб қўйилади

Дўконлар бузилишига иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров кескин танқид билдирди.

"Янгиланган Конституциянинг мулк дахлсизлиги кафолатлари Тошкентда бекор бўлдими?", деб савол қўйди у.

"Янгиланаётган Конституция мол-мулкдан маҳрум этилишига чек қўяди" деган 3 йил аввал ҳар бир карнайдан янграган баландпарвоз гаплар шунчаки шиормиди?, деб ёзди bakiroo Телеграм канали.

Журналист Анора Содиқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг "давлат амалдорлари фақат халққа хизмат қилишлари лозим" деган сўзларини эслатди.

"Ўзбекистонда ҳокимлар аҳоли томонидан сайланмайди, балки юқоридан тайинланади. Сайланмаган раҳбар жамоатчилик олдида эмас, уни тайинлаган тизим олдида ҳисобдор бўлмоқда. Аҳоли норозилиги эса четда қолмоқда. Юқорида айтилган "давлат идоралари халққа хизмат қилади", деган иборалар қоғозда қолиб кетаётгандек", деб ёзди uzdiplomat.uz.

Ўзбекистондаги "Юксалиш" ҳаракатининг раҳбари, Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов "Тошкентдаги демонтаж ишлари ноқонуний" деб баёнот берди.

"Муаммо тизимда"

Таълим соҳасида эксперт Комил Жалилов фикрича, муаммонинг илдизи индивидуал ҳокимларда эмас, балки тизимнинг ўзидадир.

"Муаммонинг илдизи ҳокимларда эмас. Муаммонинг илдизи - ҳокимларга чексиз ваколат бериб, улардан "ҳамма нарсага балоградон" бўлишни талаб қиладиган тизимда", деб ёзди у Jalilov. Qaydlar Телеграм каналида.

"Бирон бир нормал давлатда кўрганмисиз, ижро ҳокимияти раҳбариятининг кунда-кунора мажлис ўтказиб, дейлик, ички органларга тергов фаолиятини қандай олиб бориш ҳақида, педагогларга қайси дарсликлардан дарс ўтиш ва ўқувчилар билимини баҳолашни қандай ташкил қилиш ҳақида, олий таълим вакилларига талабалар неча кун университетда ўқиши ва неча кун амалиётга чиқишлари кераклиги ҳақида гапирганини? Мен, масалан, кўрмаган", деб ёзди Комил Жалилов.

Ҳокимият ҳар бир бўғинининг компетенцияси, ваколат ва масъулият доираси, шуғулланадиган ва шуғулланмайдиган масалалари аниқ белгилаб қўйилиши зарурлигини таъкидлайди маориф эксперти.

"Дейлик, шифокор - спортни, иқтисодчи - таълимни, енгил саноатчи - ташқи ишларни бошқаради. Ва табиийки, кейин уларнинг ҳар бир қадами, қарорини назорат қилиш хоҳиши ёки эҳтиёжи пайдо бўлади. Ва кейин "нега муаммолар фақат ижтимоий тармоқларга чиқиб кетса ёки "тепа"нинг эътиборига тушсагина ҳал бўлади?" деб ҳайрон бўламиз. Чунки ўзимиз шундай тизим қуриб қўйганмиз", деб ёзди Комил Жалилов.