Эрон уруши: Ўзбекистон ҳаракатлари нимани англатади?

Сурат манбаси, Rasmiy (illyustrativ surat, arxiv)
Эрон уруши манзарасида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон қандай мавқеда? Бу савол жавоби оддий ёки бир тарафлама эмасга ўхшайди.
Ўзбекистон ҳеч бир томонни очиқ қўллагани йўқ.
Айни пайтда, Ўзбек тилли ижтимоий тармоқлар, матбуотдаги чиқишлар ё таҳлилларда бир воқеликни илғаш мумкин:
Ўзбек жамиятидаги фикр билдираётганларнинг салмоқли қисми айни масалада АҚШ ва Исроилга қарши ҳамда Эронни қўллаётгандек.
Аммо расмий Тошкент мавқеи кўпроқ мамлакат эҳтиёжлари ва узоқ муддатли режаларига мос тарзда намоён бўлаётгандек кўринади.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат манбаси, Rasmiy
Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон Эронга инсонпарварлик ёрдамлари юборган.
Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг Эрон халқига кўмак юборилгани ҳақидаги билдириши эҳтиросли баёнотлардан ҳоли ва мамлакатнинг мавжуд низода қандайдир мавқеда туришига оид бирон ишора бермайди.
Унда қандай озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар юборилгани ва Эрон тарафи бу кўмакни "икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси эканини" таъкидлашгани қайд этилади.
Тошкент хавотири
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган ҳужумлари ортидан расмий Тошкент хавотир билан чиққан ва "олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатлардан" огоҳлантириб, тарафларни "оғир-вазминликка" чорлаганди.
"Вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаймиз", дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги низонинг илк кунларида чиқарган баёнотда.
Орадан кўп ўтмай Эрон тарафи мамлакат олий диний раҳбари Али Хоманаийнинг ўлдирилиши муносабати билан Ўзбекистон президенти таъзия билдириб, мактуб йўллаганини ёзиб чиқди.
Эронга ёрдам юбориш ёки айнан Ақш-Исроил ҳужумларида ўлдирилган диний етакчи учун таъзия билдириш, сўннги пайтлари Ғарб, хусусан, АҚШ билан муносабатлари ривожланаётган мамлакат учун ғалати кўриниши мумкин.
Шу қаторда, Ўзбекистон ва умуман минтақадаги аксар бошқа давлатлар ҳам бу каби баёнотлар ёки ёрдамлари билан Эрондаги тузумни қўллашмоқда, дейиш ноўриндек.
Улар Эронни яқин қўшни ҳамда ҳар қандай шароитда ҳам муносабатларни узиб бўлмайдиган муҳим давлат сифатида кўрадилар.
Дейлик, Ўзбекистон токи 2021 йилгача Ашраф Ғани бошқарувидаги Афғонистон билан ҳам, ундан кейин қудратни эгаллаган Толибон билан ҳам яхши алоқаларни ушлаб келмоқда.
Яъни қандай тузум ҳукмрон бўлмасин, Афғонистон Ўзбеклар учун Жанубий Осиёга элтадиган муҳим транзит ҳудуд, келажакдаги муҳим иқтисодий ҳамкор ва доимо ёнма-ён яшаш керак бўлган қўшнидир.
Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиёнинг Эрон билан алоқалари Россия, Хитой ва ёки Туркия билан бўлгани каби даражада жипс эмас.
Аммо Форз кўрфазига элтадиган йўл ва савдо-иқтисодий ҳамда маданий ҳамкор сифатида сўнгги йиллари ўртадаги муносабатлар мустаҳкамланаётгани кузатилади.
Айниқса, очиқ денгизларга чиқиш учун камида икккита мамлакатни кесиб ўтиши керак бўлган Ўзбекистон учун Эрон муҳим ҳудуд саналади.
Мамлакат узоқ йиллар ташқи дунёга чиқиш учун, асосан, Россияга қарам бўлиб келган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Сўнгги пайларда эса Хитой орқали шарққа, Афғонистон ҳудуди бўйлаб Жанубий Осиёга, Каспий ва Озарбайжон ёрдамида Ғарбга ҳамда Эрон орқали Форс Кўрфазига чиқиш орзулари амалга оша бошлаётган эди.
Шаксиз, Эрон ва Афғонистондаги нотинчликлар кўплаб йирик лойиҳаларга ёки режаларга тўғаноқ бўлиши бўлиши эҳтимоли катта.
Аммо масаланинг кўп жиҳати низо қанчалик чўзилишига ва АҚШ-Исроил ҳужумларидан кейин Эрондаги вазият қай тарафга ўзгаришига боғлиқ.
Айни пайтда, очиқ денгизлардан узоқда жойлашган, қарийб бир аср давомида фақат Россия йўлига боғланиб қолган мамлакат учун бугун ташқи дунёга чиқадиган янги йўлларини кўпайтириш, атрофидаги барча минтақалар билан транспорт ва логистика бобида ҳамкорлик қилиш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш жуда муҳим.
Бу орзуларнинг амалга ошиши эса қўшни мамлакатлардаги вазиятга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг охирги йиллардаги режалари ва дадил саъй-ҳаракаталарига қараганда, Тошкент ушбу масалада ўзи танлаган йўлдан осонликча қайтадиганга ҳам ўхшамайди.





























