Сунъий идрок қандай қилиб Россия дезинформациясини янада қувватлантирмоқда?

Сунъий интеллект ёрдамида ясалган видеодан скриншот

Сурат манбаси, Social Media

Сурат тагсўзи, Лондон Қироллик коллежи эълон қилган видео сунъий интеллект ёрдамида сохталаштирилган, худди Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоеванинг рус тилидаги сохта видеосидек, коллеж ўқитувчиси Доктор Рид гаплари Россия манфаатига ўзгартирилган.
    • Author, Daria Mosolova
    • Role, BBC Monitoring
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Лондон Қироллик коллежи профессори Алан Рид ҳам ҳар қандай оддий ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси каби ўзининг лентасида вақти-вақти билан пайдо бўлиб турадиган дипфейкларга эътибор бермасди. Гоҳида улар ҳақида шикоят қилар, гоҳида шунчаки ўтказиб юборарди.

Аммо бир куни номаълум аккаунт уни унинг ўзи акс этган видеога тэг қилди.

Видеода доктор Риднинг овозидан деярли фарқ қилмайдиган ясама овоз Франция Президенти Эммануэл Макронни қоралар, уни ва бошқа Ғарб етакчиларини "биқинида "Европа Иттифоқи" ёзуви ёзилган Титаник кемасида кетаяптилар", деб сиёсий айбловлар ёғдирарди.

"Бу видеодаги деярли ҳамма нарса жуда ёқимсиз ва қулоққа даҳшатли эшитиларди, – деди сиёсатга ҳеч алоқаси бўлмаган тажрибали театр профессори доктор Рид Би-би-сига берган интервюсида. – Бу менга мутлақо бегона қилиқ".

Доктор Риднинг аватари сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда тарқалган. Россия билан боғлиқ ясама видеоларнинг янги тўлқини пайдо бўлди.

Хавфсизлик мутахассислари Ғарб Кремлнинг сунъий интеллект жабҳасидаги таъсирига қарши курашга тайёрланиши керак, демоқдалар.

"Биз нафақат дипфейкларнинг кўпайиши, балки таъсир ўтказиш услубидаги ўзгаришларга ҳам гувоҳ бўляпмиз", деди Европа Сиёсат Марказининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича таҳлилчиси Крис Кремидас-Кортни.

Iqtibos

"Биз арзимаган пул эвазига катта миқёсда ишонтириш қобилиятига эга тизимларга дуч келяпмиз. Менимча, бу сиёсий таъсир соҳасидаги инқилоб ва ҳозирги бошқарув тизимларимизнинг ҳеч бири бунга қарши туришга тайёр эмас".

Баъзилари юз минглаб марта кўрилган бу видеолар Европа Иттифоқи институтларини обрўсизлантиради. Уларда Россиянинг кенг кўламли босқини бешинчи йилига кирган бир пайтда Ғарбдан молиявий ёрдам олиш учун курашаётган Киев ҳукумати коррупцияда айбланади.

Бу ўсиш OpenAI видео яратувчи дастурининг сўнгги версияси – Sora2'ни чиқарганидан бир неча ой ўтиб юз берди.

Кремл устидаги юлдуз ва Россия байроғи

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқотчиларнинг ишонишича, бундай мазмундаги контентларнинг аксари ортида Кремлга боғланган дезинформация жамоалари турибди(Архив фотоси)

Технология гиганти соясида рақобатлашаётган сон-саноқсиз иккинчи даражали иловалар нархларни пасайтириш ёки ҳақиқий видеолардан фарқлаш учун қўлланадиган сув белгилари каби хавфсизлик чораларидан воз кечиш орқали мижоз жалб қилишга ўтди.

"Уларга мижоз керак", дейди россиялик сунъий интеллект мутахассиси Арман Тўғонбоев. Унинг айтишича, OpenAI муайян реал шахсларнинг видеоларини яратишга тўсиқ қўяди, "иккинчи даражали иловаларда эса бундай чеклов йўқ".

OpenAI Би-би-сига ғаразли мақсадда яратилган, жумладан, ҳақиқий манбаси кўрсатилмаган контент тарқатадиган аккаунтларга қарши чора кўришини айтди.

Технологик пойга хорижий ташвиқот кампанияларининг ҳажми ва мураккаблиги доимий ошишига сабаб бўлмоқда ҳамда Россиянинг Ғарб билан гибрид можаросидаги мавқейини мустаҳкамламоқда.

Декабр ойи охирида TikTok'да сунъий интеллект орқали яратилган бир қатор видеолар оммалашди.

Уларда ёш поляк аёллари "Полексит", яъни Полшанинг Европа Иттифоқидан чиқишига чақираётгани тасвирланган эди.

A composite image of screengrabs from AI generated videos show two women looking at the camera while speaking while indoors, with the text 'AI-generated' overlain on top.

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Ўтган йил охирида тарқалган сунъий идрок ёрдамида ясалган сохта видеоларда ёш полшалик аёллар Полшани Европа Иттифоқидан чиқаришга чақириқлар қилдилар

"Бу Россия дезинформацияси эканлигига шубҳа йўқ, – деди Полша ҳукумати матбуот котиби Адам Шлапка. – Агар кимдир диққат билан қараса, бу видеоларда русча синтаксисни сезиши мумкин".

Полша Еврокомиссияни ушбу ҳодиса юзасидан TikTok'ка нисбатан текширув ўтказишга чақирди.

Ўшандан бери ушбу клипларни ва уларни жойлаштирган аккаунтларни ўчириб ташлаган TikTok 2023 йилда бутун дунё бўйлаб 75 дан ортиқ яширин таъсир ўтказиш операциясини тўхтатганини маълум қилди.

Буюк Британияда парламент аъзолари май ойида бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловларга Россия дипфейклари таъсир кўрсатиши мумкинлигини муҳокама қилди.

"Биз уларнинг бутун дунёдаги сайловларда кенг қўлланилганини кўрдик, Британия бундан истисно бўлади, деб ўйлашга асос йўқ", деди Буюк Британия Сайлов комиссияси бош ижрочи директори Вижай Рангаражан қонунчиларга.

Британиянинг "Онлайн хавфсизлик тўғрисида"ги қонуни дезинформацияни зарар сифатида аниқ таснифламайди. Аммо у платформаларни хорижий таъсир эканлиги тасдиқланган материалларни олиб ташлашга мажбур қила олади. Видеолар бир неча соат ичида вирус каби тарқалиши мумкин бўлган онлайн муҳитда бу жараён кўпинча ўта кўп вақт талаб этади.

Бундай постларнинг манбасини аниқлаш қийин. Аммо Ғарб тадқиқотчилари айтишича, уларнинг кўпчилигининг услубидан тортиб тарқатиш йўллларигача эътибор берсангиз, уларни Кремлга яқин уюшган дезинформация гуруҳлари билан боғлайдиган умумий белгиларни кўрасиз.

"Матрёшка" ёки "Ортиқча юклаш операцияси" деб номланган дезинформация кампаниялардан бири 2023-йилги сайлов пайтида Молдова президенти Майя Сандуни обрўсизлантирувчи ясама видеолар тўлқинини уюштиргани ишонилади.

Онлайн дезинформацияни кузатиб борувчи NewsGuard ташкилоти доктор Рид тасвирланган видео ортида ҳам айни шу тармоқ турган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи умумий белгиларни аниқлаганини маълум қилди.

Операция номи – "матрёшка" (ичма-ич жойлашган қўғирчоқлар) бу усулни акс эттиради: ёлғон даъво эски ёки бузиб кирилган ижтимоий тармоқ аккаунтларидан репостлар ва постлар билан ўраб олинади.

Украинага босқин бошида Ғарб санкция жорий қилган RT ва Спутник каби анъанавий Россия ташвиқот воситаларидан фарқли ўлароқ, бундай кампаниялар "маълум даражада ишонарли рад этиш имконини бериш орқали қарши курашни мураккаблаштиради", деди Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти таҳлил марказининг киберхавфсизлик ва технологиялар бўйича тадқиқотчиси Софи Уилямс-Даннинг.

Microsoft'нинг Таҳдидларни таҳлил қилиш маркази Storm-1516 деб номлаган тармоқни Клемсон университети тадқиқотчилари 2023 йилда вафот этган Евгений Пригожин бошқарган Кремл "троллар фабрикаси" аъзолари билан боғлади.

Би-би-си кўздан кечирган ва яқинда эълон қилинадиган тадқиқотда олимлар ижтимоий тармоқларда сохта хабарлар тарқалиш тезлигига оид бир мисол келтирдилар.

Уларнинг кузатишича, ҳар сафар Storm-1516, масалан, Володимир Зеленскийнинг "коррупцияга ботгани" ҳақида ёлғон хабар тарқатганида, бу хабар кейинги ҳафта давомида Х ижтимоий тармоғида Украина президенти ҳақидаги барча муҳокамаларнинг қарийб 7,5 фоизини эгаллаган.

"Бу ҳар қандай маркетинг компанияси фахрланса арзийдиган натижа", дейди тадқиқот муаллифларидан бири Даррен Л. Линвилл.