Янгиланмоқда. Эрон уруши: Трампнинг яна бир гапи бутун дунё бозорини ағдар-тўнтар қилди

Сурат манбаси, EPA
АҚШ Президенти Доналд Трампнинг битта пости бутун дунёдаги бозорларни ўзгартириб юборди.
У бошқа ижтимоий тармоқларга ишонмагани сабабли TruthSocial деб номланган социал медиа тармоғини ташкил қилган, АҚШ раҳбариятига тегишли муҳим қарорлар ўзларига тегишли матбуот каналларидан олдин TruthSocialда эълон қилинади.
23 март куни Вашингтонда тонг отиши билан Трамп Эрон билан яхши мулоқот қилгани ҳақида пост эълон қилгани яна нефт нархининг кескин тушиши, акцияларни юқорига сакраб кетишига сабаб бўлди.
"АҚШ ва Эрон ўртасида охирги икки кун ичида Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларимизни тўлиқ ва буткул ҳал қилиш бўйича жуда яхши ва самарали мулоқотлар бўлиб ўтганини маълум қилишдан мамнунман.
"Ушбу ҳафта мобайнида давом этадиган суҳбатларнинг чуқур, батафсил ва конструктив оҳангига асосланиб, мен уруш департаментига Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмаларига қарши ҳар қандай ҳарбий зарбаларни беш кун муддатга тўхтатишга буюруқ бердим, бу давом этаётган учрашувлар ва муҳокамаларнинг муваффақиятига боғлиқ. Ушбу масалага эътиборингиз учун раҳмат! Президент Доналд Трамп", деб ёзди ўз постида.

Эрталабдан қизил рангга бўялган акция бозорлари Трамп постига кескин бурилиш билан жавоб қайтарди.
Brent нефтининг нархи бирдан 13 фоиз пасайиб 96 долларга тушди.
Савдолар бошида 2% пасайган Британия индекси FTSE 100 ярим фоиз кўтарилди.
Газ нархи ҳам тушди.
Трамп баёнотини таҳлил қилар экан, таҳлилчилар ҳамон кўп муҳим саволлар очиқ қолганига эътибор қаратишди.
Биринчидан, Трамп "жуда яхши ва самарали" деб таърифлаган мулоқот бўлиб ўтганини Эрон тарафи ҳозирча тасдиқлагани йўқ.
Бу мулоқотлар қайси мавзуга қаратилган?
Эрон баллистик ракеталаригами ёки уранни бойитиш дастуригами?
Ёки оддий ўт очишни тўхтатиш ҳақидами?
Ўт очишни тўхтатиш ҳақида сўралганида, 20 март куни Трампнинг ўзи буни рад этган эди.
Трамп айтмоқчи АҚШ ва Эрон мулоқоти Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнаши учун йўл очишни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин, дейди кузатувчилар.
23 март душанба кунини Осиё ва Европа фонд бозорлари нархлар тушиш билан қарши олди.
Reuters ахборот агентлиги хабар беришича, ривожланаётган дунё акция бозорида салмоқли улушни ташкил этадиган Осиё биржалари Яқин Шарқдаги инқироз тобора кучайиб бораётганига жавобан акциялар сотуви билан жавоб берди.
АҚШ Президенти Трамп агар Ҳўрмуз бўғозини 48 соат ичида очмаса, Эронни "ер билан яксон қилиш" билан таҳдид қилди, Исроил Мудофаа вазири Эрон билан уруш "ҳафталар"га чўзилишини айтди, суюлтирилган газ, унинг ортидан жаҳонда озиқ-овқат қимматлашиши рўй бериши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар билдирилди.

Сурат манбаси, Reuters
Осиё давлат облигациялари 3,3% арзонлади, бу феврал ойидаги баланд нуқтасидан 12 фоиз қулади деганидир.
Одатда энг юқори чўққидан 10% фоиз тушиш бозорларда тузатиш ҳудуди деб кўрилади.
Сеул акциялари 6, 5% га пасайди, Тайван, Бангкок, Мумбай, Истанбул, Варшава ва Йоханнесбургда акциялар 2% дан кўпроққа пасайди. Гонконг, Шанхай ва Ветнамдаги бозорлар пасайиши 3% атрофида бўлди.
22 март куни Эрон, мабодо Президент Трамп ўзининг Ҳўрмуз очилмаса, Эроннинг электр таъминоти тизимига қарши ҳужумлар бошлаши ҳақидаги таҳдидини ҳаётга татбиқ этса, Форс кўрфазидаги қўшни мамлакатларнинг энергетика ва сув инфратузилмаларини нишонга олиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.
Кузатувчиларга кўра, можаро ўзининг тўртинчи ҳафтасига кирар экан, инқироз тез орада ҳал бўлади деган умидлар барбод бўла бошлади.
"АҚШ томонидан Эронга Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш учун бугун кечгача берилган ултиматум савдо ҳафтасининг асабий ва ўзини ўзи ҳимоя кўринишида бошланишига олиб келди, чунки инфляция хавотирлари сармоядорларнинг кайфиятини бузишда давом этмоқда", деди Societe Generale ширкати таҳлилчиси Кеннет Бру.
Душанба тонгида Brent нефтининг нархи 1% кўтарилди ва бир баррели нархи $113.40 долларни ташкил этди.
Эроннинг олий даражадаги хавфсизлик органи ҳисобланадиган Мудофаа Кенгаши баёнот эълон қилди, унда "душман бўлмаган давлатлар"нинг Ҳўрмуз бўғозидан ўтишининг ягона йўли "Эрон билан мувофиқлаштириш" эканлигини айтди.
Эрон оммавий ахборот воситалари эълон қилган баёнотда Кенгаш, "душманнинг Эрон қирғоқлари ёки оролларига ҳужум қилишга ҳар қандай уриниши" Форс кўрфази ва қирғоқбўйи ҳудудларидаги "барча кириш йўллари"нинг "турли хил денгиз миналари, жумладан, қирғоқдан жойлаштирилиши мумкин бўлган сузиб юрувчи миналар билан миналанишига" олиб келишини айтди.
Бундай ҳужум содир бўлган тақдирда, "Ҳўрмуз бўғозидан ташқари, бутун (Форс) кўрфази амалда блокланади ва "масъулият тажовузкорга тегишли" бўлади, деб қўшимча қилинади баёнотда.
22 март. Эрон ракеталаридан Исроилнинг ядровий объектига яқин шаҳарларда 160 киши яраланди

Сурат манбаси, EPA
Исроил фавқулодда хизматларининг маълум қилишича, мамлакат жанубидаги ядровий иншоот яқинида жойлашган икки шаҳарга Эрон томонидан берилган ракета зарбалари натижасида 160 дан ортиқ киши жароҳатланган, уларнинг баъзилари оғир аҳволда.
Расмийларга кўра, шанба оқшомида баллистик ракеталар ушбу шаҳарларга келиб тушганидан сўнг, Арадда 84 киши ва Димонада яна 78 киши тиббий муолажа олмоқда.
Халқаро атом энергияси агентлиги Димонадан тахминан 13 км узоқликда жойлашган ядровий тадқиқот марказига зарар етгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.
Шанба куни Эрон давлат телеканали ушбу зарбалар аввалроқ Эроннинг Натанз ядровий иншоотига қилинган ҳужумга жавоб эканлигини эълон қилган эди.
Якшанба куни Эроннинг Тел-Авивга берган ракета ҳужуми натижасида камида етти киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда фавқулодда хизматлар.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, 28 февралдаги АҚШ-Исроилнинг Эронга ҳужумидан бери Теҳрон Исроилга 400 та ракета отди. Уларнинг 92 фоизи уриб туширилган, дея қўшимча қилди у.
Араднинг маҳаллий аҳолиси шанба куни эшитилган портлашлар даҳшатли бўлганини айтишди. Ракета бир нечта биноларга жиддий зарар етказган ва чуқур ўра ҳосил қилган.
Шаҳардаги фелдшер Нарам Заид BBC News нашрига берган интервьюсида, шикастланган бино ичидаги буюмлар остида қолиб кетган "кўплаб бош ва кўкрак қисмидан жароҳат олган болаларни" кўрганини айтди. "Мен бошидан жароҳат олган, юзи синган шиша парчаларидан қон бўлган 10 ёшли қизчани тинчлантиришга ҳаракат қилардим", - дея қўшимча қилди у. "У тез ёрдам машинасига чиқишдан бош тортди, чунки ота-онаси ҳали ҳам бино ичида эди. Биз унинг ота-онаси вайрон бўлган кўп қаватли уйдан олиб чиқилишини кутдик ва кейин уларнинг барчасини шифохонага юбордик".
Зарба оқибатида иккита турар-жой биносининг ташқи деворлари ўпирилиб кетган. Негев чўлидаги ушбу ултра-ортодокс шаҳарчада қора костюм кийган эркаклар тўдаси вайронагарчиликка тикилиб турарди.
Яқин атрофдаги Димона шаҳри ҳам шунга ўхшаш ракета зарбасига дучор бўлди. У ердаги кўплаб жароҳатланганлар орасида 10 ёшли бола ҳам бор. Шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.
"Димона ва Арадда ҳам ракеталарни тутиб қолувчи қурилмалар учирилди, бироқ улар нишонни ура олмади. Натижада оғирлиги юзлаб килограмм бўлган жанговар каллакка эга баллистик ракеталар тўғридан-тўғри келиб урилди", - деди Исроил ўт ўчирувчилари.
Эроннинг Исроил ичкарисида бундай зарар етказишда давом этаётгани урушнинг инсоний талофатлари нақадар оғир эканлигини эслатиб турибди. Ҳозирда ракеталар Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини қандай қилиб ёриб ўтганини аниқлаш бўйича шошилинч текширувлар олиб борилмоқда.
Бироқ ўтган ёздаги 12 кунлик урушда бўлгани каби, исроилликлар ушбу тизим мутлақ мукаммал эмаслигини билишади. Ўшанда бўлгани каби, бундай ҳужумлар халқ иродасини кучсизлантиришдан кўра, уни янада мустаҳкамлаши эҳтимоли юқори.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Негев чўлида жойлашган Шимон Перес номидаги Негев ядровий тадқиқот маркази халқ орасида кўпинча "Димона реактори" деб юритилади. Бу ерда Исроилнинг расман эълон қилинмаган ядровий қуроллари арсенали сақланиши анча вақтдан бери қабул қилинган ҳақиқатдир.
Расмий маълумотларга кўра, бу объект фақат тадқиқотлар билан шуғулланиши айтилади, аммо қарийб олтмиш йилдан бери Исроил у ерда ядро бомбасини ишлаб чиққани "очиқ сир" бўлиб келмоқда, гарчи кетма-кет алмашган ҳукуматларнинг ҳар бири бу масалада ноаниқ позицияни сақлаб келаётган бўлса-да.
Бу Исроилнинг Яқин Шарқдаги ягона ядровий давлат эканлигини англатади. Шунинг учун ҳам ушбу объект нишонга олинаётганига оид ҳар қандай ишора Исроил томонидан ўта жиддийлик билан қабул қилинади.

Сурат манбаси, Maxar
Исроил ҳам, АҚШ ҳам Эроннинг ядро бомбаси яратиш борасидаги ҳар қандай эҳтимолий салоҳиятини йўқ қилишни ушбу урушнинг асосий мақсади қилиб белгилаган.
Эроннинг Атом энергияси ташкилоти Натанзга қилинган ҳужумни Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг бузилиши деб атади. Шунга қарамай, ташкилот "радиоактив материаллар сизиб чиқиши" қайд этилмагани ва "атрофдаги аҳоли учун ҳеч қандай хавф йўқлигини" билдирди.
Натанз, шунингдек, 28 февралда бошланган урушнинг илк кунларида АҚШ-Исроил зарбалари нишони бўлган, шунингдек, ўтган июн ойидаги 12 кунлик уруш пайтида ҳам ҳужумга учраган.
Шанба куни Натанз ҳақида сўралганда, Исроил Мудофаа кучлари Исроил ва халқаро оммавий ахборот воситаларига ушбу ҳудудда амалга оширилган зарбадан хабардор эмасликларини маълум қилди.



























