Ўзбекистон: Кимсасиз Андижон адирини ёлғиз ўзи ўрмонга айлантираётган одам (Видео)

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Асака тумани марказидан бир неча километр нарида, адирликнинг тепасида бир уй бор. Уй атрофида на кўча, на қўшни, на дўкон. Фақат шамол, қуёш ва минглаб ёш ниҳоллар.
Мана шу уйда андижонлик Отабек Нуритдинов оиласи билан яшайди. Отабек ҳар куни кетмонини кўтариб, катта орзу билан ишга тушади. Орзуси оддий эмас: қуруқ, тошлоқ адирликни ўрмонга айлантириш.
Бунинг учун Отабек қарийб уч йилдан бери турмуш ўртоғининг ёрдами билан адирга кўчат экади.
Бугунга қадар қирқ мингга яқин кўчат экилди. Ярмидан кўпи тутиб, ер бағрида илдиз отди. Адир аста-секин яшил ҳудудга айланмоқда.
Тақир адирида ўрмон яратаётган Отабек Нуритдинов ҳақидаги лавҳани BBC Ўзбекнинг TikTok саҳифасида томоша қилинг:
Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири TikTok пост
Отабекнинг асли касби боғбонлик эмас. У Фарғона Политехника институтида ўқиган. Ўқишни тугатиб, Россияга меҳнат муҳожири сифатида кетган. Россияда ўн йилга қадар ишлаб, қайтди.
"Ўзбекистонга қайтиб келган пайтларимда ижтимоий тармоқларда минтақада сув танқислиги кучайиб бораётгани ҳақидаги маълумотларга кўп дуч келдим. Бу мавзу мени қизиқтира бошлади: Минтақамиз сув муаммосидан қандай чиқиши мумкин, Қирғизистон тоғларидаги музликлар нега тез эрияпти, келажакда иқлим қандай бўлади, олимлар қандай прогноз беряпти — шуларни кузатиб юрдим", — дейди у Би-би-си билан суҳбатда.
Бу саволлар уни янги бир ўйга олиб келди. "Ўзимга савол бердим: бу муаммоларга қарши мен нима қила оламан? Шу хаёллар орқали Асаканинг кимсасиз, яйдоқ адирларини ўрмонга айлантириш ғояси пайдо бўлди. Чунки дарахтлар намликни сақлайди, иқлимни юмшатади, деган хулосага келдим", — дейди Отабек.
Аммо бу йўл осон бўлмади. Отабек адирга биринчи кўчат эккан кунларини эслайди — дастлаб, атрофидагилар унга ишонмади.
"Бу ерга чиққан одамни юраги орқага тортиб кетади. Бу ер сизни ҳаётдан узиб қўяди", — дейди у. — "Бошида бу ерга келиб, иш бошлаганимда атрофимдагилар менга бир тентакка қарагандек қарашган. Ақли бор одам бу ерга пул сарфлармиди, деб ўзимга ҳам айтишган".

Сурат манбаси, Facebook/Отабек Нуритдинов
Лекин Отабекда ишонч бор эди. Ижтимоий тармоқларда Хитой ва Жанубий Кореяда чўлларни ўзлаштириш ҳақидаги видеоларни кўриб, ўзига савол берди: нимага улар уддасидан чиққан ишни биз қила олмаслигимиз керак?
"Мана ер, мана кўчат. Шу кўчатни ерга экиб, сув қўйилса, озгина меҳр билан парвариш қилинса, албатта кўкаради, деган ишонч билан иш бошлаганман", — дейди у.
Вақт ўтиб, натижалар кўрина бошлади. Шубҳа билан қараганлар фикрини ўзгартирди.
"Эккан кўчатларимизнинг тутганини кўриб, жуда кўп одамларнинг фикри ўзгара бошлади. Аввал умуман менга ишонмаганлар ишона бошлади".
Аммо ерга кўчат экишдан олдин бошқа тўсиқлар бошланди. Отабек адирликдаги бўш ерларга кўчат экиш таклифи билан ҳукуматга мурожаат қилди. Таклифни қўллаб-қувватлашди — лекин ерни аукцион орқали сотиб олиш шартлигини айтишди.
Отабек ерни 30 йилга аукцион орқали олди. Кейин бошқа муаммо чиқди: беш кун ичида фермер хўжалиги очиш керак экан.
"Бизнинг фаолиятимиз фермер хўжалиги эмас, биз дарахт экиб, даштни ўзлаштирмоқчимиз десак, қонунда бу нарсалар кўзда тутилмаган экан. Қонунга кўра, ердан фойдаланишнинг ягона йўли шу экан", — дейди Отабек.

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Шундай қилиб, у фермер хўжалигига айланди. Фермер бўлгач, солиқ мажбуриятлари ҳам бўйнига тушди. Ҳали биринчи кўчатни экмай туриб, қоғоз-бюрократия ва тўловларга тахминан 100 миллион сўм кетди.
Бошида 220 гектар ер олган эди — субсидия бўлар, томчилатиб суғориш учун давлат ёрдам берар, деган умидда. Лекин субсидиялар фақат полиз экинлари ва боғдорчилик учун бериларкан. Ўрмон хўжалигига мурожаат қилса, "сиз фермерсиз, бизга эмас, қишлоқ хўжалигига боринг" дейишди. Қишлоқ хўжалиги эса яна Ўрмон хўжалигига йўналтирди.
"Кўплаб ташкилотларнинг раҳбарлари билан тўғридан-тўғри алоқадамиз, маслаҳатлашиб турамиз, ёрдам беришни исташади, аммо қонунан ҳеч бир ташкилот менга ёрдам бера олмас экан", — дейди у.
Кейинчалик ернинг катта қисмини топшириб юборишга мажбур бўлди. Ҳозир қўлида 45 гектар қолди.

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Шунга қарамай, орзуси ўзгармади. Отабекнинг режасига кўра, бу ерда ўрмон шаклланиб, кийик, лама каби ҳайвонлар учун табиий муҳит яратилади. Одамлар дам оладиган маскан бўлади. Ўша масканнинг ўзи кейинчалик даромад келтириб, ишни давом эттириш имконини яратади.
"Лекин бунинг учун камида беш-олти йил кетиши аниқ", — дейди Отабек.
Натижалар аллақачон кўзга ташланмоқда. 2024 йилнинг куз ойларидан бошлаб янги майдон ўзлаштирила бошлади — томчилатиб суғориш тизими тортилди, сув ҳовузлари қурилди, кўчатлар экилди.
"Икки йиллик натижани кўряпсизлар — салкам ўрмон ҳолатига келиб қолган", — дейди Отабек. — "Ҳозир эрта баҳор. Дарахтларимиз ҳали уйғонмади. Барг ёзадиган бўлса, бу ерлар жуда гўзал манзарага айланади".
Ўрмонлашган ҳудудда табиий ҳаёт ҳам жонлана бошлаган. Қушлар уя қурган, тулкилар, эчкиэмарлар, илонлар, бақалар пайдо бўлган. Жониворлар турлари кўпайяпти.
Умумий ўзлаштирилган майдон ҳозирча уч гектарга яқин. Отабек бу йил уни ўн гектарга етказишни режалаштиряпти.

Аммо ҳозирча моддий қийинчиликлар тўлиқ ҳал бўлгани йўқ. Отабек Россияда ишлаб топган пулини, қўшимча ҳовлисини, қўлидаги борини шу ишга тикди.
"Ундан аввал кўчат сотиш билан ҳам шуғулланган эдим. Ўша иш орқали топилган пул билан ҳам ишларимизни қайсидир босқичга келтириб олдик. Ҳозир эса кирим йўқ. Тирикчилигимиз бешта мол ҳисобига бўляпти. Ундан ташқари фаолиятимизни ижтимоий тармоқлар орқали ёритиб бораётганимиз сабабли, ўз хиссасини қўшмоқчи бўлган одамлар карта рақамимизни сўраб, пул ташлаб туришади. Шу пуллардан томчилатиб суғориш тизими учун керакли бўлган баъзи нарсаларни оламиз. Иш қуроллари учун ишлатамиз", — дейди у.
Аммо ҳар қадамда молиявий тўсиқ бор. "Барча муаммоларнинг ечими маблағга бориб тақаляпти", — дейди у. — "Агар давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлса — экология грантлари, томчилатиб суғориш субсидиялари — имкониятимиз кенгаяр эди. Ҳозир ҳаммасини ўз ҳисобимиздан қиляпмиз, шунинг учун юзлаб гектар эмас, бир неча гектарни аранг уддалаяпмиз".

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Отабекнинг айтишича, иш доим ҳам у ўйлагандек давом этавермайди. У вақти-вақти билан тушкунликка ҳам тушиб туради:
"Айниқса солиқ хизмати билан турли тушунмовчиликлар бўлган вақтларда. Баъзида турли хатолар сабаб бизга асоссиз солиқ тўловлари жорий қилиниб, катта миқдорда солиқлар чиқиб қолади. Ўтган йили бизга 211 миллион сўм солиқ чиқариб қўйишган. Аслида биз беш йилга солиқдан имтиёз олганмиз. Ундан ташқари олтита жарима мажбурий ижрога ўтказилиб, 20 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилганмиз. Солиққа борсак, компютерлашган база асосида солиқ чиқарилади, бу кадастр берган маълумотлар асосида чиққан, дейишди. Деҳқон хўжалиги асосида солиққа тортилган экан. Қонунан фермер хўжалигига деҳқон хўжалиги солиғини қўллаш мумкин эмас. Лекин битта субъект икки хил солиқ турига тортиляпти. Буни ўзлари ҳам билиб туришибди. Аммо солиқ ҳам, кадастр ҳам муаммони ўзидан соқит қилмоқчи. Бу орада бир ойдан ортиқ вақт кетди, қанча асаблар кетди", — дея ҳикоя қилади Отабек.
"Тасаввур қилинг, мажбурий ижродан ҳар хил огоҳлантиришлар келяпти, мол-мулкингиз мусодара қилинади деган маънода… Аслида сотиладиган мол-мулкнинг ўзи ҳам қолмаган эди. Тўлолмагандан кейин қамалиб ҳам кетишингиз мумкин. Ўша вақтларда жуда тушкунликка тушдим".

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Унинг айтишича, бу муаммони ижтимоий тармоқларда ёритгандан кейин иш ҳал бўлди. "Юқори хизматларда бизни қўллайдиганлар бор шекилли, кўп масалалар ижобий ҳал бўлди. Уларга ҳам раҳмат", — дейди Отабек.
Гарчи бу тўсиқлардан ўтилган бўлса-да, олдинда яна-да оғирроқ савол турибди: ишни қандай давом эттириш керак?
"Агар реал қарайдиган бўлсак, мен ҳозир чиқмас кўчага кириб қолганман. Чунки аслида бу ишни давом эттиришга менда моддий имкон қолмаган, шароитим йўқ. Лекин ташлаб ҳам кетолмайман. Қандайдир бир ички ишонч мени ушлаб турибди. Нимадир бўлишига умидим бор. Кундузи ишлаб, кечаси билан ўйланиб ётаман. Хаёлан янги бир тажрибаларни режалаштираман. Аллоҳга таваккал қилиб ишлайверайлик-чи. Ҳозир картамизда одамлар ёрдам сифатида ўтказган жами 4 миллионга яқин пулимиз бор. Шу пулга яқин кунларда янги ўзлаштириладиган ерларни томчилатиб суғориш учун керак бўладиган энг зарурий нарсаларни сотиб оламиз. Кейин бу ишларимиз натижасини ҳам ижтимоий тармоқларга чиқарамиз. Балки одамлар буни кўриб, яна кўмак берар. Баъзида кимдир кузгача қарз бериб турса-ю кейин кузда молларимни сотиб бўлса ҳам ўша пулларни қайтарсам деб ўйлайман. Чунки кузгача анча иш қилиб олсак бўлади. Аслида бу ишларнинг барида жамоатчиликнинг кўмаги катта. Агар бу ишни уддасидан чиқиб, ўрмон ярата олсак, биздан кейин яхши амал, бир из қолар эди", — дейди у.

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Отабек аслида боғбон эмаслиги ҳақида айтган эдик. У бу ишларнинг барини интернетдан ўрганган. Агар муаммо чиқса, ечимни яна интернетдан қидиради. Баъзан эса уни ижтимоий тармоқларда кузатувчилар келиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашади. Масалан, яқинда шундай кишилардан бири электрсиз томчилатиб суғориш ғоясини таклиф қилди. Отабек уни синаб кўришни режалаштиряпти.
"Бизнинг насослар фақат қуёш бор вақтда ишлайди. Қуёш бўлмаса, дарахтларга сув бера олмаймиз. Электр энергияни давлат тармоғидан тортиб келишга эса жуда катта маблағ кетар экан. Бунга имконимиз йўқ. Агар электр энергиясиз суғоришни йўлга қўя олсак, анча яхши бўларди", — дейди у.
Ҳозирги вақтда адирнинг қиёфаси анча ўзгарган. "Биз биринчи марта бу ерга чиққанимизда бу ҳудуд чўллашган дашт, қўрқинчли бир ер эди. Ҳозир ҳам адирнинг бир қисми ўша ҳолатда. Аммо у ерлардан ўтгач, бирдан табиат қўйнига кирасиз. Бу ерда ўрмон шаклланиб қолди деб бемалол айтсам бўлади", — дейди Отабек.

Сурат манбаси, Sofiya Nuritdinova
Отабекнинг янги ўрмонида тол, қайрағоч, тут, павлония ва турли мевали дарахтлар қад ростламоқда. Айримлари уч-тўрт метрга ўсган, айримлари ҳали новда. Лекин ўсяпти.
Қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз охирлар экан, у "бу ишнинг машаққатини бошидан билганимда, балки бошламас эдим. Лекин энди ортга қайта олмайман", — деди.
"Агар ҳозир бу ишни қўлимдан олиб қўйишса ёки ўзим тугатадиган бўлсам, кейин қандай яшашимни тасаввур ҳам қилолмайман. Бу иш ҳаётимнинг мазмунига айланиб қолди".



























