Россия - Украина: Урушга роботлар ташланмоқда

Ukraina urushidagi harbiy qurilma

Сурат манбаси, Tencore

Сурат тагсўзи,
    • Author, Виталий Шевченко
    • Role, Россия бўйича муҳаррир, BBC Monitoring
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Украинадаги уруш юқори технологияли можарога айланиб улгурди.

Жосус ва қотил дронлар тўдалари Украина осмонини ларзага келтирди, экипажсиз қайиқлар эса Қора денгизда Россия ҳарбий-денгиз флотига зарбалар берди.

Эндиликда Украина қуруқликда қуролланган роботларни сафарбар этиш бўйича кенг кўламли дастур бошлади.

Экипажсиз ерусти воситалари (ЭЕВ) ёки Украина ҳарбийлари тилида айтганда, ерусти робот тизимлари аллақачон самара бера бошлаган.

ЭЕВлар Россия ҳужумларини муваффақиятли қайтаргани ва ҳатто душман аскарларини асирга олгани ҳақида хабарлар бор.

Ҳатто Украина ва Россиянинг қотил роботлари жанг майдонида одамлар иштирокисиз тўқнашгани ҳам айтилмоқда.

"Роботлар уруши аллақачон бошланган" - дейди Украина армиясининг К2 бригадаси вакили Олександр Афанасев. Ўзининг айтишича, у дунёдаги биринчи ЭЕВ батальонини бошқармоқда.

Rossiya askarlari taslim bo‘lmoqda.

Сурат манбаси, Devdroid

Сурат тагсўзи, Россия аскарлари таслим бўлмоқда.

Робот хато қиладими?

Бу роботлардан жангда фойдаланиш усулларидан бири устига "Калашников" пулемётларини ўрнатишдир.

"Улар пиёда аскар бора олмайдиган жанг майдонида ўт очади. ЭЕВ эса ўзини хавф остига қўйишдан мамнун" - дейди майор Афанасев.

Шунингдек, унинг батальони душман позициялари ва пана жойларини портлатиш учун портловчи моддалар билан тўлдирилган, батареяда ишлайдиган камикадзе ЭЕВлардан ҳам фойдаланиб келмоқда.

Тепада ғувиллаб турадиган ҳаво дронларидан фарқли ўлароқ, улар ўзини сездирмасдан яқинлашади.

Лақаби "Афғон" бўлган 33-алоҳида механизациялашган бригада танк батальони қўмондони ўринбосари даъво қилишича, пулемёт билан қуролланган бир Украина ЭЕВси Россия транспорт воситасига пистирма қўйган, бошқа бир робот эса бир неча ҳафта давомида Украина позициясини ҳимоя қилган.

"Афғон" қотил роботларнинг жанг майдонидаги автоном ҳаракати чекланганини тан олади ва бу чекловларнинг аксарияти ахлоқий меъёрлар ва халқаро гуманитар ҳуқуқ туфайли атай жорий этилганини айтади.

"Замонавий ЭЕВлар қисман автономдир. Улар ўзи ҳаракатлана олади, душманни кузатиб, аниқлайди. Лекин барибир ўт очиш қарорини инсон, яъни унинг оператори қабул қилади" - дейди "Афғон".

"Роботлар одамни нотўғри таниши ёки тинч аҳолига ҳужум қилиши мумкин. Шу сабабли якуний қарорни оператор қабул қилиши шарт".

Бу шуни англатадики, жанг майдонидаги аксарият ҳолатларда қуролли ЭЕВлар хавфсиз масофадан туриб бошқарилади.

Украинанинг ўлдирувчи ЭЕВлари пулемётлардан ташқари гранатомётлар билан ҳам қуролланиши, миналар ёки тиканли симлар ўрнатишда ҳам қўлланиши мумкин.

Аммо экипажсиз воситаларнинг аксарияти ҳали ҳам ўзининг асл вазифаси – таъминот етказиб бериш ва ярадорларни эвакуация қилиш учун ишлатилмоқда.

Ukraina harbiy hamlasi.

Сурат манбаси, Devdroid

Сурат тагсўзи, Украина Россиянинг зирхли ҳарбий уловини нишонга олган палла.
Ukraina harbiy roboti
Tencore
Robotlar urushi allaqachon boshlangan. Ular piyoda askar bora olmaydigan jang maydonida o‘t ochadi.
Olkesandr Afanasev
Ukraina harbiysi (Batafsil: bbc.com/uzbek vebsahifasida).

Роботлар роли ортади

Украинанинг собиқ Бош қўмондони, ҳозирда мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси бўлган Валерий Залужнийнинг айтишича, қуролли ЭЕВларнинг роли яқин орада кескин ортади.

Лондондаги "Chatham House" таҳлил марказида уруш келажаги ҳақида сўзлар экан, у зарба берувчи ЭЕВлар нафақат якка тартибда, балки сунъий интеллект билан қувватланган йирик дронлар тўдасининг бир қисми сифатида қандай қўлланишини тасвирлаб берди.

"Яқин келажакда биз турли йўналишлар ва баландликлардан, бир вақтнинг ўзида ҳаво, қуруқлик ва денгиздан ўнлаб, ҳатто юзлаб ақллироқ ва арзонроқ дронлар ҳужумларини кўрамиз" - деди у.

Зарурат бу соҳадаги инновацияларни ҳаракатга келтирувчи асосий омилдир. Ҳаводаги дронлар жанг майдонини инсон учун ниҳоятда хавфли қилиб қўйди. Бу Украинанинг "ўлдириш зонаси" деб аталадиган ҳудудини фронт чизиғидан 20–25 километргача кенгайтирди.

Пиёда аскарларнинг ўрнини босиб бўлмайди, бироқ "уларни ЭЕВлар қўллаб-қувватлаши керак" - дейди майор Афанасев.

"Украина роботларни йўқотишга қурби етади, аммо жанговар тайёргарликка эга аскарларни йўқотишга қурби етмайди".

Украина армияси жиддий кадрлар танқислигига дуч келмоқда, ҳалок бўлганлар ўрнига янги аскарларни ёллаш тобора қийинлашиб бормоқда.

Россия ҳам "Курер" каби жанговар ЭЕВларни ишлаб чиқмоқда. Россия ОАВ хабарларига кўра, у олов пуркагичлар, одатда танкларда учрайдиган йирик калибрли пулемёт билан жиҳозланиши ва беш соат давомида автоном ишлай олиши мумкин.

Шунингдек, Россия армияси Украина позицияларини портлатиш учун "Лягушка" номли камикадзе воситаларидан ҳам фойдаланиб келмоқда.

Ўтган йили ҳарбийлар учун юзлаб "зарба берувчи дроидлар" ишлаб чиқарган Украина ЭЕВ ишлаб чиқарувчиси "Devdroid" бош директори Юрий Порицкийнинг айтишича, сони ва имкониятлари ортиб бораётганини ҳисобга олсак, Украина жанг майдонларида Россия ва Украина қотил роботлари ўртасидаги тўқнашувлар бўлиши аниқ.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Rossiya askarlari.

Сурат манбаси, Russian Defence Ministry

Сурат тагсўзи, Россия аскарлари портловчи модда ортилган "Лягушка" ("Қурбақа") жиҳози олдида.

Фантастика эмас

"Эртами-кечми жанг майдонида бизнинг зарба берувчи ЭЕВларимиз уларнинг зарба берувчи ЭЕВларига қарши чиқадиган вазиятга дуч келамиз. Роботлар уруши илмий фантастикадек туюлиши мумкин, лекин жанг майдонининг илмий фантастикага алоқаси йўқ. Бу бизнинг воқелигимиз" - дейди у.

Ҳозирда унинг компанияси оператор билан алоқа узилиб қолган тақдирда ерусти дронлари қайтиб келишини таъминлайдиган тизим устида ишламоқда.

Келажакда эса у ўз машиналари белгиланган жойга автоном равишда бориши, ўз вазифасини – масалан, ҳужумга ўтаётган душман аскарларини кузатиш ва керак бўлса, улар билан жангга киришиши ва маълум вақтдан сўнг базага қайтиши учун дастурлаштирилишини истайди.

Украинанинг яна бир ЭЕВ ишлаб чиқарувчиси бўлган "Tencore" компанияси 2025 йилда Украина армияси учун 2000 дан ортиқ ЭЕВ ишлаб чиқарди.

Компания директори Максим Василченконинг тахминича, 2026 йилда талаб қарийб 40 000 донага етади ва уларнинг камида 10-15 фоизи қуроллантирилади.

"Зарба берувчи ЭЕВлар муҳим воситага айланади, бунга ҳеч шубҳа йўқ" - дейди у.

Келажакда эса, Василченконинг фикрича, роботлар инсон қиёфасида жанг қилади.

"Бу энди илмий фантастика бўлмай қолади".