Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев ҳам эътироф этган таҳдиддан одамларни энди масжидлар огоҳлантирадими?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон постсовет маконидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Аҳолисининг сони расман 38 миллиондан ошади.
Бутун мамлакат бўйлаб масжидларининг сони минглаб.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса эътиборини айнан Ўзбекистондаги масжидларга қаратган.
БМТ Тараққиёт дастури идораси Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан янгича ҳамкорликка борган.
Биргаликда мамлакатдаги юзлаб масжидларда янгича тажрибага қўл урган.
Бундан мақсад имкон қадар инсоний ва моддий талафотлар олдини олиш экани айтилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Масжидлар муаммога энг зўр ечимми?
БМТ Тараққиёт дастури идорасининг маълум қилишича, янги тажриба Ўзбекистоннинг қатор вилоятларини қамраб олган.
Улар сирасида Ўзбекистоннинг етти вилояти: Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент тилга олинган.
Айтилишича, мазкур вилоятлардаги 300 га яқин масжидда инновацион техник ечим жорий қилинган.
Одамлар кўп яшайдиган жойлар яқинидаги масжидларга махсус огоҳлантирувчи мосламалар ўрнатилган.
Бу иш фавқулодда вазиятларда янада кўпроқ аҳолини турли хатарлар хавфидан огоҳ қилиш мақсадида қилинган.
Халқаро ташкилотнинг билдиришича, масжидларнинг ташқи овоз кучайтиргичлари вазирликнинг фавқулодда хабарларини тезда тарқатиш имконини беради.
Ушбу маълумотларнинг кўпчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминлайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури идорасига кўра, масжидлар бу иш учун бекорга танланмаган:
- Масжидлар анъанавий равишда маҳаллий жамоаларга сезиларли таъсирга эга нуфузли ижтимоий институтлар сифатида қабул қилинади.
- Бундан ташқари, масжидлар аҳоли яшовчи деярли барча даҳаларда жойлашган.
- 500 дан 2000 метргача бўлган масофани қамраб олувчи юқори қувватли ташқи овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган.
- Огоҳлантиришлар ташқаридан узатилиши сабабли, масжид ичкариси ёки ташқарисида бўлишидан қатъиназар, бу масофадаги барча уни бевосита эшитиши мумкин бўлади.
Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, бу 6,5 миллион кишини қамраб олиш имконини беради.
Уларнинг сирасига аёллар, эркаклар, болалар ва ҳимояга муҳтож одамлар ҳам киради.
Бу йўлнинг қўшимча афзаллиги шундаки, у ҳатто уяли алоқа ва электр таъминотидаги узилишлар пайтида ҳам одамларга фавқулодда хабарларни етказишга имкон беради.
БМТ Тараққиёт дастури идорасининг таъкидлашича, иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфи ортиб бораётган ҳозиргидек бир шароитда эрта огоҳлантириш тизимлари инсоний ва моддий талафотлар олдини олишда жуда муҳим.
Бу ҳали ҳаммаси эмас

Сурат манбаси, Getty Images
БМТ Тараққиёт дастури идорасининг қўшимча қилишича, бу масалада биргина ташқи овоз кучайтиргичларнинг ўзи билан кифояланишмаган.
Мазкур қурилмалардан ташқари, яна одамлар кўп яшовчи жойлардаги йирик магистрал йўллар бўйлаб 28 та кенг ҳажмли экранлар ҳам ўрнатилган.
Бу иш ҳам ўзларининг кўмакларида амалга оширилган, Яшил иқлим жамғармаси томонидан молиялаштирилган.
БМТ Тараққиёт дастури идорасининг маълум қилишича, "Ўзбекистон аҳолисининг иқлим билан боғлиқ хавф-хатарларга чидамлилигини ошириш учун турли хавфлардан эрта огоҳлантириш тизимини мустаҳкамлаш" лойиҳаси қўшма лойиҳадир.
Лойиҳага ўзларидан ташқари яна Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳам бош қўшган.
Уни молиялаш ишларини эса Яшил иқлим жамғармаси кўтарган.
Айтилишича, лойиҳа Ўзбекистоннинг аҳолиси зич ва иқтисодий жиҳатдан муҳим шарқий тоғли минтақаларида эрта огоҳлантириш миллий тизимини сув тошқинлари, сел оқимлари, кўчкилар ва гидрологик қурғоқчиликка эътибор қаратган ҳолда модернизация қилиш ва уни натижаларга йўналтирилган фавқулодда хабар бериш тизимига айлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон ва глобал иқлим ўзгариши

Сурат манбаси, RASMIY
Ўзбекистон президенти ўтган йили Туркий тилли давлатларнинг Венгрияда бўлиб ўтган норасмий саммитида геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар баробарида айнан иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барча учун катта синов бўлаётганини айтган.
2024 йилда эса Шавкат Мирзиёев ўзининг Бокудаги чиқишида иқлим ўзгаришлари бугунги куннинг асосий таҳдидига айланиб бўлганлигини таъкидлаган.
У бу таҳдид геосиёсий тангликнинг кучайишига бевосита таъсир қилаётганини айтган.
Ўзбекистон раҳбарига кўра, Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари оқибатларини ўткир ҳис қилмоқда.
Улар аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқариш йўлида тўсиққа айланмоқда.
Камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни таъминлаш, ичимлик суви ва ресурсларидан фойдаланиш муаммолари кучаймоқда.
Марказий Осиё шундоқ ҳам камбағаллик, ишсизлик ва коррупция анчайин долзарб муаммолигича қолаётган, кузатувчилар наздларида, ижтимоий портлаш хавфи нисбатан юқори минтақа бўлади.
Аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган, аҳолисининг аксарияти четда меҳнат муҳожирлигида банд, тирикчилиги асосан шунинг орқасидан ўтади.
Марказий Осиё аҳолисининг умумий сони 80 миллиондан ортади, ҳудуди катталиги жиҳатдан Европа Иттифоқиникига яқин, яқин-яқингача урушлар ичида бўлган ва тўрт йилдирки, Толибон бошқаруви остида бўлган Афғонистонга чегарадош.
Аммо ҳосилдор ерлари ва суви кам, сув устидан уруш келиб чиқишидан хавотирлар ошкора билдирилган, ҳавосининг ифлосланиши, қурғоқчилик ва саҳролашиш тобора кучайиши эҳтимоли аллақачон жиддий ташвишларни уйғотиб бўлган, миллионлаб аҳолиси экологик мигрантларга айланишига оид башоратлар янграб бўлган минтақа.
Деярли қуриб битиши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожега қиёс берилган Орол денгизи ҳам Марказий Осиё - Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида жойлашган.
Аксарият давлатлари табиий энергия захиралари - нефть ва газга бой.
Ўшанда Ўзбекистон раҳбари БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаган.
Ўзбекистон раҳбари қатор ташаббуслари сирасида Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этишни ҳам таклиф қилган.
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2023 йили Дубайда бўлиб ўтган худди шундай анжуманида ҳам барчанинг эътиборини минтақага тортган.
Ўзбекистон президенти ўшанда иқлим муаммолари барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурганини айтган.
У бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётганлигини таъкидлаган.
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожеаси туфайли Марказий Осиёда айниқса сезилаётганини қайд этган.
Шавкат Мирзиёев шундай деркан, глобал хавфлар кенг минтақада хатарли нуқтага етиб келаётгани билан ҳам огоҳлантирганди.






























