Секс истаги ва шавқини нима ўлдирмоқда ё умид фақат тестостеронданми?

Секс истаги ва шавқини нима ўлдирмоқда ё умид фақат тестостеронданми?
    • Author, Рут Клегг
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

1990-йилларда Алан Ривз "The Dreamboys" гуруҳи аъзоси сифатида мунтазам саҳнага чиқиб, минглаб томошабинлар олдида кийимларини ечарди. У шу қадар машҳур эдики, ўзининг эркак раққослардан иборат труппаси билан "Spice Girls" гуруҳининг "Spice World" фильмида ҳам суратга тушган.

Ўшанда 24 ёшда бўлган Ривз, ўз таъбири билан айтганда, "машҳур йигит" эди.

Бироқ 30 ёшга тўлганида у бутунлай бошқа вазиятга тушиб қолди: кайфияти сўниб, либидоси (жинсий майли) деярли йўқолган эди.

"Ўзимни яхши ҳис қилмасдим", дейди у.

Ҳозир 52 ёшда бўлган Ривзнинг айтишича, жинсий майлининг йўқлиги унинг узоқ йиллик муносабатларига салбий таъсир эта бошлаган.

"Биз уч-тўрт ойлаб жинсий алоқасиз яшардик. Менда умуман қизиқиш йўқ эди", дейди у.

"Бундай ҳолат жуфтларнинг ажралишига сабаб бўлиши мумкин".

Ҳозирда Лондонда фитнес ва турмуш тарзи бўйича мураббий бўлиб ишлаётган Ривз тестостерон ўрнини босувчи терапияни (TRT) бошлаганини, бу унда либидони яхшилаб, уни "қовоғи солиқ чол"дан гўё 20 ёшли йигитга айлантирганини айтади. Бу "ажойиб туйғу" эди, дейди у.

Аёллар ҳам тестостерон терапиясидан фойдаланмоқда.

Менопауза бўйича 37 ёшли блогер Рейчел Мейсоннинг айтишича, бу гормон унинг қуввати, диққатни жамлаши ва либидоси учун "аъло даражада" таъсир қилган.

Тестостерон учун ёзиладиган рецептлар сони кескин ошди. Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати бизнес бошқармасининг Сифатли парваришлаш бўйича комиссия томонидан тузилган сўнгги маълумотларига кўра, 2021 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда рецепт ёзиш 135 фоизга ошган.

Бу ўсиш бутун Буюк Британияда жинсий майл пасайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Ҳар ўн йилда бир марта 10 000 дан ортиқ одамни сўровдан ўтказадиган ва янги маълумотлари шу йил охирида эълон қилиниши кутилаётган Жинсий муносабатлар ва турмуш тарзи бўйича миллий сўровлар (Natsal) маълумотларига кўра, жинсий алоқа частотаси муттасил пасайиб бормоқда.

1990 йилда 16 ёшдан 44 ёшгача бўлганлар ойига ўртача беш марта жинсий алоқа қилганини маълум қилган. 2000 йилга келиб бу кўрсаткич тўрт мартага, 2010 йилга келиб эса уч мартага тушган. Навбатдаги натижалар шу йил охирида эълон қилиниши кутилмоқда. Гарчи пасайишнинг ягона сабабини кўрсатмаса-да, тадқиқотчилар бу тенденция давом этишини тахмин қилмоқда.

Шу муносабат билан баҳс-мунозаралар авж олмоқда. Тестостеронни ошириш либидони яхшилай оладими ёки бу борадаги эътибор сабаби асосан шов-шув, фойда ва плацебо таъсирими?

Жинсий майл пасайиши

Алан Ривзнинг либидо пасайиши билан боғлиқ тажрибаси, тадқиқотчилар фикрича, тобора кенг тарқалиб бораётган ҳолатнинг бир мисоли, холос.

"Йиллар давомида биз ҳар бир демографик гуруҳда пасайишни кузатдик", дейди Natsal илмий директори Соазиг Клифтон.

"Масалан, бирга яшовчи жуфтлар сони 90-йиллардагига қараганда камроқ, бу жинсий майлнинг камайишини қисман изоҳлаши мумкин, бироқ биз айнан шу гуруҳни ўрганганимизда ҳам пасайиш кузатилди".

Аслида, жинсий алоқа частотасининг энг кескин пасайиши ёши каттароқ, турмуш қурган ёки бирга яшовчи жуфтликлар орасида қайд этилган.

Клифтоннинг айтишича, жинсий майл нима учун пасайиб бораётганини аниқ айтиш қийин.

"Ҳозиргача мавжуд ҳеч бир маълумот нима учун биз аввалгидек кўп жинсий алоқада бўлмаётганимизни ишончли тарзда кўрсата олмайди", дейди у.

Бунинг сабабини тушунишга қаратилган бир нечта тадқиқотлар бор, уларда рақамли дунё асосий омил бўлиши мумкинлиги таъкидланади. Чунки у бор диққатимизни ўзига тортиб олади ва айни пайтда бошқа муқобил машғулотлар таклиф қилади.

Шифокор ва жинсий терапевт, доктор Бен Девиснинг айтишича, стресс даражамиз ҳам 30 йил аввалгига қараганда юқорироқ, бу ҳам бир омил бўлиши мумкин.

"Одамларнинг ташвишлари жуда кўп, – деб тушунтиради у. – Технология таъсири борлиги аниқ, аммо стресс, тушкунлик, ёлғизлик ҳам кучайган [...] буларнинг барчаси жинсий майл пасайишига ҳисса қўшади".

Интернетда катта қизиқиш уйғотган ва йирик бизнесга айланган яна бир эҳтимол бор: тестостерон даражаси пастлиги жинсий майлга таъсир қилиши мумкин.

"Эркакларда тестостерон даражаси аниқ пасаймоқда", дейди маслаҳатчи уролог ва Британия Жинсий тиббиёт жамияти аъзоси, профессор Жеффри Ҳакетт.

"Семизлик, 2-тоифа қандли диабетнинг кўпайиши, камҳаракат одамлар сони ортиши – буларнинг барчаси тестостерон даражасини пасайтиради. Тестостерон даражаси пасайиши эса жинсий майлимиз нима учун сусайиб бораётгани бир омилидир".

Сўнгги 20 йил ичида эркаклардаги тестостерон даражасини ўлчаган бир нечта йирик тадқиқотлар унинг пасайганини кўрсатди, бироқ Ҳакетт бу масала нозик эканлигини таъкидлайди: тестостероннинг пастлиги либидо паст бўлиши эҳтимолини оширади, аммо бу тестостерони паст бўлган ҳар бир кишининг жинсий истаги ҳам паст бўлади дегани эмас.

Ушбу мураккабликка қарамай, метро бекатлари, автобус бекатлари ва ижтимоий тармоқ ленталари ҳозир шундай рекламаларга тўлиб кетган: "Либидо пастми? Миянгиз туманлими? Чарчадингизми? Тестостеронни текширтириш вақти келди! Ёрингизда "учқун чақнамаяптими"? Балки бунга унинг гормонлари сабабчидир?!"

Хўш, тестостерон ўрнини босувчи терапия (TRT) паст либидога чиндан даво бўла оладими?

Тестостерон «ҳаётимни қайтариб берди»

Мелисса Грин деярли бир йилдан бери тестостерон қабул қилмоқда. Унинг айтишича, бу нафақат унинг "ҳаётга иштиёқини" қайтарган, балки оиласини ҳам сақлаб қолган.

43 ёшли бу аёлнинг айтишича, унинг жинсий майли пастлиги муносабатларига катта таъсир кўрсатаётган эди.

Перименопауза ҳолатида бўлгани учун, унинг умумий амалиёт шифокори гормон ўрнини босувчи терапия доирасида унга аллақачон эстроген ва прогестерон ёзиб берган эди. Аммо Гриннинг айтишича, шифокор унга тестостерон шарт эмаслигини айтиб, унинг миқдорини текширтиришга кўрсатма бермаган.

Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ўз фаолиятида Миллий мукаммал парвариш институти йўриқномасига амал қилишини билдиради. Унга кўра, тестостерон фақат гормон ўрнини босувчи терапия олган, жинсий майл пастлигига сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа барча омиллар истисно қилинган аёллар учунгина кўриб чиқилиши керак. Хавотирга сабаби борлар ўзларининг умумий амалиёт шифокорлари билан гаплашишлари лозим, дея қўшимча қилади ташкилот.

Охир-оқибат, Грин хусусий клиникага бориб, қон таҳлили топширган ва унинг тестостерон даражаси паст эканлиги айтилган. Натижаларни шифокорига олиб борганидан сўнг, у ҳозир тестостероннинг бир қисмини Миллий соғлиқни сақлаш хизмати орқали, қолган оз миқдорини эса хусусий рецепт асосида олмоқда.

"Бу менга ҳаётимни қайтариб берди. Қайсидир маънода ўзимни йигирма ёшли қиздек ҳис қиляпман, – дейди у. – Ғайратим ошди, ўзимни тетикроқ ҳис қиляпман ва жинсий истагим ҳам қайтди".

Айримлар тестостероннинг либидога таъсирини мақтаса, бошқалар унинг нохуш оқибатлари ҳам бўлганини айтади.

Шерил О'Мэлли бир йил тестостерон қабул қилган. Унинг айтишича, гормон менопауза пайтида йўқотилган қувватнинг бир қисмини тиклашга ёрдам берган бўлса-да, жинсий майлини ортиқча кучайтириб, уни сержаҳл қилиб қўйган.

"Хоҳишим жуда кучли эди. Эрим билан жинсий алоқада бўлишни истардим, лекин шу билан бирга уни ёмон кўрардим.

Ана шунда бунинг яхши ҳолат эмаслигини, бу мен эмаслигимни, ўзимни бошқара олмаётганимни тушундим".

Рейчел Мейсоннинг айтишича, у TRT ҳақида пост ёзганида, "кўплаб аёллар тестостеронни бошлашдан жуда қўрқишини" пайқайди. "Улар эркаксимон бўлиб қолишдан, юзларида тук ўсишидан, ўзликларини йўқотиб қўйишдан қўрқишади".

Мейсоннинг айтишича, билагининг ҳар куни тестостерон гели суртадиган жойида "анчагина тукли қисми" бор, бироқ гормондан оладиган фойдаси шунга арзийди.

Бадандаги тукларнинг кўпайиши билан бирга, TRT бошқа бир қатор ножўя оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Аёллар учун энг кенг тарқалган оқибатлар тукларнинг ортиқча ўсиши, ҳуснбузар ва вазн ортиши бўлиб, улар одатда дозани камайтириш ёки даволашни тўхтатиш билан йўқолади. Тестостерон ўрнини босувчи терапияда алопеция (соч тўкилиши) ва овознинг йўғонлашиши кам учрайди.

Эркакларда эса бу терапия семириш, оғриқли ва давомли эрекциялар, соч тўкилиши ва кайфият ўзгариши каби ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, у сперматозоидлар ишлаб чиқарилиши пасайишига олиб келиши мумкин, бу эса бепуштликка сабаб бўлади. Ёрдам берадиган муолажалар бор, бироқ шифокор маслаҳатини олиш тавсия этилади.

"Осон даромад манбаи"

Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг айрим умумий амалиёт шифокорлари ва иккиламчи тиббий ёрдам маслаҳатчилари Би-би-сига айтишича, хусусий клиникалар TRTни мураккаб муаммонинг осон ечими сифатида сотиш орқали мўмай даромад олмоқда.

Жинсий ва репродуктив саломатлик бўйича Миллий соғлиқни сақлаш хизмати маслаҳатчиси, доктор Паула Бриггс буни "осон даромад манбаи" деб атайди ва одамлар ўзларига кераксиз нарса учун кўп пул тўлаётганини айтади.

"Бу назоратдан чиқиб кетди, – дейди у. – Тиббий саноат бозорда ўз манфаати йўлида фойдаланаётган бўшлиқни яратди.

Бироқ, хусусий клиникалар Миллий соғлиқни сақлаш хизмати тақдим эта олмаётган хизматни таклиф қилиб, одамлар ҳаётини яхшилаётганини даъво қилмоқда.

Миллий соғлиқни сақлаш хизмати умумий амалиёт шифокори ва эркаклар саломатлигига ихтисослашган кўп миллион фунт стерлинглик Voy клиникасининг тиббий директори Жефф Фостернинг айтишича, хусусий сектор тиббий ёрдамдаги бўшлиқни тўлдирмоқда.

"Айни пайтда, тестостерон даражаси паст минглаб эркакларга ташхис қўйиш ёки уларни даволаш Миллий соғлиқни сақлаш хизмати вазифаси эмас".

TRT Миллий соғлиқни сақлаш хизмати орқали таклиф этилади ва аксарият клиникалар эндокринология ёки урология йўналишида фаолият юритади.

Майкл Кочиш 2016 йилдан бери ўзининг "Balance My Hormones" компанияси орқали TRTни таклиф қилиб келади. Унинг айтишича, сўнгги бир неча йил ичида талаб "кескин" ўсган.

Кочишнинг айтишича, унинг баъзи беморлари таҳлил топшириш учун Миллий соғлиқни сақлаш хизматига мурожаат қилган, аммо уларга тестостерон даражаси паст эмаслиги айтилган. Шундан сўнг улар хусусий клиникага боришга қарор қилишган.

"Уларнинг тестостерон даражаси Миллий соғлиқни сақлаш хизмати томонидан белгиланган чегарадан бироз юқори экани TRT уларга ёрдам бермаслигини англатмайди.

"Бу оқ ва қора эмас, масала бундан анча нозикроқ".

Эркакларда тестостерон миқдори 30 ёшдан 40 ёшгача ҳар йили тахминан 1 фоизга камая бошлайди. Миллий соғлиқни сақлаш хизмати тавсияларида айтилишича, бу қаришнинг табиий қисми бўлиб, унинг либидога таъсир қилиши эҳтимолдан йироқ.

Алан Ривз дастлаб TRTни Миллий соғлиқни сақлаш хизмати орқали олган. Иккита таҳлил 10 нмол/л (наномол/литр) ва 12 нмол/л даражасини кўрсатган ва унга уч ҳафта оралиқ билан тўртта инъекция курси тайинланган. Аммо тўртинчи муолажадан сўнг Ривзга "деярли ҳеч қандай изоҳсиз" даволаш давом эттирилмаслиги айтилган.

"Мен яна бошланғич нуқтага қайтдим, – деб тушунтиради у. – Ўшанда хусусий клиникага мурожаат қилишга қарор қилдим".

Хўш, эркаклар учун соғлом тестостерон даражаси қандай? Бу сиз қайси ташкилотдан сўрашингиз ва қайси тадқиқотни ўқишингизга қараб фарқ қилади.

Асосий халқаро тадқиқотлар асосида Британия Жинсий cаломатлик жамияти ишлаб чиққан йўриқномаларга кўра, қонида тестостерон миқдори 12 нмол/л дан паст бўлган эркакларга TRT буюриш масаласи кўриб чиқилиши керак. Уларда, эҳтимол, гипогонадизм – мояклар тестостеронни етарли даражада ишлаб чиқармайдиган ҳолат аломатлари бордир.

Миллий соғлиқни сақлаш хизмати тавсиялари турли тиббиёт муассасаларида фарқ қилади, бироқ уларда айтилишича, тестостерон миқдори 6–8 нмол/л дан паст бўлган эркакда гормон танқислиги бўлиши мумкин.

Аёлларда тестостерон миқдори 20 ёшдан 40 ёшгача камая бошлайди ва менопауза даврига киргач, бир меъёрда барқарорлашади. Бу гормон миқдори камайиши табиий ҳол, бироқ асосий савол шундаки, бу пасайиш жинсий майл ва умумий саломатликка қанчалик таъсир қилади?

Бунинг учун тестлар бор, лекин аниқ натижаларни олиш қийин, чунки тестостерон аёллар учун ҳам муҳим бўлса-да, уларга зарур миқдор анча кам. Шифокор тавсия этган тақдирда ҳам асосий кўрсатмалардан ташқари (off-label) буюрилади, чунки ҳозирда Миллий соғлиқни сақлаш хизматида аёллар учун лицензияланган даволаш усуллари мавжуд эмас.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Бриггс TRT атрофидаги шов-шувлардан хавотирда. Унинг айтишича, кайфияти тушиб кетгани ва жинсий алоқага хоҳиши қолмагани сабабли тестостерон кераклигини айтиб келаётган беморлар сони кескин ошган.

"Улар менга ўзлари изланганини айтишади. Кўпинча бу уларнинг ижтимоий тармоқларда ушбу гормон кимнингдир ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборгани ҳақидаги постларни кўрганини англатади.

Бу бирор машҳур одамга ёрдам бергани, оддий одамларга ҳам фойда қилади дегани эмас".

Унинг айтишича, ўзи яшайдиган ҳудуд – Чешир ва Мерсисайддаги умумий амалиёт шифокорлари тестостеронни текширтирмоқчи бўлган беморлар оқимидан боши чиқмаяпти. Кўпчилик TRT рецепти билан кетиб, бир неча ойдан сўнг қайтиб келади ва бу деярли таъсир қилмаганини айтади.

Гарчи бу баъзи одамларга ёрдам берса-да, тестостерон керак дейдиганлар орасида ундан ҳақиқатан наф кўрадиганлар улуши жуда оз. Аёлларга келсак, ҳозиргача мавжуд клиник далиллар TRT фақат постменопауза давридаги ва либидони (жинсий майлни) йўқотган аёлларни даволашда самарали эканини кўрсатади.

Бриггснинг айтишича, хусусий клиникалар рекламалари "вазиятни ҳаддан ташқари бўрттириб юборган".

"TRT чиндан зарур бўлса, қарши эмасман, мен унинг ортиқча тарғиботига қаршиман".

Умумий амалиёт шифокори Бен Девис ҳам TRT плацебо таъсирига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Бу эса беморларнинг кераксиз дориларни хусусий клиникалардан сотиб олиб, қабул қилишига олиб келиши мумкин.

Шерил O'Мэлли тестостерон қабул қилишни тўхтатди. Унинг айтишича, даволаниш пайтида бошдан кечирган сержаҳллик ва ҳаддан зиёд жинсий қўзғалиш ҳолатлари пасайган ва либидо ўзи учун қулай бўлган даражага қайтган.

"Уни қабул қилишни тўхтатганимдан жуда енгил тортдим", дейди у.

"Бу мўъжизавий ечим эмас"

"Баъзилар учун дорилар ҳақиқатан ҳам ҳаётни ўзгартириши мумкин", дейди Девис, бироқ бу шунчаки дори тарқатишдан иборат эмаслигини қўшимча қилади.

"Умумий амалиёт шифокорларининг бемор билан унинг жинсий майли пасайиши сабабларини муҳокама қилишга вақти бўлмаслиги мумкин. Балки бунга сабаб унинг жуфти билан муносабатлари, ўзига бўлган муносабати ёки ҳозирги жинсий ҳаёти қониқтирмаётганидир?"

Унинг таъкидлашича, либидо пасайишига таъсир қилувчи омиллар кўп ва тестостерон ягона ечим эмас.

Алан Ривз эса, аксинча, етти йилдан бери TRT олади ва унга тестостеронни "Balance My Hormones" хусусий клиникаси буюрган. Унинг айтишича, терапия ҳаётини тубдан яхшилаган.

"Либидом қайтди, ҳатто бошида шунчалик кучли эдики, ўн кун давомида ҳар кеча жинсий алоқани хоҳладим.

"Аммо ҳозир бу ҳолат тинчланди, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман".

Шунга қарамай, Ривз "бу мўъжизавий ечим эмас", турмуш тарзига бошқа ўзгартиришлар киритмай тестостерон қабул қилишдан фойда йўқ, деб ҳисоблайди.

Акс ҳолда, дейди у, бу Феррари двигателини "эски машинага" ўрнатиш билан баробар.

"Энди қаддимни тик тутиб юраман, бу қисман тестостерон, қисман эса ўзимнинг ҳиссам".