Россия Анголада ҳукуматга қарши намойишларни қўзғашга уриндими?

Лев Лакштанов, Игор Ратчин, Амор Карлос Томе ва Франсиско Оливейра 8 ойдан бери маҳкамасини кутишади

Сурат манбаси, Serviço de Investigação Criminal de Angola

Сурат тагсўзи, Лев Лакштанов, Игор Ратчин, Амор Карлос Томе ва Франсиско Оливейра 8 ойдан бери маҳкамасини кутишади
    • Author, Мария Жевстафева
    • Role, BBC
    • Author, Иля Барабанов ва Суриштирув жамоаси
    • Role, BBC
    • Author, Леандро Празерес
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Анголада икки нафар Россия фуқароси ҳукуматга қарши норозилик намойишларини қўзғаганлик, ёлғон ахборот тарқатганлик ва келгуси йили ўтадиган президентлик сайловларига таъсир қилишга уринганликда айбланиб, суд қилиниши кутилмоқда.

Ўтган йил август ойида ҳибсга олинган сиёсий маслаҳатчи Игор Ратчин ва таржимон Лев Лакштанов терроризм, жосуслик ва шахсий алоқалардан фойдаланиб таъсир ўтказганлик каби жами 11 та модда бўйича айбланмоқда.

Би-би-си Анголадаги сиёсий йўналишни ўзгартиришга қаратилгани айтилган операцияга оид айблов хулосаси нусхасини қўлга киритди.

Россияликлар адвокатлари айблов хулосасида "аниқ ва объектив далиллар" йўқлигидан норозилик билдирмоқда.

Прокуратурага кўра, айбланаётган россияликлар Евгений Пригожин 2023 йилда авиаҳалокатда вафот этганидан сўнг тугатилган "Вагнер" гуруҳи негизида пайдо бўлган, Африкадаги оператив ходимлар ва жосусларнинг яширин тармоғи бўлмиш "Africa Politology" номидан иш кўрган.

"Вагнер" билан алоқадор сиёсий оперативлар ўн йилдан ортиқ вақтдан бери бутун Африка бўйлаб, хусусан, Марказий Африка Республикаси, Мали ва Мадагаскарда фаол бўлиб келган.

Ҳимоя томони уларнинг "Africa Politology" ёки "Вагнер" гуруҳига алоқаси йўқлигини, Россия давлати номидан ҳаракат қилмаганини, аксинча, Луандада маданий "Россия уйи"ни ташкил этиш учун ҳамкорлик қилиб келганини айтмоқда.

Ангола Африкадаги энг йирик нефт қазиб олувчи ва олмос экспорт қилувчи мамлакатдир. Унинг табиий бойликлари ва стратегик жойлашуви Москва учун доимий қизиқиш уйғотиб келган. Бироқ алоқалар Совуқ уруш даврига бориб тақалса-да, Ангола аста-секин Россиянинг таъсир доирасидан узоқлашмоқда.

Путин ва Ангола президенти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ангола президенти Жоау Лоренсу Ғарбга юз бурди ва 2019 йилдан бери Владимир Путин билан учрашгани йўқ.

Россиянинг олмос қазиб олувчи "Алроса" ширкати ва "ВТБ" банки Украина уруши сабабли жорий этилган халқаро санкциялар туфайли Анголани тарк этишга мажбур бўлди.

Ангола президенти Жоау Лоренсу Ғарбга юз бурди ва 2019 йилдан бери Владимир Путин билан учрашгани йўқ.

Таъкидланишича, россияликлар Анголага кириб бориб, янги майдонда фаолият бошлаган.

"Бу Россия Лоренсу маъмурияти даврида Анголанинг тутган йўлидан ҳаловатсиз эканини кўрсатади", дейди "Европа ташқи алоқалар кенгаши" таҳлил марказининг Африка дастури директори Алекс Вайнс.

"Бу ерда Россия Федерациясига нисбатан кўпроқ хайрихоҳлик уйғотишга қаратилган Россия дезинформацияси унсури борлиги аниқ".

Россияликлар билан бирга икки нафар Ангола фуқароси ҳам мазкур операциясидаги иштироки учун судланмоқда.

Айблов хулосасига кўра, россияликлар мамлакатда ўз фаолиятларини амалга ошириш учун спорт журналисти Амор Карлос Томе ва сиёсий фаол Франсиско Оливейрани ёллаган.

Уларга терроризм, жосуслик ва шахсий алоқалардан фойдаланиб таъсир ўтказиш каби моддалар бўйича мос равишда тўққизта ва бешта айблов қўйилган.

Анголалик судланувчилар адвокатлари уларга қарши етарли далиллар йўқлигини ва "айблов шунчаки тахминларга асосланган"лигини таъкидламоқда.

Прокуратурага кўра, айбланаётган россияликлар Евгений Пригожин 2023 йилда авиаҳалокатда вафот этганидан сўнг тугатилган "Вагнер" гуруҳи негизида пайдо бўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Прокуратурага кўра, айбланаётган россияликлар Евгений Пригожин 2023 йилда авиаҳалокатда вафот этганидан сўнг тугатилган "Вагнер" гуруҳи негизида пайдо бўлган

Прокурорлар таъкидлашича, россияликларнинг биринчи гуруҳи 2024 йилда Ангола пойтахти Луандага Россия маданият марказини очиш баҳонасида келган, бироқ бу лойиҳа амалга ошмай қолган.

Дастлаб келганлар орасида "Вагнер" билан алоқадор таниқли сиёсий оператив Максим Шугалей ҳам бўлган. У дезинформация кампаниялари сабабли Европа Иттифоқи санкцияларига учраган, унинг Африкадаги фаолияти ҳақида, афтидан, Пригожин ҳомийлигида фильм трилогияси ишланган.

У Анголага ўзининг кўп йиллик таржимони Самер Суайфан билан борган. Би-би-си ҳар икки шахс билан ҳам боғланди.

Суайфан судланувчиларни танишини тан олган бўлса-да, Шугалей уларни танимаслигини айтган.

Getty Images
Bu yerda Rossiya Federatsiyasiga nisbatan ko‘proq xayrixohlik uyg‘otishga qaratilgan Rossiya dezinformatsiyasi unsuri borligi aniq.
Aleks Vayns
Afrika dasturi direktori (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Айблов хулосасига кўра, 2024–2025 йиллар давомида судланувчилар "сиёсий ўзгаришларни қўзғатиш" мақсадида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида пропаганда ва дезинформация тарқатиш учун маҳаллий журналистлар ва экспертларга бир неча бор пул тўлаган. Тўловларнинг умумий миқдори 24 000 АҚШ долларидан ошади.

Ангола ҳукумати бу ҳаракатларни Ғарблик ҳамкорларга бўлган ишончни синдириш ва президент Лоренсунинг ташқи сиёсатини обрўсизлантириш учун кенг кўламли таъсир ўтказиш операциясининг бир қисми деб билмоқда.

Илгари Пригожин билан Африка лойиҳаларида ишлаган бир инсайдер бу уринишларни уқувсизлик деб танқид қилди.

Дастлаб келганлар орасида "Вагнер" билан алоқадор таниқли сиёсий оператив Максим Шугалей ҳам бўлган.

Сурат манбаси, Youtube/ Aurum Production

Сурат тагсўзи, Дастлаб келганлар орасида "Вагнер" билан алоқадор таниқли сиёсий оператив Максим Шугалей ҳам бўлган.

"Бу йил [2025] улар бутун Африка мавзусини қандайдир ғирт аҳмоқларга топшириб қўйишди. Гўёки уларни "Садовод" бозоридан [Москвадаги савдо маркази] олиб келишгандек. Янги йил арафасида Ангола медиасида мақолалар чиқаришни жуда хоҳлашди. Аммо мен улар бу туришда жаҳаннамга кетишларини айтгандим", дейди бир сиёсий стратег Би-би-сига иш берувчилар кимлигини ошкор қилмаган ҳолда.

Прокуратура бу икки россиялик эркак олиб борган дезинформация кампанияси далили сифатида айрим нашрларни келтирмоқда.

2025 йил январь ойида таниқли маҳаллий янгиликлар сайти "Angola 24 Horas"га тақлид қилувчи ва ўзини сатирик саҳифа деб атайдиган Facebook саҳифасидаги постда Ангола Украина урушига тортилиши мумкинлиги ҳақида хабар чиққан.

2024 йил декабрь ойида ўша саҳифадаги бир постда Ғарб қўллаб-қувватлаётган ҳамда Марказий Африкадан Ангола портларига фойдали қазилмаларни ташийдиган "Лобито коридори" темирйўл лойиҳаси танқид қилинган.

Постда хорижий фирмалар Ангола фойдали қазилмаларидан деярли тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлаётгани даъво қилинган. Би-би-си "Angola 24 Horas" сатирик саҳифаси билан боғланди, аммо жавоб олмади.

"Лобито коридори" ҳақидаги пост бир кундан сўнг "Lil Pasta News" янгиликлар веб-сайтида пайдо бўлди. Веб-сайтда эълон қилинган яна бир мақолада мамлакат лойиҳага қўшилиш орқали "иблис билан тил бириктирдими" қабилида тахмин илгари сурилган.

"Lil Pasta News" Би-би-сига мазкур мақолаларни таҳририят жамоаси тайёрламаганини, балки воситачи орқали олганини маълум қилди. Жамоанинг айтишича, улар муаллиф билан алоқа қилмаган ва нашр учун ҳақ тўланмаган.

Россиялик айбланувчилар адвокатлари Ратчиннинг ушбу мақолалардан бирортасига буюртма берганини тасдиқловчи далиллар йўқлигини таъкидламоқда.

Россиялик айбланувчилар адвокатлари Ратчиннинг ушбу мақолалардан бирортасига буюртма берганини тасдиқловчи далиллар йўқлигини таъкидламоқда.

Сурат манбаси, TG Premia Vorotnikova

Сурат тагсўзи, Россиялик айбланувчилар адвокатлари Ратчиннинг ушбу мақолалардан бирортасига буюртма берганини тасдиқловчи далиллар йўқлигини таъкидламоқда.

Ангола прокурорлари таъкидлашича, гуруҳ кичик, аммо самарали тармоқ бўлган. Ратчин гўёки уни бошқарган.

У аввалроқ Россиядаги бир нечта минтақавий сайлов кампанияларида ишлаган ва Би-би-си кўрган видеода ўзи таъкидлаганидек, бу кампанияларда у қўллаган номзодлар ғалаба қилган.

Лакштанов совет давридан бери Анголада таржимон бўлиб ишлаган. Прокурорлар фикрича, у операцияда ёрдамчи роль ўйнаб, асосан таржимонлик қилган.

Маҳаллий алоқани эса асосий мухолиф партия бўлган "Унита"нинг ёшлар етакчиси, 2015–2019 йилларда Россияда кимё муҳандислиги бўйича ўқиган, рус тилида сўзлаша олувчи Франсиско "Бука Танда" Оливейра таъминлаган.

Айблов томони даъво қилишича, унга анголалик сиёсатчиларни айбланувчилар билан таништириш вазифаси юкланган.

"У [Оливейра] бу ташкилотни ["Africa Politology"] ва у билан боғлиқ ҳеч бир фаолиятни билмайди. Унинг билгани шуки, улар рус маданият марказини ташкил этмоқчи бўлишган", дейди ҳимоячи адвокат Педро Кангомбе.

Ангола давлат телеканали (TPA) спорт журналисти Томе мамлакатнинг сиёсий манзараси ва бўлажак президентликка номзодлар ҳақида маълумот тўплашда, шунингдек, даъво қилинаётган таъсир ўтказиш операцияси билан боғлиқ материалларни тайёрлаш ва нашр этишда ёрдам берганликда айбланмоқда.

Томенинг ҳимоячиси таъкидлашича, айблов хулосасида жиноятларнинг "субъектив ёки объектив унсурларидан бирортаси ҳам минимал даражада" бўлсин исботланмаган.

Айблов хулосасида 2024 ва 2025 йилларда турли вақтларда Анголага келиб-кетиб юрган тармоқнинг яна олти нафар россиялик аъзоси номи келтирилган.

Лакштанов совет давридан бери Анголада таржимон бўлиб ишлаган.

Сурат манбаси, Lev Lakshtanov via MyMail.Ru

Сурат тагсўзи, Лакштанов совет давридан бери Анголада таржимон бўлиб ишлаган.

Шунингдек, айблов хулосасида яна айтилишича, Лакштанов ва Ратчин ҳукмрон MPLA партияси ва "Унита"нинг бир қатор юқори мартабали сиёсий арбоблари билан учрашган, сайловолди ташвиқоти тадбирлари учун қўллаб-қувватлов ва молиялаштириш таклиф қилган.

Энг эътиборлиси, прокуратура уларнинг MPLA партиясининг нуфузли аъзоси, генерал Ҳигино Карнейро ва Унита етакчиси Адалберто Коста Жуниор билан учрашганини даъво қилмоқда.

Иккаласи ҳам келаси йилги сайловларда президентликка эҳтимолий номзодлар сифатида кўрилади.

Прокурорлар даъво қилишича, россияликлар Карнейрога сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун 15 миллион долларгача маблағ, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш, стратегик маслаҳат ва жосуслик маълумотларини йиғишда ёрдам таклиф қилган.

Биз кўрган айблов хулосасида бу даъво қилинган таклиф ҳақида далил йўқ эди.

"Бундай учрашув бўлганми ёки йўқ, билмайман", дейди Ратчин ва Лакштановнинг адвокати Элизеу Нгуинити.

"Унита" вакили Жонас Мулато Би-би-сига партия етакчисини хорижий таъсир операциясига боғловчи даъволар ёлғон эканини ва суд жараёнларидан сиёсий мақсадларда фойдаланилаётгани "тобора аён бўлиб бораётганини" айтди.

Би-би-си Карнейродан изоҳ сўради, бироқ жавоб ололмади.

Агитаторларми ёки балога қолганлар?

Ўтган йил июлида Анголада "Унита" ва MPLA ўртасидаги фуқаролар уруши 2002 йилда тугаганидан бери энг қонли норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Луандадаги такси ҳайдовчиларнинг тинч иш ташлаши сифатида бошланган ҳаракат қисқа вақтда зўравонликка, умуммиллий тартибсизликларга айланди.

Фаоллар таъбири билан айтганда, полиция намойишчиларга "ҳаддан ташқари" куч ишлатган.

Расмий маълумотларга кўра, камида 29 киши ҳалок бўлган, 1200 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Айблов томони судланувчиларни норозилик намойишларини уюштирганликда айблаб, уларнинг мобил телефонларидан топилган намойишлар ҳақидаги ёзувлар ва Ратчин олган фотосуратларни далил қилиб кўрсатмоқда.

Би-би-си кўрган ҳужжатларда Ратчиннинг адвокатлари унинг суратларни хавфсизлик нуқтаи назаридан, агар ўзига ҳужум қилинса, далил бўлиши учун олганини айтишган. Би-би-си фотосуратлар ва ёзувларни кўргани йўқ.

Анголада ўтган йили қонли намойишлар бўлди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Анголада ўтган йили қонли намойишлар бўлди

Кўплаб анголалик журналистлар ва фаоллар намойишлар сунъий уюштирилгани ҳақидаги фикрга кескин қарши чиқиб, Ангола ҳукумати руслардан "қурбонлик" сифатида фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, анголаликларнинг қарийб 40 фоизи кунига 3 долларлик халқаро қашшоқлик чегарасидан пастда яшаётган бўлиши мумкин.

"Одамлар бошқа давлатдан кимдир айтгани учун эмас, ўзларининг яшаш шароитлари туфайли норозилик билдирди", дейди "Human Rights Watch" ташкилотининг Ангола бўйича тадқиқотчиси Шейла Нҳанcале.

Айблов хулосасининг ўзи ҳам танқидга учради. Унда имловий ва яққол фактик хатолар бор.

Масалан, прокурорлар таъкидлашича, Россия операцияси 2024 йил 9 октябрда Максим Шугалей ва бошқаларнинг келиши билан бошланган, аммо Шугалейнинг ўзи 2024 йил 19 сентябрда Чадда ҳибсга олинган ва 2024 йил 16 ноябрда Москвага қайтарилган.

Би-би-си Ангола прокуратурасидан ушбу ва бошқа номувофиқликлар юзасидан изоҳ сўради, бироқ жавоб олгани йўқ.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ҳуқуқшунос ва Буюк Британиядаги Оксфорд университетининг Африка тадқиқотлари маркази илмий ходими Руи Верденинг айтишича, айблов хулосасида келтирилган ҳаракатларга қаралса, қўпорувчилик қасддан режалаштирилганини исботлашмоқчи.

Бир қанча манбаларга кўра, агар айбдор деб топилса, руслар ўз ватанига қайтариб юборилиши мумкин.

Аммо афтидан Россия ҳукумати ёрдам кўрсатишга шошилмаётир.

Россия дипломатик доираларига яқин манбанинг Би-би-сига айтишича, "мантиқ оддий: бу одамлар давлатнинг расмий топшириқларини бажармаган, улар шунчаки пудратчилар бўлган. Россиянинг мамлакатдаги мавқейи шундоқ ҳам заиф, шундай экан, вазиятни янада оғирлаштиришдан маъно йўқ".

"Пригожин операциясидан қолган бу қолдиқлар ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилаверсин", дейди манба.