Исломни қабул қилган ва шаробдан воз кечган илк Британ Лорди

Лорд Ҳенри Стенли портрети.

Сурат манбаси, The Stanley Family

Сурат тагсўзи, Лорд Ҳенри Стенли 1859 йили Исломни қабул қилган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Лордлар палатасининг илк мусулмон аъзоси бўлган британиялик аристократ таваллудига салкам 200 йил бўлди.

Тарихчи Жейми Гилҳамнинг айтишича, 1859 йилда исломни қабул қилиб, "анъаналар ва оиласи истакларига қарши борган" лорд Ҳенри Стенли ҳақида кўпчилик эшитмаган.

"Стенлининг хатлари ва кундаликларидан деярли ҳеч нарса сақланиб қолмаган, бу жуда ачинарли, бироқ бу унинг хилватнишин одам бўлгани ҳақидаги тасаввурни кучайтиради", дейди у.

Ўрта асрлардан бери чет элга саёҳат қилган британияликлар орасида исломни қабул қилганлар нисбатан оз.

Аммо Гилҳамнинг айтишича, Стенли сиёсий таъсири ҳамда Чешир ва Англсидаги минтақаларида нуфузли шахс бўлгани билан ажралиб турган.

1827 йилда туғилган Стенли фикр ва эътиқодини шакллантиришда тўла эркинлик берилган 10 фарзанднинг тўнғичи эди.

Зодагон аждодлари илдизи нормандлар даврига бориб тақаладиган бу катта сулоланинг Виктория даврида турли христиан мазҳабларига мансуб ва камида бир нафар яҳудий аъзоси бўлган.

Ҳозирги лорд Стенлининг рафиқаси, оила тарихчиси Алдерлилик леди Стенлининг айтишича, улар "ҳурфикрли" бўлиб, ўқимишли ва кўп саёҳат қилган оналардан дунёга келган.

"Улар амалиётчи одамлар эди, – дея қўшимча қилди у. – Баҳслашиш одатий ҳол саналарди".

"Еримдан даф бўл, отаман, қабилидаги муносабатдан фарқли ўлароқ, фикрлаш, баҳс-мунозара қилиш табиий ҳол эди".

Истанбул шаҳри.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Лорд Стенли Истанбулдаги дипломатик ваколатхонада шунингдек Шарқий Европа давлатларида ишлаган.

Кўплаб зиёли викторианлар сингари, Стенли ҳам болалигида саёҳатномалар ва "Минг бир кеча" эртакларига мафтун бўлган.

Шунингдек, унинг эшитиш қобилиятидаги нуқсон мактабдаги ўқишига таъсир қилган ва у бир йилдан сўнг хусусий муаллимдан сабоқ олиш учун нуфузли Итон мактабини тарк этган.

Гилҳамнинг таъкидлашича, Стенлининг парламент аъзоси бўлган отаси ва Кембриж университетида биринчи аёллар коллежини ташкил этишга ёрдам берган онаси "ўз тўнғичларидан катта умидлар қилган".

Бироқ унинг қулоғи оғирлиги "оиласини унинг келажаги борасида қаттиқ ташвишга солганини" англатарди.

"У фақат Кембрижга бориб, араб тилини ўрганганидагина ўзини кўрсата бошлади", дея қўшимча қилади Гилҳам.

Орадан бир йил ўтиб, 20 ёшли йигит 1847 йилда ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Лорд Палмерстоннинг ёрдамчиси сифатида ишга олинган.

Чеширдаги қишлоқлардан бири.

Сурат манбаси, Geograph/G Laird

Сурат тагсўзи, Лорд Стенли Чешир минтақасидаги қатор майхоналарни ёпган.

Кейинги ўн йил давомида Стенли дипломатик хизматда Усмонли империяси, шунингдек, Греция ва Болгарияда ишлаган.

"Стенли Исломнинг Усмонлиларга берган ижтимоий ва маънавий афзалликларини тушуна бошлади", дейди Гилҳам.

Бу давр турли Европа империялари ўз қудрати чўққисига чиқиб, айни дамда республикачилик ёки миллатчилик исёнларига дуч келаётган бир давр эди.

"Хатлардан кўриниб турибдики, Стенли ҳам сиёсий, ҳам руҳий инқирозларни бошдан кечирган", дея қўшимча қилади Гилҳам.

"У Худога бўлган ишончини йўқотмаган, аммо унда илоҳиётга оид шубҳалар пайдо бўлган эди. Масалан, у Инжилнинг сўзма-сўз тўғрилигига шубҳа қилган ва ота-онасининг ёзишмалари унинг ҳаётида илк бор черковга бормаганини кўрсатади".

"Виктория даври ўрталаридаги Британия учун ғайриодатий тарзда Стенли Исломга – Усмонли туркларининг динига майл кўрсатди ва рамзий маънода ўша пайтларда, тахминан 1849-50 йилларда шароб ичишни ташлади".

Черковдаги нақшинкор дераза.

Сурат манбаси, Geograph/Peter Worrell

Сурат тагсўзи, Лорд Стенли маҳаллий черковлардан биридаги нақшинкор дераза учун маблағ ажратган.

Британиянинг кенгайиб бораётган империализмидан кўнгли қолган Стенли 1858 йилда дипломатик хизматни тарк этди ва бир неча ой ўтгач, Арабистонга саёҳат қилаётиб, мусулмон бўлишга қарор қилди.

"Унинг динга кириши ва эътиқодлари ҳақида маълумот жуда оз, – дейди Гилҳам. – Булар шунчаки оилавий хатлар орасида учрайдиган маълумотлардир".

Стенлининг динини ўзгартиргани ҳақидаги матбуот хабарлари 1859 йилда унинг Шри-Ланкага ташрифи чоғида, бу хабар ўз юрти Чеширга етиб боришидан аввал пайдо бўлди. У ерда бу ҳақда аввал маҳаллий "Macclesfield Courier", кейин эса Лондондаги умуммиллий нашрлар ёзиб чиқди.

Баъзи хабарларга кўра, у Исломнинг энг муқаддас маскани Маккага ҳаж қилган ва Абдураҳмон исмини олган, бироқ, Гилҳамнинг қўшимча қилишича, бу ҳақда аниқ далиллар йўқ.

"Хатлар унинг ота-онаси ўғлининг насронийликдан воз кечиб, исломни қабул қилганидан ғоят ғазабланганини ҳамда уят ва шармандаликдан эзилганини кўрсатади".

"Отаси онасига шундай дейди: «У ақлдан озганми? Мустамлакаларимиз ва мулкларимизда ўзи тушиб қолган бу хор аҳвол билан нима демоқчи ўзи?»

"Онаси эса отасига "Macclesfield Courier"даги мақола «кўнглимни беҳузур қилди» деб жавоб берган".

Кейинчалик улар ўғлининг исломни қабул қилганини оммавий инкор этишган, бироқ Стенли укаларидан бирига ёзган мактубида: "Мен доимо қалбан мусулмон бўлганман", дейди.

Махфий никоҳ

1862 йилда у Жазоирда ислом шариати бўйича испан католик аёлига уйланди, лекин етти йилдан сўнг, яъни отаси вафот этгунига қадар муносабатларини сир сақлади.

Маълум бўлишича, Стенли билан турмуш қураётган пайтда унинг рафиқаси қонунан бошқа бир испан эркаги билан никоҳда бўлган, бироқ Стенли бундан хабардор бўлганми-йўқми, номаълум, дейди Гилҳем.

1869 йилда отаси вафотидан сўнг у Алдерлилик учинчи Лорд Стенли ва иккинчи Барон Эддисбери бўлгач, эр-хотин никоҳини Англия қонунчилиги бўйича расмийлаштирди.

"Испаниялик эр 1870 йилгача ҳаёт эди, шунинг учун бу никоҳ ҳам аслида ҳақиқий ҳисобланмасди.

Бироқ 1874 йилда улар қайта турмуш қурганида никоҳ ниҳоят қонуний кучга кирди ва бу Рим католик черкови маросими бўлгани кўпчиликни ажаблантирди", деб тушунтиради Гилҳем.

"Менимча, у ўз жуфти, яъни рафиқасининг динини ҳурмат қилган".

Майхоналарнинг ёпилиши

Отасининг ерлари ва унвонларини мерос қилиб олгач, у 1869 йилда Лордлар палатасида партиясиз аъзо сифатида ўз ўрнини эгаллади ва палатанинг биринчи мусулмон аъзосига айланди.

"Унинг мусулмон эканини тенгдошларидан қанчаси билганини айта олмайман", дейди Гилҳем.

"Менимча, улар газеталарни ўқиб тургани ва унинг шарқшунослик жамиятларига алоқадорлигини билганини ҳисобга олсак, бу ҳақда хабардор бўлишган".

Лорд Стенли Шимолий Чеширдаги ерларни, жумладан, Манчестер яқинидаги Премер-лига футболчилари орасида машҳур бўлган обод ҳудуд сифатида танилган Алдерли-Эдж қишлоғини мерос қилиб олди.

"Хушномликми ёки бадномлик, ҳар нечук у Алдерли Парк мулкидаги баъзи пабларни ёпиб қўйган", дея қўшимча қилади Гилҳем.

Ив Ҳавва Иқбол-Хохар турмуш ўртоғи билан.
Сурат тагсўзи, Ив Ҳавва Иқбол-Хохар Лорд Стенли ҳақида топган маълумотлари ўта қизиқарли эканлигини айтади.

1884 йилда амакиси вафот этгач, Лорд Стенли Шимолий Уэлсдаги Англсида жойлашган Пенрос мулкини мерос қилиб олди ва у ерда маҳаллий черковларни таъмирлаш ишларига ўз ҳиссасини қўшди.

У, шунингдек, исломда жонзотларни тасвирлашга қарши қоидаларга риоя қилиб, анъанавий тасвирий саҳналар ўрнига геометрик нақшли деразалар учун пул тўлаган.

"Мусулмон сифатида Стенли насронийликни Исломнинг қардош дини – Иброҳимий динлар оиласига мансублиги учун ҳурмат қилган", дейди Гилҳем.

Исломни қабул қилган ва Манчестер мусулмонлар жамоасида кўнгилли сифатида фаолият юритадиган инглиз аёл Ив Ҳавва Иқбол-Хохар Англсига оилавий таътилга бориш арафасида Лорд Стенлининг ҳаёти ҳақида билгач, черковларни "бориб кўришни қаттиқ истаганини" айтди.

"Тарих мени доим ҳаяжонга солади. Виктория даври Британиясида Исломни биринчи бўлиб қабул қилганлар, айниқса, Лорд Стенли каби юксак мавқега эга маҳаллий аристократ ҳақида билиш жуда мароқли".

У черковларнинг безакларини "кўзни қувнатар" деб таърифлаб, уларни "ўтмишимизнинг бой ва ранг-баранг манзарасининг бир қисми" деб атайди.

Ёши ўтиши билан қулоғи оғирлашган лорд Стенлини тасвирловчи карикатура.

Сурат манбаси, The Stanley Family

Сурат тагсўзи, Ёши ўтиши билан қулоғи оғирлашган лорд Стенлини тасвирловчи карикатура.

Бироқ, Буюк Британия миллатларининг сиёсий иттифоқи тарафдори бўлган Лорд Стенли маҳаллий мактабларда уэлс тилини ўқитишга қарши чиққан.

"У тилни жуда ҳурмат қиларди, – дейди Гилҳем. – Лекин бу вазиятда, назаримда, гап иттифоқ ҳақида кетган ва иттифоқ унинг учун муҳимроқ бўлган".

У Лорд Стенлини "империянинг кенгайишига ишонмаган" шахс сифатида таърифлаб, қўшимча қилади: "У империяни мавжуд ҳолида мустаҳкамлаш тарафдори эди.

Шу сабабли у Лордлар палатасида империяни сақлаб қолиш, айни пайтда унинг аҳолисига ғамхўрлик қилиш ҳақида сўзлаган.

У консерватив, айни дамда Виктория даври одами эди. У кўп жиҳатдан, жумладан, дин борасида қоидаларга қарши борган, аммо бошқа масалаларда бундай қилмаган".

Лорд Стенли 1903 йилда муқаддас Рамазон ойида 76 ёшида вафот этди ва ўзининг Алдерли мулкидаги махсус ажратилмаган ерга дафн қилинди. Лондондаги Усмонли элчихонаси имоми жаноза ўқиди.

"У баъзи жиҳатдан ўз давридан илгарилаб кетган эди ва эндиликда уни аста-секин тан олиб, маълум маънода қайта кашф этишмоқда", дейди Гилҳем.

"У ўзини кўз-кўз қиладиган одам эмасди, балки шу нарса унинг меросига зиён етказгандир, лекин умид қиламанки, одамлар уни ҳозиргидан кўра кўпроқ таний бошлайди".