'Бу даҳшатли эди' - 14 ёшида мажбуран эрга берилган қиз нималар дейди?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Айелен Олива
- Role, BBC News Mundo
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Патрисия Лейн АҚШнинг Миннесота штати чеккасидаги ям-яшил тепаликлар ва дарё манзарали Эден Прейри шаҳарчасида улғайган.
Кўпчилик учун бу сўлим жой. Лейн учун эса бу дунёдан ажралган болаликни эслатади.
"Акам билан маданий жиҳатдан жуда яккаланган эдик. Гарчи Американинг йирик шаҳри яқинида яшаган бўлсак-да, ҳаётим қаттиқ интизом ва зулм остида ўтарди", дея эслайди Лейн.
Жуда ёшлигидан жинсий зўравонлик қурбони бўлган Лейн, 12 ёшида чуқур депрессияга тушиб, ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Шу тариқа у бир куни қўнғироғига жавоб берган ва бир неча ойдан сўнг унинг эри бўладиган Тим билан танишди.
Тим 25 ёшда бўлиб, диний семинарияда ўқирди. Миссионер бўлиш учун диний тайёргарликнинг бир қисми сифатида у қўнғироқларга жавоб берадиган кичик ташкилотга жойлаштирилган эди.
Тез орада улар учрашувга келишиб олдилар ва қисқа вақт ўтгач, Лейн ҳомиладор бўлиб, унаштирилди. У атиги 14 ёшда эди.

Сурат манбаси, Given to the BBC by Patricia Lane
Лейн евангелист оилада ўсган. "Дуо билан ҳомиладорликдан сақлана олмаслигимни билдим. Мен ҳомиладор эдим, аммо унга турмушга чиқишни хоҳламасдим", деб эслайди Лейн.
Тим ертўлада йиғлаб ўтирганида, Лейн ота-онасига кутилмаган хабарни айтди. Онасининг жавоби у умид қилганидек бўлмади – уни "оила шаънини ерга урганликда" айблашди.
"Онам аниқ гапирди: оилага келтирган барча иснодларинг учун сен масъулсан, буни тўғрилашнинг ягона йўли ўша йигитга турмушга чиқиб, яхши хотин бўлиш", дейди Лейн.
Болани сақлаб қолиш учун турмушга чиқиши шарт эди.
Отаси розилик берди. Эртаси куни Лейн, онаси ва Тим биргаликда Лейн ёшидаги қизларга никоҳга рухсат берадиган штатга, жанубга йўл олишди. Миннесотада бу ёшда турмуш қуриш тақиқланганди.
"Чорасизлигимни ҳис қилдим. Унга турмушга чиқишни истамасдим, лекин болани ўзимда қолдириб, тарбиялашни жуда-жуда хоҳлардим. Яхши она бўла олишимни билардим."
Ҳомиладорлик – қонуний дарча сифатида
Лейн, онаси ва Тим дастлаб Кентукки штатига боришди. Бу Миннесотага энг яқин, унинг ёшида никоҳга рухсат берадиган штат эди. Аммо маҳаллий расмийлар уларнинг илтимосини рад этди.
"Мутлақо мумкин эмас. Улар жуда ёш дейишди, – эслайди Патрисия. – Улар ҳақ эди. Мутлақо тўғри. Мен жуда ёш эдим."
Сўнг улар Алабамага йўл олишди. У ерда ўша пайтда ота-она розилиги билан никоҳдан ўтиш мумкин эди. Лодердейл округида бир неча дақиқа ичида Патрисия ва Тим никоҳдан ўтишди.
У тўйда оқ кўйлак киймади, сочларини гуллар билан безамади. Фақат онаси гувоҳ бўлди.
"Бу жуда тез бўлди. У ерда бўлишни хоҳламасдим. Бу одам менга ёқмасди, онам эса ғазабда эди", дейди ҳозир 58 ёшли Лейн BBCга. "Бу даҳшатли эди."
Никоҳ гувоҳномасини олгандан бир неча дақиқа ўтгач, у суд биноси рўпарасидаги боққа ўтиб, арғимчоқда ўтирди – бу болаларча ҳаракат онаси ва янги эрини ғазаблантирди.
"Буларнинг ҳеч бири мен тасаввур қилган тўйга ўхшамасди", деб эслайди Патрисия. Ўшанда у биринчи ҳомиладорлигининг дастлабки ҳафталарида эди, сўнг болани дунёга келтирди.
"Никоҳ гувоҳномамга имзо қўймаганман. Унда исмим бор, лекин имзо чекишим шарт эмас эди. Онам мен учун имзолади. У менинг ҳаётимни бир эркакка топширди. Бу никоҳлар шундай. Бошқалар сени тутиб беради, 18 ёшга тўлмагунча қочиб қутулолмайсан", дейди у.
Патрисия Тимга турмушга чиққанидан буён 46 йил ўтган бўлса-да, Алабама штати қонунлари деярли ўзгармаган. Бугун 14 ёшли бола никоҳдан ўта олмайди, лекин 18 ёш никоҳ учун минимал ёш ҳисобланса-да, 16 ёшли қиз ота-онасидан бирининг розилиги билан турмушга чиқиши мумкин.
"Қўшимча ҳимоя чоралари йўқ. Давлат вояга етмаган шахсдан мустақил розилик беришни талаб қилмайди, суд рухсати ҳам шартмас", деб тушунтиради Ло.
2025 йилда АҚШнинг атиги 16 та штати ва Вашингтон шаҳри ҳеч қандай истисноларсиз никоҳ ёшини 18 ёш қилиб белгилаган – бу инсон ҳуқуқлари ташкилотлари талаб қиладиган стандарт.
Бошқа штатлардаги қонуний истиснолар: бўлажак турмуш ўртоқдан ҳомиладорлик, аллақачон ўша шахсдан болали бўлганлик ва ота-она розилиги.
Арканзас, Ню-Мексико ва Оклахома каби штатларда ҳомиладорлик энг кам никоҳ ёшига истисно сифатида қўлланган.
Гендер тенглик ташкилоти "Equality Now" вакили Анастасия Ло таъкидлашича, бу истиснолар "бошқа ҳолатларда қонуний зўрлаш ёки болаларга нисбатан зўравонлик деб ҳисобланиши мумкин бўлган муносабатлар ва эксплуатацияни ҳам қонунийлаштириш"дан бошқа нарса эмас.

Сурат манбаси, Given to the BBC by Patricia Lane
БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб тахминан 12 миллион қиз ҳар йили 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқмоқда.
Бу ёшдан кичикларники болалар никоҳи сифатида белгиланган.
Ташкилот 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ушбу амалиётга барҳам бериш учун саъй-ҳаракатларни кучайтириш кераклигини таъкидламоқда.
Бу амалиёт халқаро миқёсда инсон ҳуқуқлари бузилиши сифатида тан олинган.
АҚШда никоҳ учун федерал минимал ёш белгиланмаган бўлиб, 2000 йилдан 2021 йилгача 300 000 дан ортиқ вояга етмаганлар қонуний никоҳдан ўтган, деб маълум қилади мамлакатда бу амалиётни тугатиш учун курашаётган "Unchained at Last" ташкилоти.
Уларнинг аксарияти 16 ёки 17 ёшда бўлса-да, айримлари атиги 10 ёшида турмуш қурган. Қизларнинг кўпчилиги вояга етган эркакларга турмушга чиққан.
"Федерал қонун ҳозирда никоҳ ниқоби остида болалар никоҳи ва болалар савдосига йўл очаётган бўшлиқларни ёпади", дейди Ло.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
"Ҳанузгача ёлғизликни енга олмаяпман"
Турмуш қурганидан кейинги йилларда Лейн жуда қийин қарорлар қилди, жумладан, қизини фарзандликка бериш ва эри билан ажрашиш. Кейинчалик у қайта турмуш қурди – бу сафар ўз хоҳиши билан.
АҚШда мажбурий ва болалар никоҳига қарши курашувчи ташкилотлар маълумотларига кўра, жабрланган қизлар кўпинча жамиятдан ажралиб қолади ва мактабни ташлаб кетиш эҳтимоли юқори, бу эса уларни эрларига янада кўпроқ қарам қилиб қўяди.
"Мен бир-икки йиллик таълимни йўқотдим. Кейинроқ ўқишни давом эттирдим, лекин бу бўшлиқни тўлиқ қопламайди," дейди Лейн.
"Эрим менга дўст орттиришга имкон бермади. Мен бутунлай ёлғиз эдим. Ҳанузгача ёлғизликни енга олмаяпман. Гуруҳда бўлишдан кўра ёлғиз ўзимни қулайроқ ҳис қиламан, чунки ҳали ҳам одамларга ишонишим қийин", дейди у.

Сурат манбаси, Given to the BBC by Patricia Lane
2018 йилдан бери 16 та штат бошидан шу каби кўргиликлар ўтганлар ва фуқаролик жамиятининг доимий саъй-ҳаракатлари туфайли болалар никоҳини тақиқлаш учун ўз қонунларини ўзгартирди. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп.
"Одамлар бу фақат ривожланаётган мамлакатларда ёки айрим динларда бўлади деб ўйлашади. Аммо йўқ – бу Қўшма Штатларда ҳам учрайди", дейди Лейн.
Фаоллар айтишича, АҚШда болалар никоҳи муаммо эканлиги тўғрисида хабардорлик йўқлиги ва чуқур ўрнашган гендер тарафкашлиги қонуний ислоҳотларни қийинлаштирмоқда.
"Бу эркаклар учун никоҳ жиноий жавобгарликдан қочишнинг бир йўли. Қонун чиқарувчилардан бунга йўл қўймасликларини сўрайман", дейди Лейн.
"16 ёки 17 ёшда бу ҳақиқий севги эканлигини таъкидлайдиганлар учун жуда соз аҳвол. Агар чин муҳаббат бўлса, 18 ёшда ҳам ўша чин муҳаббат бўлади."




























