Исроил кучлари Ғарбий соҳилда фаластинлик эр‑хотин ва уларнинг икки фарзандини ўлдирди

Сурат манбаси, Reuters
Исроил кучлари босиб олинган Ғарбий соҳилда фаластинлик эр-хотин ва уларнинг икки кичик фарзандини отиб ўлдирди.
Фожиа Ғарбий соҳил шимолидаги Таммун шаҳарчасида юз берди: Бани Уда оиласи ўз машинасида кетаётган вақтда Исроил ҳарбийлари уларга қарата ўт очган. Ҳодиса оқибатида оиланинг яна икки фарзанди яраланган, бироқ улар омон қолган.
Исроил расмийларининг маълум қилишича, ўша вақтда армия ва ҳарбийлаштирилган чегара полицияси шаҳарда қўшма амалиёт ўтказаётган бўлган. Уларнинг даъво қилишича, автомобиль Исроил кучлари йўналишида тезлигини ошириб, хавф туғдиргани сабабли ҳарбийлар ўқ узишга мажбур бўлган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Исроил ҳарбийлари ва полициясининг қўшма баёнотида "машинадаги тўрт нафар фаластинлик ўлдирилгани" тасдиқланди ва ҳозирда ҳодиса тафсилотлари ўрганилаётгани қўшимча қилинди.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси - ота-она Али ва Воад ҳамда уларнинг икки кичик фарзанди, 5 ёшли Муҳаммад ва 7 ёшли Усмон ҳалок бўлган. Вазирлик қурбонларнинг барчаси шифохонага бош ва юз қисмидан олинган оғир ўқ жароҳатлари билан олиб келинганини билдирди.
Машинада бўлган саккиз ва ўн бир ёшли икки катта фарзанд ўз яқинларининг ўлимига гувоҳ бўлишган. Улар ўқ парчаларидан енгил жароҳат олган бўлса-да, мўъжиза туфайли тирик қолишган.
Фаластин Қизил Ярим ой жамиятининг маълум қилишича, Исроил кучлари дастлаб воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам ходимларининг ярадорларга яқинлашишига йўл қўймаган ва улардан ҳудудни зудлик билан тарк этишни талаб қилган.
БМТ маълумотларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан бери босиб олинган Ғарбий соҳилнинг катта қисмида ҳаракатланишга қўйилган чекловлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Фаластин расмийлари ва халқаро ташкилотлар минтақада зўравонликлар давом этаётганини тасдиқламоқда.
Умуман олганда, 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумларидан сўнг Ғарбий соҳилда вазият кескинлашган. Айнан ўша воқеалар Ғазо секторидаги кенг кўламли урушга туртки бўлган эди.
БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) ҳисоботига кўра, 2023 йил 7 октябрдан 2026 йил 8 мартгача бўлган давр мобайнида босиб олинган Ғарбий соҳилда жами 1 064 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг камида 231 нафари ёш болалардир.






























