Ўлим чангалидан қайтиш ёки 40 дақиқалик ўлим бир эркак ҳаётини қандай ўзгартирди?

Соҳилбўйидаги қаҳвахонада олинган сурат.

Сурат манбаси, Patrick Charnley

Сурат тагсўзи, Юраги тўхтаб қолишидан ярим йил ўтиб, ўзининг таваллуд айёмини нишонлаётган Патрик. У 40 ёшга кирганди.
    • Author, Алекс Тейлор
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўлим одатда инсон учун ерда янги ҳаёт бошланишини англатмайди, бироқ Патрик Чарнли билан айнан шундай бўлди.

У муваффақиятли ҳуқуқшунос эди, бекор ўтган вақтни йўқотилган деб ҳисобларди, янги ютуқларга тинимсиз интиларди.

Аммо 2021 йилда, пандемия пайтида белгиланган иш вақтидан ташқари ишлаётган 39 ёшли бақувват, икки фарзанднинг отасида юрак тўхтаб қолди.

Ҳаммаси ўша оқшомда, ҳеч қандай аломатларсиз, уйда кечки овқат маҳали бошланди: Патрик Чарнли диванда ўтирганча фри картошкаси билан сосиска еяётганди. Бир оз вақт ўтиб, у тўсатдан ҳушини йўқотди.

Кейинроқ маълум бўлишича, унинг юраги ирсий касаллик туфайли тўхтаб қолган экан. Патрик 40 дақиқа давомида клиник ўлим ҳолатида бўлди. Рафиқаси унга юрак-ўпка реанимациясини ўтказишга ҳаракат қилди, ўша пайтда тўққиз ва етти ёшда бўлган қизи ва ўғли эса ёрдам чақириш учун югуриб кетишди.

Парамедикларнинг дефибрилляция қилишга уринишлари самара бермади. Патрикнинг рафиқаси эрининг ўлаётганини тушуна бошлади.

"Ҳаёт танамни тарк этаётганда, парамедиклар "сўнгги чора" сифатида адреналин уколи қилишди", деб ҳикоя қилади Патрик.

Ўшанда унинг юраги тўсатдан қайта ура бошлади.

Патрик бир ҳафталик комадан сўнг ҳаёти ва онгида кўп нарса ўзгарган одам бўлиб уйғонди. Унга бош мия жароҳати ташхиси қўйилди, бу унинг кўриш қобилияти, хотираси ҳамда чидамлилигига таъсир қилди.

Патрикнинг аввалгидек ишлаш ва яшаш имкони йўқ, лекин у ҳозир, ғалати туюлса-да, янада тўлақонли ҳаёт кечираётганини, яқинлари билан муносабатларга кўпроқ шўнғиганини айтади.

Эмма Барнеттнинг "Ready to Talk" подкастида айтишича, бу унинг дунёқараши ўзгарганидан далолат. Имкон берилса ҳам, эски ҳаётимга қайтмасдим, дея таъкидлайди у.

"Мен кўр бўлиб уйғондим"

Патрик Чанли
BBC
Hozir atrofdagi narsalarning go‘zalligini oldingidan ancha yaxshiroq ko‘ra olyapman.... Nazarimda, sekinroq yashay boshlaganim sayin hayotim yanada mazmunli bo‘lib boryapti.
Patrik Charnli
40 daqiqa davomida klinik o‘lim holatida bo‘lgan erkak (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Шундай бўлса-да, янги ҳолатини қабул қилиш осон кечмади.

"Мен кўр бўлиб уйғондим, – дейди Патрик комадан кейинги илк хотирасини эслаб. – Мен бу ҳолатларни бошдан кечираётгандим, лекин уларни тўлиқ қабул қила олмаётгандим", дея давом этади у.

Кўриш қобилияти йўқолиши унда ёрқин галлюцинацияларга сабаб бўлди. Шарл Бонне синдроми деб аталган бу ҳодисада мия тўсатдан йўқолган визуал таассуротлар ўрнини "тўлдиради".

Патрикнинг айтишича, у бошдан кечирган галлюцинацияларнинг баъзилари "қўрқинчли", бошқалари эса "гўзал" ва жуда гўзал бўлган.

Очиқ юрак операциясидан кейин шундай ҳолатлардан бирида у америкалик ҳамшира уни ўлдиришга уринаётганига қаттиқ ишонган.

Бироқ бу галлюцинациялар унга хотиржамлик ҳам берарди. Улардан бирида у Алп тоғларидаги санаторийга тушиб қолди ва ёнида ҳамширалар ўзаро суҳбатлашаётган бир пайтда, қорли тоғларни томоша қилиб ётди. Бу манзаралар унга "бахтиёр" хотиржамлик туйғусини берди.

Унинг кўриш қобилияти аста-секин тиклана бошлагач, шифокорлар кўриш муаммолари бош мия жароҳати туфайли эканини англашди. Аммо кўриши ҳозиргача қисман нуқсонли.

Комадан кейинги дастлабки когнитив тестлар унинг хотира ҳажми ва маълумотларни қайта ишлаш тезлиги 2 фоизгача пасайганини кўрсатди. Ўшандан бери аҳволи анча яхшиланган бўлса-да, Патрикда ҳалигача жиддий когнитив муаммолар сақланиб қолган.

Аммо у ўзининг янги ҳолатини ва юрак тўхташи оқибатларини фақат шифохонадан уйга қайтганидан кейин тўла англаб етди.

"Мен янада мазмунли ҳаёт кечиряпман"

Кучли чарчоқ уни қувватини тежашга мажбур қилади. "Мен ҳеч қачон тетик уйғонмайман. Ҳар тонг ҳолдан тойган аҳволда уйғонаман ва кун давомида фақат ёмонлашиб боради", деб тушунтиради у.

Шунингдек, у руҳиятидаги ўзгаришларга ҳам мослашишига тўғри келди. Дастлабки тузалишдан сўнг Патрик ўзида "бефарқлик" пайдо бўлганини сезди. Бу депрессия эмас, балки патологик апатия деб номланган ҳолат бўлиб, Патрик уни мустаҳкам таянчни ҳис қилмай, "вақт оқимида сузиб юриш" деб таърифлайди.

Терапия ва дори-дармонлар унга мотивацияни тиклашга ёрдам берди, психолог эса йўқотилган ҳаёти учун аза тутишга ўзига имкон беришни маслаҳат берди. Шунга қарамай, Патрик ҳаётдаги табиийликни, тенгдошлари даврасида осон мулоқотга киришишни, "жамият ҳаётида қатнашишни", фарзандлари билан фаол ўйинлар ўйнаш имкониятини соғинишини айтади.

У яна заифлашган хотирасини унинг учун сақлаш масъулиятини бутунлай зиммасига олгандек туюлган рафиқасидан ҳам хавотирда. "Аслида, у менинг парваришчимга айланиб қолган [...] Мен ўзимни гўё жуда-жуда қариб қолгандек ҳис қилиб яшаяпман", дея тан олади у.

Ҳаётидаги улкан ўзгаришларга қарамай, Патрик бундай турмуш тарзи кўп жиҳатдан унга маъқул келаётганини айтади. У касбини ўзгартириб, ёзувчилик билан шуғуллана бошлади ва энди, унинг айтишича, ҳаётдан шунчаки завқланиш учун вақти кўпроқ.

"Ҳозир шошмай яшаяпман. Ўзим хоҳлаганим учун эмас, балки мажбурлигимдан. Лекин буни жуда қадрлайман. Ҳозир атрофдаги нарсаларнинг гўзаллигини олдингидан анча яхшироқ кўра оляпман... Назаримда, секинроқ яшай бошлаганим сайин ҳаётим янада мазмунли бўлиб боряпти", дейди у.

"Дунёга бўлган қарашим тубдан ўзгарди. Тирик эканлигимдан миннатдорман", дея қўшимча қилади Патрик.

Суратда Патрик ўғли ва қизи билан бирга акс этган.

Сурат манбаси, Patrick Charnley

Сурат тагсўзи, Патрик Камбрия графлигида оиласи билан бирга дам олаётган пайт.

Патрикнинг оиласи билан муносабатлари ҳам яхшиланди.

"Ўйлайманки, муносабатларимиз ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ... бошимизга тушган воқеалар туфайли бир-биримизга анча яқин бўлиб қолдик, – дейди у. – Оила мен учун доим биринчи ўринда бўлган, лекин энди уларнинг ҳаётида янада фаолроқ иштирок эта оляпман. Илгари юзаки яшар эдим".

Юзага келган вазият туфайли Патрик кундалик иш тартибидан қутулди.

"Ҳатто янги чекловларга қарамай, ҳозирги ҳаётим менга ёқади. Болалар мактабдан келганида уйда бўлишни яхши кўраман. Бир ишдан иккинчисига шошмасдан ўтишни ёқтираман", дейди у.