Тошкентдаги баёнот, Бишкекдаги ҳибс ва Остонадаги "темир одамлар"

Eronlik bir kishi Mujtabo Xomanaiyning portretini ko'tarib turbdi.

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Олий раҳбар Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаийнинг ўлими ҳақидаги хабарларни рад этиб, бу даъволарни "вазиятни беқарорлаштириш кампанияси"нинг бир қисми деб атади.

Али Искандарий бу ҳақда кеча Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берди, деб хабар қилди "Podrobno.uz" нашри.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Мужтабо Хоманаийнинг ўлими ҳақидаги миш-мишлар "Эрон заифлашгани ҳақида хомхаёл уйғотиш"га қаратилган. "Мамлакат раҳбари соғ-омон ва ўз вазифаларини бажаришда давом этмоқда.

У халқ орасида ва сиёсий тузилмалардан тортиб қуролли кучларгача бўлган барча асосий институтлар устидан тўлиқ назоратни сақлаб турибди", - дея элчининг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

"Бунинг сабаби шундаки, улар бизни заифлаштириш учун шундай қилишмоқда. Яъни, Эрон таслим бўлаётгандек таассурот уйғотмоқчи ва албатта, раҳбар қаердалигини билишни исташади. Аммо бу инсон шу ерда, ўз хизмат вазифаларини бажаряпти ва мамлакатни бошқаряпти", - дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, элчи Теҳроннинг Вашингтон билан мулоқотга қайтиш нияти йўқлигини ва ўз ҳуқуқларини тан олиш ҳамда етказилган зарар қопланишини талаб қилишини билдирди. У АҚШ илгари эришилган келишувларни аллақачон бузганини эслатиб ўтди.

Эроннинг Марказий Осиёдаги дипломатлари АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари бошлангандан бери Теҳроннинг уруш ҳақидаги қарашларини тарғиб қилиш мақсадида минтақавий ахборот маконида фаол кўриниш бермоқдалар. Уларнинг баёнотлари асосан Россияпараст оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилмоқда.

Қирғизнефтгаз иши: Қамчибек Ташиевнинг укаси қўлга олинди

Hibsga olingan Tashievning ko'zlari qora bilan berkitilgan surati

Сурат манбаси, ИИМ

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг укаси Шайиpбек Ташиев мамлакатнинг "Қирғизнефтгаз" миллий нефть ва газ компаниясидаги коррупция иши бўйича тергов доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда бугун эрталаб Ички ишлар вазирлигига таяниб, "AKIpress.org" хусусий янгиликлар сайти хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, собиқ депутат Шайиpбек Ташиев вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. "Вазирликнинг тергов хизмати Давлат солиқ хизмати тақдим этган материаллар ва аудит хулосалари асосида Қирғизистон Жиноят кодексининг 336-моддаси (Коррупция) бўйича жиноят ишини олиб бормоқда", дейилади хабарда.

Аввалроқ Қамчибек Ташиевнинг ўзи ҳам иккита жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида Ички ишлар вазирлиги тергов хизматига чақирилгани ҳақида хабар берилган эди, бироқ тафсилотлар очиқланмаган. Маълумотларга кўра, Ташиев 19 март куни Қирғизистонга қайтган ва дарҳол сўроқ қилиш учун Бош тергов бошқармасига олиб кетилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча расмий изоҳ бергани йўқ.

Бир пайтлар Президент Садир Жапаровнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Ташиев 10 феврал куни президент томонидан МХДҚ раҳбарлигидан бўшатилганидан кейин мамлакатни тарк этган эди. Президент бу қарорни "жамиятда бўлинишнинг олдини олиш ва бирликни мустаҳкамлаш" мақсадида қилинганини айтган, Ташиев эса буни "кутилмаган" деб атаган бўлса-да, барқарорликни сақлашга чақирган эди. Собиқ генерал хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш ишларига бошчилик қилган, мамлакатнинг энг қудратли шахсларидан бири ҳисобланарди.

Қозоғистон гуманоид роботлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Gumanoid robot

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон Евросиёда минтақавий технологик хаб сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар доирасида Остона шаҳрида гуманоид (одамсимон) роботлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёргарлик кўрмоқда.

Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиевнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа мамлакатнинг асосий технопарки - "Astana Hub" негизида амалга оширилади. У хабда сунъий интеллект ва илғор технологияларга йўналтирилган стартапларни жадаллаштириш дастурлари ишлаётганини қайд этган.

Ҳозирда гуманоид робототехника лабораторияси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, унда роботларни масофадан бошқариш ва уларни маҳаллий тил модели билан интеграция қилиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қозоғистон 2026 йилда халқаро компаниялар иштирокида автоном транспорт воситалари бўйича пилот лойиҳани амалга оширишни режалаштирган, айни пайтда етказиб бериш дронлари бўйича хусусий ташаббуслар ҳам давом этмоқда.

Ҳукуматнинг билдиришича, мазкур кластер йилига 500 тагача стартапни қўллаб-қувватлаши ва Остонанинг минтақавий инновация маркази сифатидаги ролини кучайтириши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, "Astana Hub" резидентлари бўлган компаниялар дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатига IT хизматларини экспорт қилмоқда.

Бу янгиликлар Қозоғистоннинг технология соҳасига хорижий қизиқиш ортиб бораётган бир пайтда юз бермоқда.