Бу қўзиқоринни еган одамлар кўзига митти одамчалар кўринади, бу қандай сир?

Ичига жигарранг, сариқ ва қизил рангли йирик қўзиқоринлар тўлдириб солинган бир нечта идишлар.

Сурат манбаси, Colin Domnauer

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ҳар йили Хитойнинг Юннан вилоятидаги касалхона шифокорлари ғалати шикоятлар билан келган беморлар оқимига тайёр туради. Беморлар жуда ажабтовур аломатлар билан келади: улар кўзларига эшиклар тагидан ўтаётган, деворларда ўрмалаётган ва мебелларга ёпишиб олган митти, элфсимон жонзотлар кўринаётганини айтишади.

Бу ерда ҳар йили юзлаб шундай ҳолатлар кузатилади. Барчасининг сабаби умумий: Lanmaoa asiatica – яқин атрофдаги ўрмонларда қарағай дарахтлари билан симбиотик муносабатда ўсадиган, ўзининг мазали таъми билан машҳур маҳаллий севимли таом ҳисобланган қўзиқорин тури.

Юннанда L. asiatica бозорларда сотилади, ресторан менюларида учрайди ва июн-август ойларида қўзиқорин мавсумида уйларда тайёрланади.

Уни обдан пишириш керак, акс ҳолда, одамда галлюцинациялар пайдо бўлади.

"У ердаги қўзиқорин тортиладиган ресторанда официант 15 дақиқага таймер ўрнатиб, бизни огоҳлантирди: Таймер жирингламагунча еманг, акс ҳолда, митти одамчаларни кўриб қолишингиз мумкин, – дейди Юта университети ва Юта табиий тарих музейи биология фанлари докторанти, L. asiatica'ни ўрганаётган Колин Домнауэр. – У ерда буни кўпчилик билар экан."

Аммо Юннан ва яна айрим жойлардан ташқарида бу ғалати қўзиқорин кўп жиҳатдан сирлигича қолмоқда.

"Бу психоделик қўзиқорин мавжудлиги ҳақида кўплаб маълумотлар бор эди ва уни излаган кўплаб одамлар бўлган, лекин улар бу турни топа олишмаган", дейди миколог, замбуруғларни кашф этиш, ҳужжатлаштириш ва сақлашга бағишланган "Замбуруғ жамғармаси" нотижорат ташкилоти асосчиси ва ижрочи директори Жулиана Фурчи.

Домнауэр ушбу замбуруғ тури ҳақидаги сирларни очишга ва ундаги ғайриодатий тарзда ҳаммада ўхшаш галлюцинацияларга сабаб бўлаётган номаълум бирикмани аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

У L. asiatica ҳақида биринчи марта талаба бўлганида ўзининг микология ўқитувчисидан эшитган.

"Турли халқлар ва даврларда кўзга эртакмонанд жонзотларни кўрсатадиган қўзиқоринлар ҳақида бир-бирига ўхшаш ривоятлар борлиги ғалати туюларди, – дейди Домнауэр. – Ўшанда кўпроқ маълумот олишга қизиқиб қолгандим."

Қизил кийимдаги аёл бозор растаси ортида, олдига қўзиқоринлар тўлдирилган идишларни териб қўйиб ўтирибди.

Сурат манбаси, Colin Domnauer

Сурат тагсўзи, Lanmaoa asiatica қўзиқоринлари мавсум авжига чиққан пайтда — июн ва август ойлари оралиғида бозорларда сотилади

Илмий адабиётларда бир нечта маълумотлар келтирилган. 1991 йилда Хитой Фанлар академиясининг икки нафар тадқиқотчиси Юннан вилоятида маълум бир қўзиқоринни истеъмол қилган ва "лилипут галлюцинациялари"ни бошдан кечирган одамлар ҳолатини тасвирлаб мақола ёзганди. Бу атама Жонатан Свифтнинг "Гулливернинг саёҳатлари" романидаги хаёлий Лилипутия оролида яшовчи митти одамлар номидан олинган.

Тадқиқотчилар ёзишича, беморлар бу миттивойларни "ҳамма жойда ҳаракатланаётганини" кўрган – одатда бир жойда ўндан ортиқ митти жонзот бўлган. "Уларни кийинаётганда кийимларида, овқатланаётганда идишларида кўришган", дея қўшимча қилган тадқиқотчилар. Улар "кўзларини юмганларида янада ёрқинроқ" кўришган.

1960-йиллардаёқ америкалик муаллиф ва француз ботаниги, псилоцибин қўзиқоринлари мавжудлигини Ғарб жамоатчилигига маълум қилган Гордон Уассон ва Роже Ҳейм Папуа-Янги Гвинеяда шунга ўхшаш ҳодисага дуч келган. Улар 30 йил олдин оролга келган, маҳаллий аҳолининг "ақлдан озиши" ҳақида хабар берган миссионерлар маълумотларида айтилган қўзиқоринни излаётган эди. Бу ҳолатни антрополог кейинчалик "қўзиқорин телбалик" деб атаган.

Улар дуч келган нарса аслида Хитойдан келаётган ҳозирги хабарларга жуда ўхшаш эди. Улар шубҳали турнинг намуналарини йиғиб, ЛСДни кашф этган швейцариялик кимёгар Алберт Ҳофманга текшириш учун юборишган. Аммо Ҳофман ўша молекулаларни аниқлай олмаган. Жамоа бу ҳикоялар фармакологик асосга эга эмас, шунчаки маданий афсоналар бўлиши керак деган хулосага келган ва қўшимча тадқиқотлар ўтказилмаган.

Фақат 2015 йилга келиб, тадқиқотчилар L. asiatica'ни илмий тавсифлаб, унга ном берган, бироқ унинг психофаол хусусиятлари ҳақида ҳали етарли маълумот йўқ эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Шундай қилиб, Домнауэрнинг биринчи мақсади турнинг ҳақиқий идентификациясини аниқлаш бўлган. 2023 йилда у ёзги қўзиқорин мавсумида Юннанга саёҳат қилди. У вилоятдаги катта қўзиқорин бозорларини айланган ва сотувчилардан қайси қўзиқорин "митти одамчаларни кўрсатишини" сўраган. У жилмайиб турган сотувчилар кўрсатган намуналарни сотиб олган, сўнг уларнинг геномларини секвенслаш учун лабораторияга олиб борган.

Шу текширувда L. asiatica аниқланди, дейди у. У нашр этишга тайёрлаётган тадқиқот хулосасида айтилишича, лаборатория намуналаридан олинган кимёвий экстрактлар сичқонларда одамлардаги каби хулқий ўзгаришларни келтириб чиқарган. Қўзиқорин экстрактлари юборилгандан сўнг, сичқонлар аввал гиперактив, кейин эса узоқ муддат кам ҳаракат ҳолатга ўтган.

Домнауэр Филиппинга ҳам борди. У ерда Хитой ва Папуа-Янги Гвинеянинг тарихий битикларида айтилган аломатларга сабаб бўлувчи қўзиқорин ҳақидаги миш-мишларни эшитган эди. У йиққан намуналар хитойча қўзиқоринлардан бироз фарқ қиларди – улар каттароқ, қизғишроқ хитой қўзиқоринларига нисбатан кичикроқ ва оч пушти рангда эди. Бироқ генетик текширув улар бир турдан эканлигини кўрсатди.

2025 йил декабрь ойида Домнауэр раҳбари Уассон ва Ҳейм қайдларида келтирилган қўзиқоринларни қидириш учун Папуа-Янги Гвинеяга борди. Унинг айтишича, бу қўзиқоринларни аниқлаш "ҳали ҳам катта савол" эди. Бироқ, улар ҳеч нарса топа олмадилар, шу боис бу сир ҳали ҳам ечилмаган.

"Агар бир хил тур бўлиб чиқса, ажабланарли бўларди, чунки Папуа-Янги Гвинеяда одатда Хитой ва Филиппинда учрайдиган турлар топилмайди", дейди Домнауэр. Агар бошқа тур бўлса, "эволюция нуқтаи назардан янада қизиқарлироқ" бўларди.

Бу шуни англатадики, лилипут эффекти дунёнинг бутунлай бошқа-бошқа қисмларида фарқли қўзиқорин турларида бир-биридан мустақил равишда ривожланган.

Табиатда бунга мисол бор. Олимлар, шу жумладан, Домнауэр билан бир лабораторияда ишлайдиган баъзи олимлар яқинда сеҳрли қўзиқоринларда учрайдиган психоделик молекула псилоцибин бир-биридан узоқ бўлган икки турдаги қўзиқоринда мустақил равишда ривожланганини аниқлади.

Аммо L. asiatica қўзиқоринларига лилипут эффектини псилоцибин бермаяпти, дейди Домнауэр.

Оч кулранг кийим ва яшил шим кийган киши майсазорда чўнқайиб ўтирибди, унинг рўпарасида эса ерга бир қатор қилиб қўзиқоринлар териб қўйилган.

Сурат манбаси, Colin Domnauer

Сурат тагсўзи, Колин Домнaуэр Филиппинда ташқи кўриниши фарқ қиладиган, аммо Хитойдаги L. asiatica билан бир хил турдаги қўзиқоринларни топди

Домнауэр ва унинг жамоаси ҳали ҳам L. asiatica'даги галлюцинация уйғотаётган кимёвий бирикмани аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги синовлар унинг бошқа маълум психоделик бирикмалар билан боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, унинг таъсири одатдан ташқари узоқ бўлиб, одатда 12 соатдан 24 соатгача давом этади ва баъзи ҳолларда ҳатто бир ҳафтагача касалхонада даволанишга сабаб бўлади. Ушбу таъсирнинг фавқулодда узоқ давом этиши ва бош айланиши каби узоқ муддатли ножўя оқибатлар эҳтимоли туфайли Домнауэр ҳали бу қўзиқоринларни ўзи синаб кўрмаган.

Ана шу кучли таъсирларни ҳисобга олсак, Хитой, Филиппин ва Папуа-Янги Гвинея аҳолиси нима учун L. asiatica'ни психоактив таъсири учун қидирмаслиги аён бўлади. "У ҳар доим фақат овқат сифатида истеъмол қилинган", дейди Домнауэр, галлюцинациялар эса кутилмаган ён таъсир бўлган.

Яна бир қизиқ жиҳат бор: бошқа психоделик бирикмалар одатда нафақат одамдан-одамга, балки бир шахснинг ўзида турлича эффект намоён қилади. Бироқ, L. asiatica таъсирида кўзга "митти одамчаларнинг кўриниши жуда ишончли ва бу ҳақда такрор-такрор хабар қилинган", дейди Домнауэр. "Бундай ўзгармас, бир хил галлюцинацияларни келтириб чиқарадиган бошқа нарсани билмайман."

Бу қўзиқоринни тушуниш осон бўлмайди, дейди Домнауэр, лекин бошқа психоделик бирикмаларни ўрганишда бўлгани каби, у олиб борадиган илмий тадқиқотлар онгнинг энг муҳим масалалари, онг ва реаллик ўртасидаги муносабатларга доир тушунчаларимизни ўзгартириши мумкин.

Шунингдек, у L. asiatica истеъмол қилмаган одамларда ҳам баъзан ўз-ўзидан пайдо бўладиган лилипут галлюцинацияларини нима келтириб чиқариши ҳақида муҳим маълумот бериши мумкин. Бу ҳолат камдан-кам учрайди. 2021 йил ҳолатига кўра, лилипут галлюцинациялари биринчи марта 1909 йилда тавсифланганидан бери қўзиқорин билан боғлиқ бўлмаган атиги 226 та ҳолат қайд этилган.

Аммо нисбатан кам сонли одамлар учун натижа жиддий бўлиши мумкин: қўзиқорин билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар билан келган беморларнинг учдан бир қисми тўлиқ соғаймаган.

L. asiatica'ни ўрганиш олимларга бу табиий равишда пайдо бўладиган лилипут галлюцинациялар ортидаги мия механизмларини яхшироқ тушунишга, эҳтимол, неврологик касалликка чалинганлар учун янги даволаш усулларини ишлаб чиқишга ёрдам бериши мумкин, дейди Домнауэр.

Оқ деворли хонада икки киши — бири кулранг, иккинчиси эса қора кийимда — патнисдаги қўзиқоринларни диққат билан кўздан кечиришмоқда.

Сурат манбаси, Colin Domnauer

Сурат тагсўзи, Домнауэр ва унинг ҳамкасблари ҳали ҳам L. asiatica таркибидаги психоделик бирикмани аниқлаш устида иш олиб боришмоқда

"Энди биз миянинг қаерида [лилипут галлюцинациялари] пайдо бўлишини тушунишимиз мумкин", дейди этнофармаколог ва АҚШнинг Калифорния штатидаги МкКенна Табиий Фалсафа Академияси нотижорат таълим маркази директори Деннис МкКенна.

У қўзиқорин бирикмаларини тушуниш янги дори воситаларини кашф қилишга олиб келиши мумкинлигига қўшилади. "Даволаш мақсадида қўллаш борми? Буни ҳали кўриш керак", дейди МкКенна.

Тадқиқотчилар ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги замбуруғ турларининг 5 фоиздан камроғи илмий тавсифланган. Бу топилмалар дунёнинг тобора йўқолиб бораётган экотизимларида кашф этилмаган "улкан имкониятлар" борлигини ҳам кўрсатади, дейди замбуруғшунос Фурcи.

"Замбуруғларда жуда катта биокимёвий ва фармакологик хазина бор, биз улардан эндигина фойдалана бошладик, – дейди у. – Ҳали қилинадиган кўплаб кашфиётлар бор."