Исроилга кўра, Эрон хавфсизлик хизмати раҳбари Али Ларижоний ўлдирилган

Ali Larijoniy (o‘rtada).

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроил ҳарбийларига кўра, уларнинг ҳужумида Эрон хавфсизлик хизмати раҳбаро Али Ларижоний ўлдирилган.

Ларижоний охирги марта ўтган жумада Теҳрондаги Қуддус куни юришида омма олдида кўриниш берганди.

Эрон ҳалича унинг ўлдирилгани ёки ярадор бўлганини тасдиқламади.

Айни пайтда, Ироқ пойтахти Бағдоддаги АҚШ элчихонасига яна дрон ва ракеталардан ҳужум қилинган.

БАА эса Эроннинг ракета ҳамда дрон ҳужумлари ортидан ёпилган ҳаво ҳудуди қайта очилганини билдирмоқда.

Айни пайтда, Доналд Трамп бошқа мамлакатларга, хусусан, НАТОдаги иттифоқчиларига мурожаат қилиб, Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришга чақирмоқда.

Ҳўрмуз - нефт ортилган кемалар ўтадиган дунёдаги энг муҳим нефт ташиладиган сув йўлларидан бири.

16 март: Эрон БААнинг муҳим нефт порти ва Дубай аэропортига зарба берди

Ҳаво ҳимояси дронни ушлаб қолганидан кейин пайдо бўлган парчалар туфайли Фужайра нефть саноати ҳудудида тутун кўтарилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 14 март куни Фужайра нефт саноати ҳудудидан Эрон дрони порт устидан ушланганидан сўнг тутун кўтарилгани кузатилди

БААнинг энг йирик порти ва нефт омбори ҳамда Дубай аэропорти дронлар ҳужумига учради.

Эрон Форс кўрфазидаги транспорт ва нефт инфратузилмасини нишонга олишни давом эттирар экан, Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) энг йирик порти ва нефт сақлаш иншооти Фужайра ҳамда Дубай халқаро аэропорти навбатдаги дрон ҳужумларига учради.

Душанба куни аэропорт яқинида "дрон билан боғлиқ ҳодиса" туфайли ёнғин чиққанидан сўнг, авиапарвозлар вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, минтақадаги энг йирик нефт омборларидан бири бўлган, стратегик муҳим Фужайра порти ва саноат зонасига уюштирилган дрон ҳужумидан кейин кучли ёнғин содир бўлди.

БАА пойтахти Абу-Даби чеккасида автомобилга берилган ракета зарбаси оқибатида Фаластин фуқароси ҳалок бўлди, деб хабар берди шаҳар Медиа идораси.

Ҳужум Ал Баҳия ҳудудида юз бергани айтилди.

Душанба куни БАА Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат ҳаво ҳимоя тизимлари олти баллистик ракетани ва 21 та дронни ушлаб қолган. АҚШ ва Исроил билан Эрон ўртасидаги уруш бошланганидан бери Эрон БААга 1 900 дан ортиқ ракета ва дрон йўллаган.

Душанба кунги дрон ҳужуми Дубай аэропорти яқинида уруш бошланганидан буён рўй берган учинчи воқеа бўлди. Ушбу аэропорт халқаро йўловчилар оқими бўйича дунёда энг банд ҳисобланади.

Баъзи парвозлар кечиктирилди, бошқалари эса бутунлай бекор қилинди - бу БААнинг хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги имижига яна бир зарба бўлди.

Шунингдек, мамлакатнинг энергетика сектори ҳам ҳужумга учради: шанба куни дрон нефт сақлаш танкерини уриб туширди, душанба куни эса яна бир дрон нефт иншоотларига зарба бериб, ёнғин келтириб чиқарди.

Портда нефт юклаш ишлари зарарни баҳолаш ишлари олиб борилаётган вақтда вақтинча тўхтатилди.

16 март куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган Дубай Халқаро Аэропорти (DXB) яқинидаги ҳудуддан тутун кўтарилмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Душанба куни Дубай аэропорти яқинидаги ҳудуддан тутун кўтарилмоқда

Фужайра БААнинг шарқий соҳилида, Уммон кўрфази бўйида жойлашган, яъни Форс кўрфази эмас. Шу боис кемалар у ерга етиб бориш учун Ҳурмуз бұғозидан ўтиши шарт эмас.

Бу жойлашув портнинг аҳамиятини оширади. Дубайда истиқомат қилувчи CEO Middle East журнали муҳаррири Жастин Ҳарпер (у дунё нефт саноати раҳбарлари билан мунтазам мулоқотда) Би-Би-Сига айтишича, "Эрон Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйган пайтларда глобал таъминот занжирларини ҳаракатда ушлаб туришда порт ҳал қилувчи рол ўйнайди".

"Агар Эрон билан кескинлик бу тиқин нуқтасига таъсир қилса, БАА барибир Абу-Дабидаги нефт конларидан Фужайрагача келувчи қувурлар орқали нефт экспорт қила олади", - деди у.

Коммодити маълумотлари билан шуғулланувчи Kpler компаниясининг Дубайдаги нефт таҳлилчиси Мэтт Стэнлининг айтишича, порт шахри "Ҳурмуз бўғозини айланиб ўтиш учун идеал жойда" жойлашган.

"БААнинг давлат нефть компанияси ADNOC ўз нефт танкерларини шу ерда сақлайди, бу хом нефт бўлиб, уни Осиё харидорлари талаб қилади", - деди у.

Стэнли шундай қўшимча қилди: "Эроннинг Фужайрада нефт сақлаш танкерини ва қувурни уришга қаратилган ҳужумлари Кўрфаз инфратузилмасининг заиф эканини кўрсатади".

"Эрон энергия оқимини издан чиқаришни хоҳлаяпти".

Стэнлига кўра, порт шахри Ҳиндистонга яқин ва Сингапур ва Хитой томон ҳаракатланувчи кемалар учун Яқин Шарқдан чиққандан кейинги биринчи тўхташ пунктидир.

Фужайра қадимий Ипак йўлининг денгиз йўналишида жойлашган бўлиб, у 25-30 кундан бери очиқ денгизда сузиб юрган контейнер кемаларини бункерлаш, яъни ёнилғи, озиқ-овқат ва сув билан таъминлаш ҳисобига катта бизнес ҳажмини ўзига жалб қилган.

"Фуджайра кемалар учун «улкан савдо автомати»га ўхшайди", - дея қўшимча қилди Стенли.

Дубайга қилинган ҳужумларга қарамай, Харпернинг таъкидлашича, у ердаги бизнес ҳамжамияти "барқарор". Ресторанлар одамларни қайта жалб қилиш учун махсус таклифлар тақдим этмоқда ва савдо марказлари ҳамон гавжум кўринади. "Одамлар Дубайни ва унинг инқироздан омон чиқиш қобилиятини паст баҳолашади", - дея қўшимча қилди у.

Ўтган ҳафта БАА Давлат вазири Лана Нуссейбе Би-би-сига берган интервюсида унинг мамлакати низодан сўнг ўзини тиклаб олишига ваъда бериб, иқтисодиёт барқарор эканини таъкидлади.