Хитойда янги қонун: Ҳамма миллатлар энди хитойча ўрганиши шарт

Си Цзиньпин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой раҳбари Си Цзинпин бир неча бор "динни хитоийлаштириш"ни талаб қилган
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Хитой ҳукумати ўнлаб йиллардан буён этник озчиликларни ҳукмрон хан маданиятига сингдиришга қаратилган репрессив сиёсат олиб бораётганликда айбланади.

Тадқиқотчилар ва ҳуқуқ фаоллари таъкидлашича, янги қонун бу жараённи янада мустаҳкамлайди, кенгайтиради ва ҳатто тезлаштириб, озчилик гуруҳлар ҳуқуқлари ҳамда уларнинг турмуш тарзига жиддийроқ таҳдид солади.

Бироқ Хитой ҳукумати ушбу қонунни "бирлик орқали модернизация" учун жуда муҳим деб ҳисоблайди ва уни "Этник бирлик ва тараққиётни рағбатлантириш тўғрисида"ги қонун деб атамоқда.

Қонун мандарин тилини дастаклайди ва бошқа тилларнинг мақомини пасайтиради; ҳукмрон хан миллати ва бошқа этник гуруҳлар ўртасидаги аралаш никоҳларни рағбатлантиради; ота-оналардан "вояга етмаганларни Хитой Коммунистик партиясини севишга ўргатиш ва шунга йўналтириш"ни талаб қилади; шунингдек, умумий қоида сифатида "этник бирлик"ка зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатни ман этади.

Си Цзинпин бир неча бор "динни хитойлаштириш"га чақириб, диний амалиётлар Коммунистик партия Хитой маданияти ва қадриятлари деб ҳисоблаган меъёрларга мос келиши кераклигини таъкидлаган. Экспертлар бу қонун унинг бошқарувининг ўзагига айланиб улгурган сиёсатни мустаҳкамлайди демоқда.

"Гап мандарин тилини тарғиб қилиш ҳақида кетяптими ёки этник озчиликларнинг ўзлигини ифода этиш, диний амалиётлар ва шу кабиларни чеклаш тўғрисида кетяптими, асосийси режим шу орқали ўзи қилган барча ишлар тўғри эканини айтмоқда. Авваллари шунчаки сиёсат бўлган ишларни энди қонун даражасига кўтармоқчи", дейди Пенсилвания университети ходими Аарон Глассерман.

Хитойда аҳолиси бир неча ўн мингдан миллионларгача етадиган 55 та расмий этник озчилик бор.

Бироқ Пекин ҳамиша айрим гуруҳлардан кўпроқ хавотирланган. Хитой тузуми уйғурлар ва бошқа туркий озчиликлар яшайдиган Шинжон, шунингдек, Тибетда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ўта жиддий айбловларга дуч келмоқда.

Си Цзиньпин (ўртада), Премьер Ли Цян (ўнгда) ва Ван Хунин (чапда) Хитой Халқ вакиллари умумхалқ қурултойи 14-чақириқ тўртинчи сессиясининг очилиш маросимида қарсак чалмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Президент Си ва Халқ вакиллари умумхалқ қурултойининг 14-чақириқ йиғилиши этник озчиликлар ҳуқуқларини чекловчи қонунни қабул қилиши кутилмоқда

Коммунистик партия озчилик гуруҳларни Хитой таркибида бўлишдан мамнун қилиш учун уларга кўпроқ мухторият бериш ўрнига, ажралиб чиқиш ҳақидаги ҳар қандай хавфли гап-сўзларга қарши курашиш учун уларни қўрқитиб келган.

2008-йилги Олимпия ўйинлари арафасида Тибет роҳиблари Лҳаса шаҳрида Пекин ҳукмронлигига қарши қўзғолонга бошчилик қилди. Аввалги қўзғолонлар сингари, бу ҳам бостирилди. Пекин 22 киши ҳалок бўлганини айтса-да, қувғиндаги тибет гуруҳлари бу рақамни 200 га яқин деб ҳисоблайди.

Кейинги йили мамлакатнинг олис ғарбида, Шинжон-Уйғур бўлгаси пойтахти Урумчида уйғурлар ва хан миллати вакиллари ўртасидаги қонли тўқнашувлар натижасида 200 га яқин одам ҳалок бўлганди.

2013 йилда бир гуруҳ уйғур бўлгинчилари портловчи моддалар ортилган машинани Тянанмен майдонига қараган дарвоза томон ҳайдаб кетаётганда ўлдирилган, 2014 йилда эса бошқа бир гуруҳ уйғурлар Юннан провинциясидаги темирйўл вокзалида йўловчиларга ҳужум қилган.

Пекин этник озчиликларга нисбатан қўлланаётган қаттиққўл чораларни оқлаш учун ана шу зўравон қўзғолонларни келтириши мумкин.

Аммо БМТ ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари бир миллиондан ортиқ уйғур мусулмонлар лагерларда мажбуран ушлаб турилганини даъво қилмоқда. Хитой ҳукумати бу жойларни "қайта тарбиялаш" ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари деб атаган. Шунингдек, хабарларда уйғурларнинг диний амалиётлари чеклангани ва масжидлар ёпилгани айтилади.

Тибетда бир вақтлар ҳокимият марказлари бўлган монастирлар қаттиқ назорат остида. Энди 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола давлат мактабларида мандарин тилини ўрганиши шарт ва буддавийлик битикларини ўқий олмайди. Бу бир пайтлар болалар роҳиб бўлиш учун монастирлар қошидаги мактабларга борган жамият учун катта зарбадир.

Лхасадаги майдонда ағдарилган барак ёнидан ўтиб кетаётган тибетлик роҳиб.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2008 йилда Тибет пойтахти Лхасада Хитой ҳукмронлигига қарши намойишларни бостириш учун хавфсизлик кучлари ўқ отганидан кейин, ҳалокатли зўравонликлар авж олди

Сўнгги йилларда ҳукуматнинг Ички Мўғулистонда мўғул тилини ўқитишни чеклаши ҳамда амалдорларнинг мамлакат шимоли-ғарбидаги Нинся вилоятида хуэй мусулмонлари масжидларини бузишга буйруқ бериши ортидан тартибсизликлар келиб чиқди.

Таҳлилчилар фикрича, ҳукумат озчиликларнинг амалдаги қонуний ҳимоясини четлаб ўтиш учун янги қонунга эҳтиёж сезган бўлиши мумкин.

Қолаверса, бу қонун уларга Хитойни қўшнилар ва асосий глобал савдо йўллари билан боғлайдиган стратегик муҳим ҳудудларни назорат қилиш имконини беради.

China Power Project таҳлил маркази янги қонунни ўрганар экан, коммунистик Хитой асосчиси Маонинг қуйидаги сўзларини келтиради: "Биз Хитойни ҳудуди кенг, ресурсга бой ва аҳолиси кўп мамлакат деймиз; аслида эса аҳолиси кўп хан миллати, ҳудуди кенг ва ресурслари бой бўлганлар эса озчилик миллатлардир".

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Тўғри, уйғурлар каби баъзи миллатларсони бир неча миллионга етса-да, улар аҳолини рўйхатга олишда Хитой фуқароларининг 90 фоиздан ортиғини ташкил этувчи хан миллати вакиллари сони олдида жуда озчилик бўлиб қолади.

Аммо тибетликлар, уйғурлар ва мўғулларнинг тарихий ватанларига назар ташласак, бу улкан ҳудудлар минерал ресурсларга бой, қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятли ва мамлакат умумий ер майдонининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Тарихда бу халқларнинг Хитойдан мустақил бўлган даврлари бўлган. Улар хорижий мамлакатлар билан чегарадош кенг ҳудудларда яшайди. Улар нафақат ўз тилларида сўзлашади, балки ўзларига хос ёзувлари ҳам бор.

Улар вақти-вақти билан ўзига хос маданиятларини ҳимоя қилиш учун Пекинга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган, аммо муваффақиятга эриша олишмаган. Уларнинг сургундаги вакиллари эса хорижда режимнинг энг ашаддий танқидчиларидан бўлиб келган.

Гарчи Хитойда Партия нимани истаса, ўша қонунга айланиши мумкин бўлса-да, янги "этник бирлик" қонуни амалдорларга аллақачон қилиб келаётган ишларни бажаришни янада осонлаштиради, энди уларда юқоридан берилган аниқроқ кўрсатмалар бўлади.

Кўп йиллардан буён Хитой ҳукумати хан миллатига мансуб хитойликларни Тибет ёки Шинжонга кўчиб ўтишга рағбатлантириб келади. Танқидчилар айтишича, ҳукумат у ерда озчилик этник гуруҳлар сонини атай босиб кетишга ҳаракат қилган. Натижада, минтақавий марказлар Лҳаса ва Урумчида хан маданиятининг улкан оқими кузатилди.

Бундан ташқари, Пекин этник гуруҳлар, айниқса, уйғурлар ва хан хитойликлари ўртасидаги никоҳларни молиявий рағбатлантириш орқали қўллаб-қувватлади, шу йўл билан озчилик гуруҳларни хан маданиятига сингдиришга уринишда айбланмоқда. Янги қонун энди айни шу масалани тартибга солади.

"Улар қонунда миллатлараро никоҳни очиқча тарғиб қилмаяпти. Уларнинг айтишича, ҳеч бир шахс ёки ташкилотга бировнинг диний ёки этник мансублигига асосланиб, никоҳ эркинлигига аралашишга рухсат этилмайди", дейди Глассерман.

У хан миллатига мансуб эркак ва уйғур аёли ўртасидаги никоҳга маҳаллий имом ёки руҳоний эътироз билдириши мумкинлигини мисол қилиб келтиради.

"Тасаввур қилинг, маҳаллий амалдорнинг асосий мақсади лавозимга кўтарилиш ёки ҳеч бўлмаганда ишдан ҳайдалмаслиги учун муаммоларни иложи борича камайтиришдир. Бу амалдор вазиятни сездирмай юмшатиши, никоҳга қаршилик учун шароит яратиши мумкин. Ушбу қонун эса бу жараённи қийинлаштиради, одамларнинг имом, руҳоний ёки ота-оналар қаршилигига йўл қўймаслик эҳтимолини оширади".

Хитойда ўз анъанавий ватанларида яшаётган уйғурлар, тибетликлар ёки мўғуллардан бу қонун ҳақидаги фикрлари бўйича интервью олиш қийин. Чунки ҳукуматнинг ҳар қандай сиёсатини танқид қилиш "айирмачилик" тарғиботи деб топилса, қамалишлари мумкин.

Бироқ хорижда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар бонг урмоқда.

Монастирдаги роҳиблар.
Сурат тагсўзи, 2025 йилда Би-Би-Си ўнлаб йиллар давомида тибетликлар қаршилиги марказида бўлиб келган бир монастирга ташриф буюрди

Янги қонун мактабларда озчилик тилида ўқитишни чеклаш орқали "уйғурлар, тибетликлар ва мўғуллар энди мактаб ва университетларда ўз она тилларидан фойдалана олмаслигини" таъминлайди. "Бунинг ўрнига улар Коммунистик партиянинг этник озчиликларни хан-хитой жамиятига сингдириш сиёсатининг бир қисми сифатида мандарин тилидан фойдаланишга мажбур бўлади", деб ёзади "Уйғурлар учун кампания" ташкилоти ижтимоий тармоқларда.

Ҳиндистонда жойлашган ва сургундаги тибетликлар томонидан молиялаштириладиган инглиз тилидаги "Phayul" веб-сайтига кўра, "Танқидчилар ушбу қонунни Си Цзинпин раҳнамолигидаги тезлаштирилган "хитойлаштириш" кампаниясининг сўнгги босқичи деб билади".

Қайсидир маънода, Коммунистик партия бу қонун ассимиляцияга қаратилгани борасида фаоллар ва танқидчилар билан ҳамфикр – фарқи шуки, партия буни ижобий ҳолат деб ҳисоблайди.

Бу қонун "партиянинг этник масалалар устидан ҳар томонлама раҳбарлигини таъминлаш, хитой миллатининг ягона ҳамжамият туйғусини мустаҳкамлашнинг институционал механизмларини такомиллаштириш ва этник озчилик ҳудудларининг мамлакатнинг умумий тараққиётига яхшироқ интеграциялашувини қўллаб-қувватлашга қаратилган", деди қонунни қабул қиладиган бу йилги Бутунхитой халқ вакиллари қурултойи спикери Лою Цинжян.

Партия узоқ вақтдан бери хан хитойлари бошқа этник гуруҳларга нисбатан модернизациянинг юқори босқичида эканлигини таъкидлаб келади. Улар бу билан озчилик этник гуруҳларни қолоқ демоқчи бўлади.

Глассерманнинг айтишича, бу баъзида "Бизда инқилоб бўлди, энди ҳаммамиз мандарин тилида гаплашадиган вақт келди. Уларнинг "қолоқ" дафн ёки никоҳ одатларига ҳурмат кўрсатиш шарт эмас, чунки энди ҳаммамиз замонавиймиз", деб ҳисоблайдиган ғайратли маҳаллий амалдорлар билан ишлаш марказий ҳукумат учун ҳам бошоғриқ бўлган.

Оқибатда бу ҳол қуйи даражадаги амалдорларнинг мусулмонларни чўчқа гўшти ейишга мажбурлаши ёки завод раҳбарларининг ҳалол ошхоналари бўлмаган ҳолда мусулмон ишчиларни ёллашига сабаб бўлган. Пекин учун бу арзимас тортишувлардир. Бироқ айрим жойларда ҳукумат бу хабарни қуйи кадрларга етказа олмай қийналган. Шу сабабли, ушбу қонун жавоб чораларини стандартлаштириши мумкин, деган умид бор.

Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, бу ҳужжатни ҳуқуқбузарларни судга тортиш воситаси сифатида эмас, балки кўпроқ оммавий баёнот сифатида қабул қилиш керак.

"У таълим, дин, тарих, маданият, туризм, оммавий ахборот воситалари ва интернетда "хитой миллатининг умумий онги" билан боғлиқ мафкуравий асосни расмийлаштиради, бу мафкурани шаҳар ва қишлоқларни режалаштиришга, иқтисодий ривожланишга сингдиришни кўзлайди", дейди Human Rights Watch ташкилотининг Хитой бўйича тадқиқотчиси Ёлқин Улуйўл.

Аксарият таҳлилчилар фикрича, Пекин мамлакат бўйлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатиш учун янги қонунга муҳтож эмас. Бироқ бу қонун Си Цзинпин яқин келажакда Хитойни қайси тарафга бошлаётганидан дарак беради.