Эрон урушидан келаётган тасвирлар кўпи сохтами?

Сурат манбаси, Manba: X
- Author, Томас Коупленд
- Role, BBC Verify
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Мутахассисларнинг BBC Verify'га маълум қилишича, генератив сунъий интеллект (СИ) технологияларидан тобора кўпроқ фойдаланаётган онлайн контент муаллифлари Эрон уруши ҳақида СИ ёрдамида яратилган ёлғон видеолардан пул ишлашмоқда.
Таҳлилларимиз кўрсатишича, можарога оид ёлғон ва чалғитувчи даъволар СИ ёрдамида яратилган кўплаб видеолар ва сохта сунъий йўлдош тасвирлари орқали тарқатилмоқда ва улар интернетда юз миллионлаб марта кўрилмоқда.
"Вазият миқёси чинакамига хавотирли ва бу уруш уни эътиборсиз қолдиришни имконсиз қилиб қўйди" - дейди Квинсленд технология университетининг рақамли медиа бўйича мутахассиси Тимоти Грем.
"Илгари профессионал маҳорат талаб қилган бу ишни ҳозир СИ воситалари ёрдамида бир неча дақиқада бажариш мумкин. Ишонарли тасвирларни яратишдаги тўсиқлар деярли йўқолди" - дея қўшимча қилади у.
АҚШ ва Исроил 28-феврал куни Эронга зарба беришни бошлади. Бунга жавобан Эрон Исроилга, шунингдек, Форс кўрфазидаги бир қанча давлатларга ва АҚШнинг минтақадаги ҳарбий нишонларига дрон ва ракета ҳужумлари уюштирди.

Сурат манбаси, Manba:X
Кўпчилик сўнгги маълумотларни излаш, уларни бошқалар билан бўлишиш ва шиддатли можарони тушуниш учун ижтимоий тармоқларга юзланмоқда.
Олдинроқ Х платформаси қуролли можаро ҳақидаги СИ видеоларни ёрлиқсиз жойлаштирган контент муаллифларини монетизация дастуридан вақтинча четлатишини эълон қилганди.
Платформа постлари кўп кўрилган, лайклар, улашишлар ва изоҳлар тўплаган фойдаланувчиларни пул мукофотлари билан тақдирлайди.
"Улар бу катта муаммо эканлигини пайқагани муҳим сигналдир" - дейди Оксфорд интернет институтининг Эрон бўйича ихтисослашган тадқиқотчиси Маҳса Алимардоний.
Биз TikTok ва Meta'дан (Facebook ҳамда Instagram) шунга ўхшаш чоралар кўриш нияти бор-йўқлигини сўрадик, бироқ улар изоҳ сўровларимизга жавоб бермади.
BBC Verify кузатган СИ ёрдамида яратилган одатий видеоларда портлаш овозлари фонида Исроилнинг Тел-Авив шаҳрига ракеталар келиб урилаётгани акс этган.
Бу видео 300 дан ортиқ марта пост қилинган ва кейинчалик ижтимоий тармоқларда ўн минглаб марта улашилган.
Айрим Х фойдаланувчилари видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун платформанинг Grok номли СИ чат-ботига мурожаат қилган. Аммо BBC Verify кўрган кўплаб ҳолатларда Grok СИ яратган видеони ҳақиқий, деб нотўғри жавоб берган.

Сурат манбаси, Manba: X
Ўн миллионлаб марта кўрилган яна бир сохта видеода Дубайдаги Бурж Халифа осмонўпар биноси ёнаётгани, оломон эса бино томон югураётгандек тасвирланган.
СИ ёрдамида яратилган ушбу кадрлар аҳоли ва сайёҳлар шаҳарга қилинган дрон ва ракета ҳужумлари сабабли жиддий хавотирда бўлган бир пайтда интернетда кенг тарқалди.
"Бундай сохта видеолар одамларнинг интернетда кўрган тасдиқланган маълумотларига бўлган ишончига путур етказади ва ҳақиқий далилларни ҳужжатлаштиришни анча қийинлаштиради" - дейди Алимардоний.
BBC Verify таҳлил қилган янги бир хусусият – СИ ёрдамида яратилган сунъий йўлдош тасвирлари пайдо бўлган.
Биз можаронинг биринчи кунида Баҳрайндаги АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти штабига Эрон дронлари ва ракеталари зарба берганини кўрсатувчи бир нечта ҳақиқий видеони тасдиқладик.
Эртаси куни давлатга алоқадор The Tehran Times нашри Х тармоғида шу сохта суратни улашиб юборган ва ундаги изоҳда базага катта зарар етказилгани даъво қилинганди.
Афтидан, бу сохта сурат АҚШнинг Баҳрайндаги ҳарбий-денгиз базасининг 2025 йил февралида олинган ва интернетда очиқ мавжуд бўлган ҳақиқий сунъий йўлдош тасвирларига асосланган.
Google'нинг SynthID сув белгиси детекторига кўра, сохта расм Google'нинг СИ воситаси ёрдамида яратилган ёки таҳрирланган.
Суратлар гўёки бир йил фарқ билан олинган, аммо ташқаридаги учта автомобил ҳақиқий сунъий йўлдош тасвирида ҳам, СИ яратган суратда ҳам айни бир жойда турибди.
Bu ishni hozir SI vositalari yordamida bir necha daqiqada bajarish mumkin. Ishonarli tasvirlarni yaratishdagi to‘siqlar deyarli yo‘qoldi.

Сурат манбаси, Manba: Google Maps, X
Google'нинг СИ воситалари, жумладан, унинг Veo видео генератори OpenAI'нинг Sora модели, Хитойнинг Seedance СИ иловаси ва Х тармоғига ўрнатилган Grok каби оммабоп СИ платформалари қаторидан ўрин олган.
"Ҳозир юқори даражада реалистик бўлган турли хил СИ видеоларни яратиш воситалари жуда кўп" - дейди генератив СИ бўйича мутахассис Ҳенри Аждер.
"Биз бу воситаларнинг бунчалик қулай, осон ва арзон бўлганини ҳеч кўрмаганмиз".
Оқибатда интернетда СИ яратган контент кескин кўпайди.
"Эндиликда ижтимоий тармоқларга контент узатиш жараёнини деярли тўлиқ автоматлаштириш мумкин" – дейди What To Fix технологик сиёсат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Виктуар Рио.
Х компаниясининг маҳсулотлар бўйича раҳбари сешанба куни бундай СИ видеоларни тарқатаётган аккаунтларнинг "99 фоизи" "Муаллифлар даромадини тақсимлаш" дастури орқали пул ишлаб олишга уринаётганини айтди.
Платформа ушбу дастурда нечта аккаунт иштирок этишини ёки улар қанча пул ишлаши мумкинлигини ошкор қилмайди.
Аммо Гремнинг ҳисоб-китобларига кўра, Х ҳар бир миллион тасдиқланган фойдаланувчи кўргани учун тахминан 8-12 доллар тўлаши мумкин.
"Дастурда иштирок этиш учун контент ижодкорлар уч ойда беш миллион органик кўришлар йиғиши ва Х премиум обунасига эга бўлиши керак" - дея қўшимча қилди у.
"Дастурга қўшилгач, сунъий интеллект ёрдамида яратилган ва тез оммалашадиган контент деярли пул босиб чиқарадиган машинага айланади. Улар дезинформацияга асосланган улкан бизнес қуришди".
Х эса бизнинг изоҳ сўровимизга ёки "Муаллифлар даромадини тақсимлаш" дастури бўйича саволларимизга жавоб бермади.
Кўплаб ижтимоий медиа компаниялари сунъий интеллект яратган контентга қарши курашиш учун модерация ва аниқлаш тизимларини такомиллаштиришга ҳаракат қилаётганини айтаётган бўлса-да, мутахассислар BBC Verify'га таъкидлашича, бу муаммонинг оддий ечими йўқ.
"Асосий муаммо шундаки, фойдаланувчиларни ўзига жалб этгани учун ҳақ тўлаш ва тўғри маълумотлар сиёсати бир-бирига халақит қилади ва ҳеч бир платформа бу зиддиятни тўла ҳал этмаган, эҳтимол ҳеч қачон ҳал қила олмас" - дейди Грем.






























