"Бирор юмшоқ сценарий кўринмаяпти". Шарқшунос Руслан Сулаймонов Эронга сафари ҳақида сўзлаб берди

Автомобилист проезжает мимо макетов иранских ракет, установленных вдоль дороги на площади Валиаср в Тегеране 22 марта 2026 года.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Ўқилиш вақти: 11 дақ

АҚШ Президенти Доналд Трамп Эрон ядро қуролидан бутунлай воз кечишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ислом Республикаси ҳукумати келишувга эришмоқчи. Трампнинг яна таъкидлашича, Теҳрон аллақачон нефт ва газ билан боғлиқ қандайдир қимматбаҳо совға тақдим этган.

Уруш яқин кунларда тугаши мумкинми? Эрон бунинг эвазига нима талаб қилади? Ҳозир мамлакат ичида нималар бўлмоқда?

Би-би-си Рус хизматининг "Что это было?" подкасти бошловчиси Оксана Чиж шарқшунос ва NEST Centre эксперти Руслан Сулаймонов (Россия ҳукумати уни "хорижий агентлар" рўйхатига киритган) билан бирга мазкур масалаларни муҳокама қилди.

Би-би-си: Эрон ҳозир Трамп билан келишувга боришга тайёрми? Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Руслан Сулаймонов: Ҳозирча бу анча шубҳали. Эрон расмийлари баёнотларига қарасангиз, ҳар қандай келишувда янги қуролли тўқнашувлар, АҚШ ва Исроилнинг янги амалиётлари такрорланмаслиги кафолатланиши керак. Бу, эҳтимол, уларнинг асосий шарти. Теҳрон бугун Ҳўрмуз бўғози оша қўшни давлатларга зарбалар бериш орқали Вашингтонга босим ўтказиш имкониятига эгалигини билади.

Шу сабабли, менимча, вазият Трамп тасвирлаётганчалик оддий ва ёрқин эмас. У орзуларини рўёбга чиққандек кўрсатиши билан танилган. Ўйлашимча, келишув эҳтимоли жуда-жуда оз.

Эҳтимол, Эрон ҳукумати, тўғрироғи, Эрон раҳбариятининг бир қисми Ҳўрмуз бўғози борасидаги позициясини юмшатишга – айрим кемаларни ўтказиб юборишга ва уларга ҳужум қилмасликка тайёр. Буни истисно этиб бўлмайди. Менимча, Эрон дипломатлари Вашингтонни шунга ишонтирган бўлиши мумкин.

Лекин бугунги кунда Эрон раҳбарияти мавқеини фақат дипломатлар ифода этмайди. Эрондаги ҳокимият бир нечта қарор қабул қилиш марказлари, бир нечта куч марказлари ўртасида тақсимланган. Албатта, дипломатлар нимагадир ваъда бериши, нимадир дейиши мумкин, бироқ бугун ҳал қилувчи сўз кучишлатар тузилмалар, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусида.

Биз бир амалдорнинг баёноти бошқасининг баёноти ёки ҳаракатига мос келмаган ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Масалан, президент Масъуд Пезешкиён қўшни давлатларга берилган зарбалар учун узр сўраб, бу аҳволни ҳарбий раҳбарият ўлдирилгани ва жойлардаги ҳарбийлар зарба бериш ҳақида ўзлари қарор қабул қилгани билан изоҳлаган эди. Ўша куннинг ўзида қўшни мамлакатларга зарбалар қайта бошланди. Шунинг учун бу ерда Эрон раҳбариятидаги бугунги иккига бўлинишни ҳисобга олмаслик мумкин эмас.

Би-би-си: Reuters бир неча кун аввал агар гап музокараларгача борадиган бўлса, Теҳроннинг талаблари тахминан қуйидагича бўлиши ҳақида маълумот берган эди: биринчидан, келажакда ҳужум қилмаслик кафолати. Иккинчидан, уруш давомидаги йўқотишлар учун маълум миқдорда ва ҳажмда товон пули. Учинчидан, Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни расман сақлаб қолиш. Умуман, Эроннинг бу талабларнинг ҳар бири бўйича муваффақиятга эришиш имконияти қандай?

Р.С.: Ҳа, булар анча қаттиқ, қайсидир маънода бўрттирилган талаблар. Ўйлашимча, улар барибир тўлиқ амалга ошмайди. Умуман, бу сўнгги йилларда Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги музокараларда доим муаммо бўлиб келган. Масалан, Ислом Республикаси ҳукумати янги ядровий келишувга эришилганда, Вашингтондаги ҳар бир янги маъмурият ядровий келишувдан чиқмаслигини АҚШ кафолатлаши керак, деб туриб олган эди.

Ҳозир Трамп маъмурияти билан қандайдир келишувларга эришиш мумкин. Аммо бу Вашингтондаги янги маъмурият маълум вақт ўтиб, бу шартларни қайта кўриб чиқмаслигига юз фоизлик кафолат бўлолмайди. Бунинг ўзи муаммо. Айнан шу нарса Теҳрон талабларини бажариб бўлмайдиган қилиб қўяди.

Аммо ақалли қандайдир вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш режими, деэскалация параметрлари, жумладан, Ҳўрмуз бўғозидаги вазият бўйича келишиб олиш – ўйлайманки, ҳозир бунинг иложи бор. Чунки Эрон ҳам, назаримда, айниқса, АҚШ ҳам уруш боши берк кўчага кириб қолганини, бундан бир иш чиқмаслигини тушуниб турибди.

Бу тинимсиз зарбалар алмашинуви бўлиб, ҳар икки томонга, қўшни мамлакатларга ва бутун жаҳон иқтисодиётига зарар етказмоқда. Бу эса ҳеч қандай тайинли сиёсий мақсадларга эришмасдан, фақат янада кўпроқ зарар келтиради.

Шу боис ҳар икки томон ҳам бу можародан чиқиш стратегиясини топишдан чинакамига манфаатдор. Аммо бу шунчаки вақтинчалик сулҳ бўлади ва маълум вақтдан сўнг уруш такрорланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ.

Ҳозир мамлакат ичида нималар бўлмоқда?

Импровизированный алтарь на демонстрации в поддержку иранского правительства, 22 марта 2026 года в центре Тегерана, Иран.

Сурат манбаси, Getty Images

Би-би-си: Сўнгги кунларда Эронга бориб, у ердаги барча воқеаларни ўз кўзингиз билан кўришга муваффақ бўлдингиз. Суҳбатимиз аввалида асосий таассуротингизни қисқача сўзлаб берсангиз?

Р.С.: Барча эронликлар орасида қўрқув ва саросима бор. Эронликлар жуда хилма-хил, кайфиятлар ҳам турлича, баъзан тамоман қарама-қарши. У ерда режим тарафдорлари ҳам талай, улар ҳар куни кечқурун иштиёқ билан, мутлақо самимий тарзда, портретлар кўтариб, кўзларида ёш билан майдонларга чиқишади. Улар режимни изчил қўллаб-қувватлашади.

Али Хоманаий ва бошқа юқори мансабли шахслар ўлимидан хурсанд бўладиган мухолифлар ҳам бор. Аммо ҳатто улар ҳам бу урушдан мамнун эмас. Улар бу уруш нималарга олиб келишини ва унинг якуний мақсадлари қандай эканлигини тушунмаяпти. Режим алмашинувидан хурсанд бўлишарди-ю, бироқ ҳеч қандай муқобил йўлни кўраётганлари йўқ.

АҚШ ва Исроил уларга курд сепаратизми ғоясидан бошқа бирор тайинли нарса таклиф қилмади. Шу сабабли умумий кайфият – қўрқув, ноаниқлик ва барча бу уруш тезроқ тугашини истаётгани.

Би-би-си:Эронга қандай қилиб бориб қолдингиз? Уруш шароитида бу қанчалик қийин?

Р.С.: Эронга урушдан аввалроқ бормоқчи бўлиб, виза расмийлаштирган, ҳатто самолётга чипта ҳам сотиб олган эдим. Лекин визани Теҳрон аэропортига етиб борганимда кўрсатишим кераклиги боис, уруш бошланиши билан бир савол туғилди: бу виза билан қуруқлик чегарасидан ўта оламанми? Шуни аниқлаштира бошладим.

Истанбулдаги Эрон консуллигида бўлдим. Улар менга бунинг иложи йўқлигини, Эрон ҳозир ҳеч қандай хорижий фуқарони қабул қилмаётганини айтишди. Мен Озарбайжон орқали уриниб кўришга қарор қилдим ва Бокудаги Эрон консуллиги тахминан бир соат ичида менга янги виза тайёрлаб берди. Мен автобусда Озарбайжоннинг Остора шаҳрига йўл олдим. У ерда чегарани пиёда кесиб ўтиб, Эроннинг Остора шаҳрига ўтдим. Ҳа, сўроқлар кўп бўлди, қаерга, нима учун, қандай мақсадда кетяпсиз, ўзингиз кимсиз, нима билан шуғулланасиз, деган саволлар кўп берилди. Бунгача Эронда бўлганмисиз? Қаерга, кимнинг олдига кетяпсиз?

Лекин мен мутлақо самимий ва рост жавоб бердим: ҳозир журналист сифатида боришга имконим йўқ, бироқ ҳеч бўлмаса сайёҳлик визаси билан турист сифатида бормоқчиман. Шунга қарамай, мен Эрон мавзуси билан шуғулланаман. Мамлакат ичида нималар бўлаётгани менга қизиқ. У ерда алоқам бутунлай узилиб қолган дўстларим бор ва улар билан боғланмоқчиман. Уларнинг аҳволи қандайлигини, ҳолати қанақалигини билишни истайман. Саёҳат давомида журналистик фаолият билан шуғулланишни режалаштирмагандим ва бу ҳақда ҳам гаплашиб олдик. Умуман олганда, жавобларим уларни қониқтирди.

Би-би-си: Дўстларингиз билан кўриша олдингизми?

Р.С.: Афсуски, ҳаммаси билан эмас. Теҳронга боришни жуда хоҳлагандим, лекин чегарадаёқ бу фикрдан қайтаришга уринишди. Табриз шаҳрида эса, эҳтимол, бу ишни қилмаганим маъқул, деган узил-кесил қарорга келдим.

Ниҳоят, Эрон сим-картаси орқали Теҳрондаги дўстларим билан боғландим. Хайриятки, ҳаммаси тирик, соғ-саломат. Аммо улар ҳам мени бу фикрдан қайтаришди. Табризда, автовокзалда бўлганимда, умуман бирор транспорт бор-йўқлигини суриштирдим. Менга автобуслар борлигини, улар Теҳронга ҳам қатнашини, лекин ҳаммаси ҳам етиб бормаслигини айтишди. Лекин буни синаб кўрмасликка қарор қилдим.

Теҳронга яқинлашган сари ҳужумлар шиддати анча кучли, мен энг кўп вақт ўтказган Табриздагидек эмас. У ерда назорат ҳам, албатта, анча қаттиқ. Мен бўлган ўша вилоятларда, яъни тўртта вилоятда ҳамма жойда назоратга дуч келдим. Ваҳоланки, такрор айтаман, бу ҳужумлар шиддати унчалик юқори эмас, энг катта жанговар ҳаракатлар ҳудуди эмас, лекин шунга қарамай, ҳамма ерда ялпи назорат, текширувлар.

Магистрал йўлларда текширувлар, машиналарни, юкхоналарни, ҳужжатларни текширишлар, шаҳарлар кўчаларида, айниқса, марказий қисмида кучишлатар ходимлар жуда кўп. Шаҳар бўйлаб кетаётганингизда исталган пайтда сизни тўхтатишлари мумкин.

Бунда улар формадаги одамлар бўлиши ҳам, фуқаролик кийимдагилар бўлиши ҳам мумкин, ҳужжат сўрашади. Маҳаллий аҳоли ҳам менга текширувлар кўпайиб кетганидан, ҳаммани тўхтатишаётганидан, баъзан одамларни ҳатто ҳеч қандай алоҳида суриштирувсиз сўроққа, қандайдир ҳолатларни, шахсини аниқлаштириш учун олиб кетишаётганидан жуда кўп шикоят қилишди. Мени ҳам бир марта ушлашди. Хайриятки, ҳаммаси кўчада узоқ давом этган, ёқимсиз, лекин барибир қуруқ савол-жавоб билан якунланди. Шундай, ҳа, бунга ўзим дуч келдим.

Бир танишим билан шаҳар айланиб юриб, оятуллоҳ Али Хоманаий, Мужтабо Хоманаий ва асосан ҳалок бўлган бошқа Эрон раҳбарларининг портретларини кўпроқ суратга олгим келганди. Уларнинг портретлари эса ҳамма жойда – шунчаки ҳар қадамда.

Биз расмларни олиб, майдонлардан биридан кетаётганимизда, орқамиздан Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг икки нафар ходими келиб, телефонни кўрсатишни сўради.

Жуда синчиклаб сўроқ қила бошлашди. Уларга айнан ота Хоманаий ва ўғил Хоманаийнинг портретларини суратга олганим умуман ёқмади. Улар буни қандай мақсадда қилаётганимни, бу маълумотни кимга бермоқчилигимни сўрашди. Назаримда, дастлабки 5-10 дақиқа суҳбат анча кескин кечди.

Уларнинг айтишича, уларни суратга олиш мумкин эмас, бу – Эроннинг ички иши. Мен эса, хорижлик бўлганим учун, бу маълумотни қаергадир узатишим, кимдир уни таҳлил қилиши ва ҳоказолар мумкин. Уларнинг тахминлари шунақа. Аммо ҳужжатларим жойида эди. Ғалати туюлса-да, Россия паспорти менга анча асқатди. Ўйлашимча, улар мени қўйиб юборишларида айнан шу паспорт ҳал қилувчи рол ўйнади.

Iqtibos

Авлодлар тўқнашувими?

Би-би-си: Ҳозиргача Мужтабо Хоманаий омма олдида кўринмагани ғалати туюлмаяптими? Ёки вазият шунчалик фавқулодда ва кескин бўлгани учун бу ўз-ўзидан тушунарли хавфсизлик чораси сифатида қабул қилинмоқдами?

Р.С.: Режим тарафдорлари, ҳар оқшом ҳукуматни қўллаб митингларга чиқувчилар учун бу муаммо эмас. Улар учун энг асосийси – тизим ўз барқарорлиги ва ҳатто ворисийлигини намоён этди. Мужтабо Хоманаийнинг омма олдида кўриниш бермаётгани эса, яна бир бор айтаман, улар учун умуман муаммо саналмайди. Улар унинг суратларини кўтариб чиқиб, бўлаётган воқеаларга инсоний фожиа нуқтаи назаридан қарашади. Чунки Мужтабо отасидан, бутун оиласидан айрилди. Одамлар эса кўзларида ёш, қўлларида унинг суратлари билан чиқмоқда. Айрим сиёсий масалалар эса ҳатто иккинчи даражали бўлиб қоляпти.

Режим мухолифларига келсак, улар жуда кўп. Назаримда, ҳатто кўпчиликни ташкил қилади. Улар, албатта, саволга тутишади. Мендан Мужтабонинг тақдири ҳақида, араб ОАВлари ёзганидек, у Россияда эмасми, деб сўрашди. Албатта, Мужтабонинг янги олий раҳбар бўлганининг ўзиёқ уларни мутлақо қониқтирмайди.

Менимча, Ислом Республикасининг бошқа ҳар қандай янги олий раҳбари ҳам уларга ёқмаган бўларди, чунки улар бутунлай режимга қарши. Шу билан бирга, агар мухолифлар ҳақида гапирсак, уларда бирор муқобил куч, шаклланган ва уюшган сиёсий, айниқса, қуролли куч йўқ. Шу сабабли уларнинг норозилиги, қўпол қилиб айтганда, "ошхона суҳбатлари" даражасида қолиб кетмоқда.

Шубҳасиз, Эронда авлодлар тўқнашуви бор. Катта авлод, айниқса 1979 йилги Ислом инқилобини кўрганлар, кўпинча режим тарафдорларининг ўзагини ташкил этади. Лекин бу шарт эмас, чунки янги авлод ҳам бор.

Ёш авлод эса – шу режим хизматидагилар, улар бюрократия вакиллари, кучишлатар тизимлар ходимлари. Айнан ёшларга таянадиган ўша "Басиж" сафарбарлик корпуси ҳам шулар жумласидан. Бундайлар ҳам кам эмас – юз минглаб, балки бир неча миллиондир. Бу 90–92 миллион аҳолига эга Эрон миқёсида озчилик, лекин анча фаол, ҳамон жуда фаол озчиликдир. Улар ҳамон режим таянчи бўлиб қолмоқда.

Мухолифлар ҳақида гапирсак, улар, албатта, янги авлод, яъни ҳеч қандай инқилобни, 80 йиллардаги Эрон-Ироқ урушини кўрмаган ёшлардир. Булар Ғарбга интиладиган, Ғарб фильмларини кўрадиган, Ғарб мусиқасини тинглайдиган ёшлар. Табиийки, бу ёшларга ҳеч қандай мафкура таъсир қилмайди.

Бундан ташқари, режим мухолифлари орасида кўплаб этник озчилик вакилларини – курдлар, озарбайжонлар, балужлар ва ҳоказоларни учратиш мумкин. Очиғини айтганда, уларнинг режим билан ўз ҳисоб-китоблари бор. Лекин бу чегараланиш қатъий эмас, чунки катта авлод орасида ҳам режим мухолифларини – ундан ҳафсаласи пир бўлганларни, яқинда, оммавий отишмалар бўлиб ўтган норозилик намойишларида яқинларини йўқотганларни учратиш мумкин. Шу боис ҳам режим тарафдорлари, ҳам мухолифларининг таркиби доим анча ранг-баранг.

Люди размахивают флагами во время демонстрации в поддержку иранского правительства 22 марта 2026 года в центре Тегерана, Иран.

Сурат манбаси, Getty Images

Би-би-си: Эрондаги сўнгги норозиликлар у ёки бу даражада иқтисодий вазият билан боғлиқ эди. Энди, уруш бошланган бир пайтда, бу ҳол моддий йўқотишлар мисолида қай даражада сезилмоқда?

Р.С.: Дўконлар, бозорлар ҳақида гапирсак, у ерда бирор танқислик сезилмайди. Улар ҳатто урушдан энг кам жабр кўрган ҳудудларда ҳам ишлаб турибди. Одамлар эса барибир харид қилишда давом этяпти, айниқса, Наврўз кириб келган бир пайтда: мен айнан байрам арафаси кунларида у ерда эдим, одамлар барибир тайёргарлик кўриб, қандайдир байрамона кайфият яратишга уринаётган, бир-бирлариникига меҳмонга бораётган эди.

Аммо тўловга қодирлик, харид қобилияти, албатта, кескин тушиб кетган. Қолаверса, бу урушдан олдин ҳам пасайган эди: Эрон пули қадрсизланди, охирги ярим йил ичида унинг курси деярли икки баробарга тушди. Масалан, эсимда, икки йил аввал Эронда бўлганимда бир доллар учун қарийб 600 000 риал беришарди, ҳозир эса бир долларга деярли бир ярим миллион риал беришяпти. Бундай вазиятда одамлар, табиийки, норози бўлади, уларнинг айрим товарларни сотиб олиш имконияти анча пасайган. Менга, мисол учун, кеча 20 000 риал турган бир қути сигарет бугун 90 000 риал бўлганини кўрсатишди. Ёқилғи, бензин билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Одамлар белларини маҳкамроқ боғлашига тўғри келяпти, лекин, такрор айтаман, бу ҳолат урушдан олдин ҳам бор эди.

Бундан кейин нима бўлади?

Би-би-си: Мамлакат ичкарисидаги одамларнинг ҳужум қилаётган давлатга муносабати қандай бўлиши тушунарли. Лекин, шартли равишда айтганда, ҳозир Эрондаги Америка ва Исроилга қарши кайфиятлар кескинми? Плакатлар кўтариб, қичқириқлар билан шу давлатларга алоқадор ҳамма нарсани яксон қилиш истагида оломон бўлиб кўчага чиқиш ҳолатлари учрайдими?

Р.С.: Чиқишади, "Америкага ўлим! Исроилга ўлим!" дея ҳайқирган оломон кўчаларга чиқади. Тегишли плакатлар билан, Трамп ва Нетаняҳу тасвирланган карикатуралар билан чиқишади – буларнинг ҳаммаси бор, ҳамда оммавий тус олган. Лекин бу барибир озчиликни ташкил этади. Яъни, бир неча минг, айрим шаҳарларда бир неча ўн минг киши чиқиши мумкин, лекин Эрон миқёсида бу барибир озчилик.

Аксарият одамлар эса, ишончим комил, ўзгаришларни, ислоҳотларни истайди. Улар режимга алоқадор бўлмаган одамлар, намойишларга эса кўпинча режимга қандайдир алоқаси борлар чиқади. Режимга алоқадор бўлмаганлар, тузумни қўллаб-қувватламайдиганлар эса бундай кескинликни ҳис қилмайди, "Америкага ўлим, Исроилга ўлим!" каби шиорларни айтиб қичқирмайди. Бироқ ҳатто улар ҳам АҚШ ва Исроил Эронда нимани хоҳлаётганини, нима мақсадни кўзлаётганини тушунмайди.

Бу одамлар Али Хоманаий ва бошқа юқори мартабали амалдорларнинг ўлимидан хурсанд бўлади – бу ҳақиқат. Аммо Теҳрон ва Исфаҳондаги тураржой бинолари, шифохоналар, мактаблар, тарихий саройларга зарба берилиши ҳар қандай эронликнинг ғурурига тегади. АҚШ ва Исроил курд сепаратизми ғоясини қўллаб-қувватлаётганида, Трамп уруш натижасида Эрон харитаси ўзгариши мумкинлиги ҳақида гапираётганида, ҳатто режим мухолифлари ҳам бу урушни, бу операцияни қабул қилишга тайёр эмас. Улар, такрор айтаман, ҳатто режим мухолифлари ҳам бу уруш тарафдори эмас, АҚШ ва Исроилнинг бундай шаклдаги операциясини ёқламайди.

Назаримда, бу ҳолат қандайдир бир тажовузга, АҚШ ва Исроилга қарши туриш истагига айланиб кетмайди. Ҳар ҳолда, ҳозиргача кўрганларим кўпроқ тушунмовчилик ва тўлақонли ноаниқликдан иборат.

Ўйлашимча, бу уруш тугагач, Эрон аҳолиси учун ўта мураккаб давр бошланади. Чунки ҳозир ҳаммани бирлаштириб турувчи таянч бор – бу ташқи таҳдид ҳисси. Бу ҳатто режим мухолифларига ҳам намойишларга чиқишга, режимга қарши сўзлашга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни кўтаришга имкон бермаяпти. Аммо уруш тугаб, одамлар ўзларининг қашшоқлиги ва вайронагарчиликларига қайтганларида, барча саволлар яна кўтарилади. Ишончим комилки, норозилик намойишлари яна бошланади.

Режим эса, шубҳасиз, сўнгги пайтлардагидек қаттиққўллик билан жавоб қайтаради. Буни биз 12 кунлик урушдан сўнг, қатағонлар янада кучайган, жумладан, қатл этилганлар гўёки хорижий махсус хизматларга ишлаганлик гумони билан ўлимга ҳукм қилинган пайтда ҳам кузатдик. Ўйлашимча, буларнинг барчаси ҳали олдинда. Ҳозирча бирор юмшоқ сценарий кўринмаяпти.

Сўнгги воқеалар ҳокимият алмашинуви жараёнини тезлаштирди. Агар илгари юмшоқ ўтиш, либераллаштириш вариантлари муҳокама қилинган бўлса, энди ҳокимият энг кескин йўлдан борди ва ислоҳотчилар шунчаки четга сурилди. Ҳозир қандайдир либераллаштириш, Ғарб билан яқинлашиш, давлат назоратини юмшатиш ҳақида гапиришнинг имкони йўқ. Урушдан кейин ҳам, менимча, бу тенденция сақланиб қолади.

Би-би-си: : Эрондан ташқарида, яъни минтақада нима бўлиши ҳақида гаплашайлик? Бир кун аввал "New York Times" ўз манбаларига таяниб ёзишича, Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукмдори шаҳзода Муҳаммад бин Салмон шу кунларда Трампни урушни давом эттиришга кўндиришга уринган, гўёки у қуруқликда операция ўтказиш зарурлигини таъкидлаган. Саудия Арабистони буни расман рад этиб, мамлакат фақат тинчлик йўли тарафдори эканини билдирмоқда. Ҳақиқатан ҳам минтақада Эрон билан доимий қарама-қаршилик сақланиб қоладими?

Р.С.: У ёки бу даражада Эрон билан қарама-қаршилик доим сезилиб келган: 1979-йилги Ислом инқилобидан кейинги ўн йилликлар давомида, Теҳронда ислом инқилобини экспорт қилиш сиёсати бошлангач, қўшни давлатлар, албатта, Эронга ҳамиша таҳдид сифатида қараган. Лекин таҳдидни ҳис қилиш бошқа, Эрон ичида қандайдир шиорларни илгари суриш бошқа ва уларни амалга ошириш бутунлай бошқа нарса.

Шундай бўлса-да, Ислом Республикаси ўз тарихи давомида бу мамлакатларга нисбатан ҳозирги урушни ҳисобга олмаганда, ҳеч қандай тажовузкор ҳаракат қилмаган. Ҳозирги уруш эса [Эрон мантиғига кўра] шундай изоҳланадики, Эрон бу уруш географиясини кенгайтиришга ҳамда Форс кўрфазидаги араб монархияларига уларнинг хавфсиз эмаслигини, уларнинг хавфсизлик кафили бўлган АҚШ ўз мажбуриятларини бажармаётганини, ишончсиз ҳамкор, ишончсиз иттифоқчи эканлигини кўрсатишга мажбур бўлмоқда.

Бу араб монархиялари ўзини Эрон қучоғига отиб, уни хавфсизлик кафолати деб билишини англатмайди. Йўқ, назаримда, бутун хавфсизлик архитектураси қайта кўриб чиқилади. Бу, такрор айтаман, ушбу хавфсизликнинг кафолати бўлган АҚШга ҳам, айрим давлатлар дипломатик алоқаларни ўрнатиш бўйича келишувлар имзолаган ёки Саудия Арабистони каби яқин орада шундай қилишни режалаштирган Исроилга ҳам тегишли. Эрон билан муносабатлар ҳам, албатта, қайта кўриб чиқилади, бироқ соф географик нуқтаи назардан Эрондан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди.

Шу сабабли, ўйлайманки, араб монархиялари, албатта, Теҳрондаги режимнинг заифлашишига қарши эмас, лекин унинг қулашидан сира манфаатдор ҳам эмас. Чунки ундан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Режим қулаган тақдирда, Эроннинг янги Ливияга, янги Сурияга – зўравонлик манбасига, улкан қочқинлар оқимига ва ҳоказоларга айланиш хавфи бор. Эроннинг қўшнилари эса бундан манфаатдор эмаслиги аниқ.