Россия Эрон урушидан фойда кўрмоқдами? Трамп нега яна Зеленскийни танқид қилди?

Сурат манбаси, EPA
Украина Президенти Володимир Зеленскийга кўра, Россия Яқин Шарқдаги урушдан фойдаланиб Украинада «янада каттароқ вайронгарчилик» чиқаришга уринмоқда.
Унинг айтишича, бошқа жойларда нима бўлаётганидан қатъий назар, Украина ракеталардан ҳимоя қилувчи тизимларга муҳтож.
Ҳозирда кўплаб ҳаво мудофааси тизимлари АҚШ-Исроилнинг Эрон билан урушига жалб қилинган.
Киевга кўра, Якшанбага ўтар кечаси Россия армияси Украинага турли хил учувчисиз қурилмалар билан 97 та ҳужум уюштирган, уларнинг тахминан 70 таси уриб туширилган.
Ҳаво кучлари Россиянинг "Шаҳед" каби дронлар билан ҳужумлари давом этаётганини айтмоқда.
Шанба куни кундузи Россия ҳарбийлари Запорижя шаҳрига тўртта бошқариладиган авиабомба билан зарба берди. Натижада 19 киши жабрланган, бир эркак ҳалок бўлган, деб хабар берди вилоят маъмурияти.

Сурат манбаси, Иван Фёдоров/Telegram
Ҳокимликка кўра, 12 та кўп қаватли уй ва 12 та хусусий уй, инфратузилма объекти ҳамда автомобиллар зарар кўрган. Вайроналар орасидан икки киши қутқариб олинган.
Хабарда айтилишича, жабрланганлар орасида уч нафар бола ҳам бор.
Айни дамда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, шанба куни соат 21:00 дан якшанба куни соат 07:00 гача Россия ҳаво мудофаа кучлари 170 та Украина дронини "тутган ва йўқ қилган".
Россия ҳарбий идораси маълумотига кўра, 20 та дрон Москва томон учиб келаётган бўлган. Кун давомида ва кечқурун шаҳар ҳокими Сергей Собянин пойтахтга яқинлашган пайтда 65 та учувчисиз қурилма уриб туширилгани ҳақида хабар берган.
Волгоград губернатори ҳам якшанбага ўтар кечаси Украина дрони кўп қаватли турар-жой биносига урилганини маълум қилди.
Zelenskiy bilan kelishish qiyinroq. Zelenskiyga ayting, Putin bilan kelishuvga rozi bo'lsin, chunki Putin buni istayapti.
"Кундалик зарурат"
Зеленский ўз мурожаатида айтишича, ҳаво мудофааси тизимлари Украина учун «кундалик зарурат». У Киевнинг шерикларидан бу қурилмаларни тезроқ етказиб беришни илтимос қилди.
АҚШга иттифоқчи Кўрфаз давлатлари ўзларини Эроннинг дрон ва ракета ҳужумларидан ҳимоя қилишга уринар экан, Зеленский бу Украинани қийин аҳволда қолдираётганини айтиб огоҳлантирди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Шу билан бирга, Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини тўсиши оқибатида келиб чиққан нефть инқирози ҳам Россияга қўл келмоқда. Украинага кўра, бу Россиянинг уруш қобилиятини янада мустаҳкамлайди.
Нефть нархи жаҳон бозорларида бир баррел учун 100 долларга чиқиши ортидан, Трамп маъмурияти нархларни жиловлаш учун Россия нефтига қўйилган санкцияларни вақтинча бекор қилди.
Москва буни ҳуш қарши олган бўлса, Зеленский ва қатор Европа лидерлари бу қарорни танқид қилишди.
Россия ва Украина ўртасида тўрт йилки давом этаётган урушни тугатиш йўлидаги АҚШ музокаралари Эрон билан уруш туфайли издан чиққан.
«Зеленский билан келишиш қийинроқ»
Шанба куни NBC News телеканалига берган интервюсида Доналд Трамп яна бир бор Зеленскийни танқид қилди. У Украина раҳбари билан келишувга эришиш Путин билан келишишдан кўра анча қийин эканини айтди.

Сурат манбаси, Reuters
Трамп журналистларнинг бир нечта Европа етакчилари томонидан қилинган танқидлари ҳақидаги саволига жавоб бераётган эди. Улар Россия нефтига қарши санкцияларни вақтинча тўхтатиш қарорининг тўғрилигига шубҳа билдирганлар.
АҚШ энергия нархларини пасайтириш мақсадида танкерларда аллақачон юкланган Россия нефтини сотишга рухсат берганини айтган.
Оқ уй раҳбари у "фақат дунёга нефт беришни" хоҳлаётганини айтди.
"Менга нефт керак", — деди у ва қўшимча қилди: санкциялар "инқироз тугагандан кейин дарҳол қайта тикланади".
Шундан кейин у Украина президентини танқид қилишни давом эттирди:
"Мен Зеленский келишувга боришни истамаётганидан ҳайронман. Зеленскийга айтинг, келишувга рози бўлсин, чунки Путин буни истаяпти."
Россия эса ҳамон Украина қўшинларини Донбасс ҳудудининг барча қисмларидан олиб чиқишни талаб қилмоқда. Украина бу талабни қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблайди.





























